Линклар

АҚШ ҳукумати ноқонуний қурол савдосида айблаётган собиқ рус ҳарбий зобити Виктор Бут Нью Йоркда Федерал судга олиб келинди.

Бўлиб ўтган қисқа эшитув давомида террорчиларга қурол сотганликда гумон қилинаётган Бутнинг янги адвокати Алберт Даян судья Шира Шайндлиндан ўз мижозига яхшироқ шароитлар яратиб берилишини сўради.

Бут Манҳэттандаги қаттиқ қўриқланадиган терговолди ҳибсхонасида сақланмоқда. Айтилишича, унинг ўз оиласи ва Россия консуллиги вакиллари билан учрашиш имконлари чекланган.

2008 йилда Таиландда АҚШ махфий агентлари томонидан ўтказилган операция натижасида ҳибсга олинган Бут ўтган йилнинг ноябрида Америкага экстрадиция қилинди.

Россия унинг экстрадиция қилинишининг олдини олишга ҳаракат қилди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмади.

Бут АҚШ томонидан террорчи ташкилотлар рўхатига киритилган Колумбия инқилоб қуролли кучлари ташкилотига қурол сотганлик ва АҚШ фуқароларини ўлдириш фитнасига алоқадорликда айбланмоқда.
У бу айбловларни рад этиб, қонуний авиаташувлар билан шуғулланганни таъкидламоқда.

Қўйилаëтган айблар ўз тасдиғини топса¸ Бут 25 йилдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG