Линклар

Ўш қирғинида зарар кўрганларга қўшимча уйлар қурилади


Келажакда Ўшда фақат кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Келажакда Ўшда фақат кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Ўшда июн қирғинида ёндириб юборилган уйлар ўрнига барпо этиладиган қўшимча турар-жой бинолари қуришнинг қачон бошланиши ҳозирча аниқ эмас, лекин бу уйлар йил охиригача қуриб битказилиши бор гап¸ деди Озодлик гаплашган ҳукумат ва халқаро ташкилотлар вакиллари.

Ўшлик Аваз аканинг айтишича, Ўшнинг айрим ҳудудларида қурилиш ишларининг дастлабки босқичи, яъни ўлчаш ва ҳисоблаш бошлаб юборилган.

-Увом бўйидаги уйларни ўлчаб, ҳисоблаб чиқиб кетишибди, 70 квадратдан уй қуриб берамиз деб. Бироқ ҳали бу иш бизнинг маҳалламизда бошлангани йўқ. Увом бўйидагиларга “уйларингизни қуриб, ҳовлингизни асфалтлаб ҳам берамиз”, дейишибди, -дейди Аваз ака.

Ўшлик Мираҳмад эса Озодлик мухбири боғланган пайтда халқаро ташкилотлардан бирига уй қурилиши ишлари қачон бошланишини суриштириш учун борган экан.

- Улардан “қурилиш қачон бошланади”, деб сўрасам, “Ҳозирча донорлар пул ўтказгани йўқ. Пул ўтиши билан қурилиш ишларини бошлаб юборамиз”, деб айтишди, -дейди Мираҳмад.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, июн қирғинида уйи куйган аҳолига жорий йилда 100 квадрат метргача бўлган турар –жой қуриб берилар экан.

Ўшда ёнган уйларни қайта қуриш билан шуғулланаётган АКТЕД халқаро ташкилотининг ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган расмийси эса донорлар ўз вақтида қурилиш ишлари учун маблағ ажратишини, бироқ бинокорлик ишларини бошлаш учун Ўшни қайта қуриш дирекцияси мутахассислари хулосаси кутилаётганини айтди:

- Бу йилги қурилиш лойиҳалари халқаро ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Ҳозир биз Ўшни қайта қуриш давлат дирекциясидан жавоб кутаяпмиз. Чунки улар бизга қайси жойда қанча уй ва қанча квадрат метр қурилиши кераклиги тўғрисидаги маълумотни бериши керак. Мана шу маълумотлар бизга берилгач, Худо хохласа, ишни бошлаймиз, -деди халқаро ташкилот вакили.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўшни қайта қуриш дирекцияси қирғиз парламенти ва Ўш шаҳар мэрияси босими остида қолган эди. Парламентдаги миллатчи гуруҳлар, жумладан, парламент спикери Акматбек Келдибеков дирекцияни фақат ўзбекларга уй қуриб бераётганликда айблаган эди. Ўш шаҳар мэрияси эса дирекция шаҳар бош планига зид равишда қурилиш ишларини олиб бораётганини, ёнган уйлар ўрнига қурилган ҳар битта янги уйнинг қонуний қурилгани текширилишини билдирган.

Ўшни қайта қуриш дирекцияси расмийси Мелис Эржигитовнинг Озодлик радиосига билдиришича, айни пайтда парламент ва шаҳар мэрияси билан бўлган зиддиятлар бартараф этилган. Дирекция ўз фаолиятида мазкур тузилмаларнинг босимини ҳис этмаяпти.

Мелис Эржигитов, шу билан бир қаторда кунлар илиши билан қурилиш ишлари бошланишини, аммо бу жараён қачон бошланиши аниқ эмаслигини айтди:

- Қурилиш муддатлари ҳақида аниқ гап айтиш ҳозирча жуда қийин. Аммо битта нарса аниқ: ёндирилган уйлар ўрнига 100 квадрат метргача бўлган уйлар албатта қуриб берилади,- деди Мелис Эржигитов.

Суҳбатдошимиздан “Ўш шаҳар мэрияси билан янги уйларни қуриш борасида тил топиша олдингларми?”, деб сўрадик. Чунки шаҳар мэрияси ўтиш даври уйларининг бир қисми ноқонуний қурилганини иддао қилиб, уларни бузиб ташлаш билан дағдаға қилган эди. Расмийнинг жавоби мана бундай бўлди:

- Ўшда тўртта квартал тектоник ёриқ ҳудудда жойлашган. Бу ҳудудда бош планга асосан аҳолининг яшаши назарда тутилмаган. Мазкур бош план ҳукумат томонидан тасдиқланса, шаҳарни қайта қуриш бошланади. Лекин бу тектоник ёриқ ҳудудидаги янги қурилган уйлар дарров бузилади, дегани эмас. Чунки бош планни амалга ошириш учун камида 15-20 йиллик тайёргарлик жараёни керак бўлади. Шунинг учун бу ҳудудларда уйи ёндирилган аҳолига ҳам режаланганидек 100 квадрат метргача бўлган уйларни қуриб бераверамиз,-деди Мелис Эржигитов.

Ўшликларни қизиқтираётган яна бир саволни АКТЕД халқаро ташкилотининг ўз исмини ошкор қилишни истамаган расмийсига бердик. Масалан, Ўш қирғинигача бир одамнинг уйи 100 квадрат метрдан ортиқ бўлган бўлса, унга ўша эски уйи ҳажми бўйича янги уй қуриб бериладими?

- Масалан, баъзи одамларнинг уйлар 2 қаватли бўлган. Унинг уйи 150 квадрат метр бўлган бўлиши мумкин. Бироқ биз ҳозир 2 қаватли уйни қуриб бера олмаймиз. Биз ҳукуматнинг талабларига биноан уй қурамиз. Ҳукумат қонунларида зарар етган уй ҳажмининг 100 квадрат метригача бўлган қисми давлат томонидан қуриб берилиши шартлиги айтилган.

Озодлик: Демак 100 квадрат метрдан ошган ҳажмни қуриб бермайсизлар ва бу ўша уй эгасининг шахсий иши бўлиб қоладими?

-Мен бу борада аниқ бир нарса дея олмайман. Чунки бу масала шу кунгача кўтарилган эмас. Биз қонунларга асосан 100 квадрат метргача бўлган ҳажмни қайта тиклаб беришга келишганмиз,-деди Ўшдаги АКТЕД халқаро ташклоти расмийси.

2010 йилда Ўшда содир этилган июн қирғинидан сўнг халқаро ташкилотлар Ўшни қайта тиклаш давлат дирекцияси мувофиқлаштирувида уйсиз қолган аҳолига ҳажми 25 квадрат метрдан иборат бўлган 2 хонали ўтиш даври уйларини қуриб берган эди.

Ўшанда 2011 йилда бу уйларга қўшимча равишда яна 75 квадрат метрли 3 хонали уйлар қурилиши маълум қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG