Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

ЕХҲТ раиси:"Ўшдан жиддий хавотирлар билан қайтдим"


ЕХҲТ раиси Ажубалис қирғиз ҳукуматини этник озчилик билан мунтазам мулоқотга чақирди.
ЕХҲТ раиси Ажубалис қирғиз ҳукуматини этник озчилик билан мунтазам мулоқотга чақирди.

Ўш ва Бишкекка сафар қилган ЕХҲТ раиси Аудронюс Ажубалис Қирғизистонда миллатлараро муносабатларнинг янада мураккаблашиб кетиши хавфи борлигидан хавотир билдирди. У қирғиз ҳукуматини миллий озчилик вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.


3 март куни кечга яқин ўтказилган матбуот анжуманида Ажубалис Ўшда миллий озчиликни ташкил этувчи миллатлар ҳуқуқлари поймол қилинаётганини, қирғиз ҳукумати бу кўринишнинг олдини олиш учун кескин чора-тадбирлар кўриши лозимлигини таъкидлади.

ЕХҲТ раиси, Литва Ташқи ишлар вазири Аудронюс Ажубалис июн қирғинидан сўнг Ўшда миллатлараро ўзаро ишонч ҳали ҳам қолипланмаганини айтди. Унинг фикрича, Ўшда миллий озчилик ҳуқуқларининг поймол этилаётгани бу ҳудудда хавфли вазият сақланиб қолаётгани белгисидир.

- Мен Ўшдан муайян, ҳатто жиддий дейишим мумкин бўлган хавотирлар билан қайтдим. У ердаги ижтимоий, сиёсий вазият кутилмаганда ўзгариб кетиши мумкин. Мени, айниқса, дискриминация, қувғин ва тазйиқ қилиш, инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши ташвишлантираяпти. Мен бу маълумотларни миллий озчилик вакиллари билан учрашувим чоғида олдим. Бу маълумотларни мен ҳукумат раҳбарларига етказдим, -деди Ажубалис.

ЕХҲТ раиси Ўшдаги вазиятни барқарорлаштириш, миллатлараро ишончни қайта пайдо қилиш учун қирғиз ҳукумати жуда қатъий ва кенг қамровли тадбирларни ишлаб чиқиши зарурлигини таъкидлади.

Ажубалис бу борада Қирғизистон ҳукуматига бир қатор таклифларни киритганини ҳам айтиб ўтди.

- Қирғизистон ҳукумати миллий гуруҳлар билан мунтазам равишда мулоқотда бўлиши ва миллий озчилик муаммоларига жиддий эътибор қаратиши зарур. Бу ташаббус ҳукумат ва парламентдан чиқиши керак. Ҳукумат қуруқ сўз билангина чекланмасдан, амалий ишларга ўтиши шарт. Халқ амалий ҳаракатларни кутаяпти, -деди Ажубалис.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати ЕХҲТ раисининг Ўшда миллий озчилик вакиллари ҳуқуқлари қўпол бузилаётгани юзасидан берган маълумотларини ва бу мавзу юзасидан киритган таклифларини қабул қиладими?

Ажубалиснинг айтишича, Қирғизистон Бош вазири Алмаз Атамбаев тақдим этилган маълумотлар ва таклифларни тушуниш билан қабул олган ҳамда миллий озчилик ҳуқуқлари мамлакат жанубида қўпол тарзда бузилаётганини инкор этмаган.

Айтиб ўтиш жоизки, бундан аввал ҳам Бош вазир ва президент мазкур муаммо мавжудлигини расман тан олишган, ўз оммавий чиқишларида ҳам бир неча бор бу ҳақда гапиришган эди.

Ўш воқеаларини ўрганган Қирғизистон миллий комиссияси аъзоси, Қирғизистон маҳаллий ўз-ўзини бошқариш миллий агентлиги раиси Бахтиёр Фаттоҳов ҳам бир неча ой аввал ҳукумат олдига мазкур масалаларни қўйганлигини айтди:

- Жуда кўп одамлар кучишлатар тузилмаларидаги бир ёқламаликка, ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга норозилик билдирмоқда. Мен мана шу аризаларнинг ҳаммаси текширилсин, чоралар кўрилсин, деб талаб қилаяпман. Чунки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳукуматнинг мажбуриятидир,- дейди Бахтиёр Фаттохов.

Бироқ ҳукумат расмийларининг, жумладан, президент ва Бош вазирнинг миллий озчилик ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги эътирофлари қуруқ гап тарзида қолиб кетмоқда. Ўшда эса ўзбеклар ҳуқуқлари вазияти ўзгармасдан қолаётир.

Айни пайтда президент маъмурияти томонидан Миллий тараққиёт концепцияси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинган. Бироқ Қирғизистондаги этник озчилик вакилларининг кўпчилиги бу лойиҳа ҳам қоғозда қолиб кетади, ҳукумат уни ҳаётга тадбиқ этиш учун жиддий ҳаракат қилмайди, деб ҳисоблайди.

- Миллатчилик, камситишлар, ҳуқуқ поймол этилишини тўхтатиш учун ҳукумат тузилмаларида ишлайдиганларнинг ҳеч бўлмаганда 30 фоизини ўзбекдан қўйиш керак. Масалан, кўчада турган ГАИ ходимидан бошлаб, ўзбекни тўхтатаверса, бир нималарни баҳона қилиб “права”сини тортиб олиб қўяверса, ўзбекни камситиб, ҳақорат қилишаверса концепция бизга нима қилиб бера олади? Концепцияни ишлаб чиқишдан олдин халқнинг орасига кириш керак, халқдан “Нима муаммолар бор?” деб сўраб, ана шу муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излаш керак, -дейди ўз номини айтмаслигимиз шарти билан гапирган ўшликлардан бири.
XS
SM
MD
LG