Линклар

"Ҳўкиз йўқолишидан олдин бормиди?"

  • Абдулла Искандар

Сурхонлик Тойир ака¸ Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари ходимларини "камбағалнинг ўғрилардан қолган моли"ни ўғирлаëтганликда айблайди.

Сурхонлик Тойир ака¸ Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари ходимларини "камбағалнинг ўғрилардан қолган моли"ни ўғирлаëтганликда айблайди.

Сурхоннинг Сариосиëсидан сим қоққан Тойир Қаландаровнинг¸ бир йил аввал ўғирланган зотдор ҳўкизини топиш илинжидаги уринишлари қиссаси Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур "Ўғри" ҳикоясидаги ўғрини қароқчи уриш воқеасининг ойнадаги аксидек кўринади.

Михаил Горбачëв мансабпараст эмас эди, у бизга ҳақиқий эрк берди,

дейди Фарғонадан туриб Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришига муносабат билдирган суҳбатдош.

- Абдуллажон, мен сизнинг "Қурултой"ингизни эшитдим кеча. Михаил Сергеевич Горбачëвнинг 80 йиллиги муносабати билан. Яхши фикрларни айтди Муҳаммад Солиҳ, Ойбек домланинг ўғиллари. Мен ҳам ўз фикримни айтмоқчи эдим. Агар Горбачëв ўзидан олдинги лидерларга ўхшаб манфаатпараст бўлганида, 15та давлатнинг ҳеч қайсиниси ажралиб чиқа олмас эди. Бу одам ўзининг қайта қуришини изчиллик билан давом эттирди. У одамларга ҳақиқий эрк берди. Шуни айтмоқчи эдим¸ бу одамни 80 йиллиги билан табриклаб.

Мен Фарғонадан телефон қилаяпман. Менинг исмим Маллабоев Исмоил. Араб давлатларига ҳавас қилиб қачон бизда ҳам бўларкан¸ деган нима кетаяпти. Ахир буни бириктирадиган, кўкрагини қалқон қилиб чиқадиган йигитлар қолмаган бўлса, Мўътабар Тожибоева, Муҳаммад Солиҳга ўхшаганлар юртдан бадарға қилинган бўлса, ким бор? Қолганлари давлатдан мояна олишиб, давлатнинг дўмбирасига ўйнайдиганлар. Келажаги буюк деймизу, лекин ҳозир халқ ҳеч нарсага ишонмайди. Шуни ëдларингда тутинглар. Кўраяпсиз телевизорда ҳаëт бошқа, ҳақиқий реал ҳаëт бошқа. Тўғри Каримовни танқид қилишиб, унақа, бунақа дейишаятпи. Ҳеч нарсага ишонч йўқ, дейди фарғоналик Исмоил ака.


Ҳўкизимни ўғирлашди¸

дейди Сурхондарëдан қўнғироқ қилган Тойир Қаландаров.

- Икки йил олдин мол йўқотган эдим. Ўғрилар ўғрилаб кетишди. Ҳўкиз эди. 1 миллионлик ҳўкиз эди. На милицияси, на прокуратураси бирор дарагини топиб бера олмаяпти. У ўғриларни яқинда ушлади. Олтита мол ўғирлади олти кишининг уйидан. Шуни бўйнига қўя олмаяпти. Порахўрлик билан шунақа нима қилиб юрибди. Нима қилиш керак?

Мен сизлардан ëрдам сўрамоқчи эдим. Мен Сурхондарë вилояти, Денов туманиданман. Исмим Тойир Қаландаров. Сизлардан илтимос, шунинг бир йўлини қилинглар ака. Началник милицияга борган эдим. Порахўрлик билан ҳаммаси қамалиб кетган эди. Бу учинчиси экан началник милициянинг. Булар “Эскирган, кўрмаймиз” деяпти. Денов районидаги милициялар ҳаммаси порахўрликда ўғрилар билан ишлаб юрибди. У ëққа бор, бу ëққа бор қилиб мени сарсон-саргардон қилиб икки йилдан бери ахмоқ қилиб юрибди. Бу ўғри тўдалар катта. Сариосиë районидан экан булар. Орган ўша ўғриларни топиши керакку. Булар олтинчи молни ўғрилаб яқинда қўлга тушди. Милициялар булар билан ҳамтовоқлик қилаяпти, дейди деновлик Тойир ака.

Жабрдийданинг гаплари Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясини эслатди. Ҳикояда ҳўкизини йўқотган Қобил бобо уни топиб беришга ваъда берган мулозимларга ҳўкиз қийматидан кўпроқ пора беради. Тойир ака ҳам ҳўкизи йўқолганидан бери анча чиқим қилганидан нолиди.


Америкада чироқ ўчмас экан!

Куни кеча Америкага меҳмон бўлиб келган чироқчилик отахонни кўп қаватли уйлар эмас¸ балки ҳеч ўчмайдиган чироқлар ҳайратга солди.

- Ассалому алайкум азиз ватандошлар. Биз бугун куëвимиз Баҳодиржоннинг олдига келган эдик Америкага. Америкага келиб куëвимиз билан саëҳатда юрибмиз. Беш-олтита штатларга бордик. Жуда ҳам хурсанд бўлдим. Ҳамма жойи яхши. Бу ерлар ажойиб¸ Худо берган жой экан. Қашқадарëнинг Чироқчи районидан бўламан. Бизларда нимагадир свет бўлмайди. Кечқурун ҳамма чой ичаман¸ деган пайтда соат 5ларда ўчиб соат 12гача бўлмайди. Шунга жуда ҳайрон қоламанда. Америкада круглосутка бирор жойида свет ўчмайди. Ҳамма ер ëруғ. Одам светни кўриб ҳайратда қолади. Америка бир тараққиëтга етган нарса эканда. Бу ерда одам ота-онадан бошқатдан туғилгандай бўлар эканда. Ҳеч тасаввур қилиб бўлмайди, дейди Америкага меҳмон бўлиб келган чироқчилик отахон.

Америка чироқларига нафақат чироқчилик отахон¸ балки бундан 100 йил олдин зимистон Лондондан келиб киночига айланган Чарли Чаплин ҳам ҳайрон қолган эди. Чарли Чаплин пировардида "Катта шаҳар чироқлари" деган филмни ҳам суратга олди.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG