Линклар

logo-print

Тошкентдаги яна бир турк дўкони эшигига қулф солинди


"Turkuaz" нинг Тошкент собиқ ГУМида жойлашган асосий дўконлар тармоғи ëпилди.

"Turkuaz" нинг Тошкент собиқ ГУМида жойлашган асосий дўконлар тармоғи ëпилди.

Тошкентда сўнгги олти ой ичида иккинчи турк супермаркети ёпилди. Пойтахтнинг Чорсу бозори яқинидаги "Turkuaz" супермаркети эшикларига 2 март куни қулф солинди, дўконнинг айрим ходимлари ҳибсга олинди. Бундан аввал Ўзбекистон пойтахтидаги машҳур "Мир Store" тармоғидаги турк дўконлари ëпилган эди.

Гувоҳларга кўра, 2 март куни қора ниқобли ОМОН ходимлари супермаркет атрофини ўраб олиб, магазиннинг ўнлаб ходимини милиция машиналарига ўтқазиб олиб кетган.

"Turkuaz" ходимларига ишга чиқмаслик айтилган.

Озодлик билан суҳбатда супермаркет ëпилишига гувоҳ бўлганлар олиб кетилганлар орасида турк қиёфасидаги одамлар ҳам бўлганини айтишди. "Дўкон атрофлари бугун ҳам кучли қўриқланмоқда", - деб билдирди тошкентликлардан бири.

Дўконнинг бу қадар тезликда ёпилиши сабаблари ҳақида ҳозирча расмий билдириш бўлмади.

"Turkuaz" супермаркетига қўнғироқ қилганимизда эрталабдан телефонни ҳеч ким кўтармади.

Эски ГУМ биносида жойлашган "Turkuaz" супермаркети 40 минг хил озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор ва электрон моллари билан савдо қилиб келган.

"Turkuaz"нинг Тошкентнинг Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган¸ қолаверса Самарқанддаги шўъба дўконлари ҳозирча ёпилмаган.

4.5 миллион долларлик хориж сармоясига очилган "Turkuaz" Ўзбекистонда 500дан ортиқ одамни иш билан таъминлаб келган.

"Turkuaz" Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери муваффақиятли фаолият юритиб келган "Демир" ва "Мир Store" савдо тармоқлари муаммоларга юз тутиши ортидан бекитилмоқда.

Туркиянинг Ўзбекистондаги йирик сармоядорлардир бири ҳисобланган "Демир" раҳбарларидан бири ўтган йил куз ойларида ҳибсга олингани ва ширкат фаолияти устидан текширувлар бораётгани билдирилганди.

Норасмий маълумотларга кўра, солиқ инспекцияси ва бошқа давлат идораларининг вакиллари текширув давомида савдо марказининг ишида бир талай камчиликларни аниқлаганлар.

Йил бошида эса Тошкентда турк ширкати иштирокида очилган Улуғбек номидаги халқаро мактаб бюрократик тўсиқлар боис фаолиятини тўхтатганини билдирди.

Шунингдек мактаб маъмурияти Ўзбекистондаги террорга қарши курашувчи ташкилотлар босимлари ҳақда ҳам даъво қилган.

Ўзбекистондаги турк ширкатларининг ёпилиши ортида сиёсий сабаблар ҳам борлиги¸ хусусан уларнинг мамлакатда ноқонуний деб эълон қилинган "нурчилик" ҳаракати билан боғлиқ деган гумонлар бор.

Тошкентдаги Туркия элчихонаси турк ишбилармонларини Ўзбекистонга келиб бизнес бошлашдан олдин бу мамлакатда ёзилган ва ёзилмаган қонунлар билан яхши танишиб чиқишни маслаҳат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG