Линклар

Oxus Gold ширкати Ўзбекистонни судга бермоқчи


Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати инжиқликларини кўтариб келган Oxus Gold ширкати сабр косаси тўлган кўринади.

Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати инжиқликларини кўтариб келган Oxus Gold ширкати сабр косаси тўлган кўринади.

Британияга қарашли ширкатининг ўзбек ҳамкорларини халқаро арбитраж судига бериш қарорига Тошкент ҳукуматининг “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасидаги Oxus Gold ширкатига тегишли 50 фоизлик улушини тортиб олиш нияти сабаб бўлди. Oxus Gold Ўзбекистонда биринчи марта муаммоларга дуч келаётгани йўқ.


Ўтган ойда Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукумати билан тузилган “Amantaytau Goldfields” (AGF) қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини ўзбек ҳамкорларига сотиш қарорни эълон қилган эди.

Бироқ қўшма корхонанинг қолган 50 фоизига эгалик қиладиган Ўзбекистон ҳукумати улушларини тортиб олиш ниятида эканини пайқаган Oxus Gold ширкати “Amsterdam & Peroff LLP” адвокатлик фирмасини ёллаб, ўзбек ҳамкорлари билан халқаро арбитраж судида орани очиқ қилиш йўлини танлади.

“Улушимизни сотиш ҳақида эълон қилганимиздан кейин Ўзбекистон молия вазирлиги тайинлаган аудит комиссияси томонидан “Amantaytau Goldfields” корхонасининг молиявий ва иқтисодий фаолиятига доир кенгқамровли аудит текширувлари бошланди”, дейилади Британия ширкати тарқатган баёнотда.

Унда айтилишича, расмий комиссия қўллаётган усуллардан аудит холис ниятда эмас, балки “Amantaytau Goldfields” корхонасини йўқ қилишга қаратилгани яққол кўриниб турибди.

Ўзбекистонда 1998 йилдан бери олтин қазиш ишлари билан шуғулланиб келадиган Oxus Gold ширкати бу мамлакатда биринчи марта муаммоларга дуч келаётгани йўқ.

Хусусан, 2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ва мамлакатда олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келган яна бир ҳорижий ширкат – АҚШнинг Newmont Mining ширкатларини солиқдан бўйин товлаганлик айби билан судга берган эди.

Ўшанда Newmont Mining Ўзбекистон ғазнасига 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқни тўламагани ваъжидан ширкатнинг “Зарафшон-Нюьмонт” қўшма кохонасидаги улуши тортиб олинган эди.

Бироқ америкаликлардан фарқли ўлароқ, Oxus Gold ширкати президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб бериш эвазига Ўзбекистон судида ғолиб чиққан эди.

Ўшандан кейин собиқ Зеромакснинг директори Миродил Жалолов ҳатто Oxus Gold бошқарувчилар кенгаши аъзолигига қабул қилинган эди.
Ўтган ойда ширкат Жалолов кенгаш аъзолигидан истеъфо берганини эълон қилди.

Миродил Жалоловнинг ҳозирда Ўзбекистон расмийлари томонидан ҳибсга олингани айтилади.

Британиянинг Oxus Gold ширкати олтин қазиш ишлари билан Ўзбекистоннинг Марказий Қизилқум конларидагина шуғулланиб келган ва бошқа мамлакатларда лойиҳалари йўқ.

2010 йилда “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси қазиб олган олтин миқдори 300 минг унция, яъни 9 тоннадан ортиқроқни ташкил этган.

Ўтган йили Oxus Gold ширкати “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси қазиб олаётган олтин миқдорини кўпайтириш мақсадида 185 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Хитой сармоясини Ўзбекистонга олиб кириш режаларини эълон қилган эди.

Британия ширкати хитойлик саромядорларни кўндириш учун анча ҳаракат қилди ва ўтган йилнинг ёзида муайян натижаларга ҳам эришган эди.

Oxus Gold ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутасаддиси Эд Портман ўтган йилнинг ноябрида Озодликкка бу ҳақда буларни айтган эди.

- Хитой Сармоядорлар консорциуми билан йил бошгида келишувга эришилганида Ўзбекистон томони бу масалани кўриб чиқиши лозимлигини айтган эди. Лекин жорий йил июн ойида Ўзбекистон ҳукумати бунга розилигини берди, шунинг учун ҳозир гап фақат хитойликларнинг розилиги ҳақида бормоқда.

Oxus Gold “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси ўзлаштирадиган майдонлардаги олтин заҳираларининг умумий миқдорини ҳозирги 2,4 миллион унциядан (74,65 тонна) 7 миллион унцияга (217,73 тонна) кўпайтириш ниятида. Хитой сармояси, жумладан янги конларни разведка қилиш ишларига йўналтирилади, деган эди Oxus Gold сўзчиси Эд Портман.

Oxus Gold ширкатининг Тошкент ҳукумати билан судлашиши Хитой сармоядорлар консорциумининг Ўзбекистонга сармоя олиб кириш қарорига қандай таъсир қилишини ҳозирча айтиш қийин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG