Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:22

Обама "Қаддафий кетиши шарт!" демоқда


АҚШ президенти Барак Обама Ливия етакчиси "Муаммар Қаддафий ўз легитимлигини йўқотди ва ҳокимиятдан кетиши шарт", дея баён қилди.

- Биз "зўравонлик тўхташи шарт, Муаммар Қаддафий легитимлигини йўқотди ва кетиши керак", деган аниқ муждани юборишда давом этамиз. Ливия халқига нисбатан зўравонликларни амалга ошираётганлар жавобгарликка тортилади. Ливия халқининг озодлик, демократия ва ўз қадр-қимматларининг ҳурмат қилинишига оид хоҳиш-истаклари бажарилиши шарт, деди Обама Оқ уйда қилган чиқишида.

Унинг бу баёноти Ливияда қонли исён бошланганидан бери Ғарб етакчилари томонидан қилинган энг кескин баёнот бўлди.

Пайшанба куни Ҳаагадаги Халқаро жиноятлар суди Қаддафий ва унга яқин шахслар, жумладан унинг ўғиллари инсониятга қарши жиноятлар содир этганига оид гумонлар юзасидан тергов ўтказишини эълон қилди.

Ҳаага трибунали прокурори Луис Морено-Окампо Қаддафийга содиқ кучлар Ливиядаги бир нечта шаҳарда тинч намойишчиларга қарши ҳужумлар уюштирди, дея баён қилди.

“Ливиядаги жиноятлар жазосиз қолмайди”, дея ваъда қилди Ҳааага прокурори.

Кеча Қаддафийга содиқ кучлар Ливия шарқида исёнчилар назоратида қолаётган ҳудудларни ҳаводан ўққа тутди.
XS
SM
MD
LG