Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:18

Тожикистонда "таблиғчи" аëллар авф этилди


Мустақил Тожикистон юриспруденцияси тарихида илк бор тақиқланган диний- экстремистик гуруҳга алоқадорликда айбланган аёллар авф этилди. Бу аёллар 2010 йилда қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик қўмитасининг Хатлон вилоят бошқармасида тергов қилинган эди.


Хатлон вилоят Миллий хавфсизлик бошқармаси вакиллари “Таблиғ жамоати”га аъзоликда гумонланган аёллар бир неча йил давомида назорат остида бўлишганини айтмоқдалар.

- Бу аёлларнинг “Таблиғ жамоати”га аъзо эканликлари бизга олдиндан маълум эди. Бироқ айнан аёл бўлганликлари учун улар илгари ҳибсга олинмаган эди. Бошқа томондан, бу аёллар эс-ҳушини йиғиб, бу оқимдан чиқиб кетишади, дея умид қилгандик. Афсуски, уларнинг фаолияти йил сайин активлашиб борди. Шундан кейингина Шарофат Азизова, Дилфуза Ҳошимова, Мавжуда Сатторова ва Зебинисо Пирхонни қўлга олишга мажбур бўлдик, деди Қўрғонтепа шаҳар прокурори ўринбосари Маҳмадсаид Насимов.

Айни пайтда тожик прокурори аëлларнинг бундай диний-экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишига турмуш оғирликлари сабаб бўлаëтганини ҳам эътироф этди.

Айрим маълумотларга кўра, "таблиғчи"лар ҳуқуқий билими паст бўлган одамларни маблағ билан таъминлаб ўз гуруҳларига аъзоликка қабул қилишмоқда. Айни пайтда¸ Тожикистон ҳуқуқ мутасаддиларига кўра¸ гуруҳ ташвиқоти учун сарфланаëтган бу маблағнинг қайси мамлакатдан келаётгани ва кимлар бу пулларга эгалик қилаётганликлари аниқланмоқда.

Мустақил таҳлилчилар , аёлларнинг турли диний оқимлар ёки гуруҳларга қўшилаëтганига мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий шароитнинг оғирлиги сабаб бўлаётганлигига урғу беришмоқда.

- Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бор нарсасидан маҳрум бўлган, эртанги кунига ишончу умиди қолмаган ва арз-додинин кимга айтишни билмай, боши берк кўчага кириб қолган аёл нима қилсин? Шўролар давридагидек аёлларни турли жамоатчилик ва фойдали меҳнатга жалб этадиган ташкилотлар деярли йўқ. Мажбур мана шундай оқимлару гуруҳларга аъзо бўлади. Ҳуқуқлари поймол этилган аёлга давлат ёрдам бермагандан кейин бошини қаерга урсин? - дейди таҳлилчи Сайраҳмон Назриев.

Бу таҳлилчига кўра, куч ишлатиш салоҳиятига эга тизим вакилларининг турли диний оқимларга қарши амалга ошираётган тадбирлари шунчаки ўзини кўрсатиш тадбиридан бошқа нарса эмас. Шу кунларда бу каби тадбирлар баҳонасида кўплаб одамларнинг қўлга олиниб, улардан расмий ва норасмий жарима ундирилаётганига оид хабарлар ҳам йўқ эмас¸ дейди суҳбатдош.

Тожикистон Олий судининг 2006 йилги қарори билан “Таблиғ жамоати” гуруҳи фаолияти мамлакатда расман тақиқланган. Шунга қарамай, кейинги пайтларда бу оқимнинг фаоллашаётгани кузатилаяпти.

- Покистон ва Ҳиндистонда асос солинган “Таблиғ жамоати”нинг бу мамлакатларда содир этилган қатор террор амалиётларида бевосита қатнашгани айтилади. Улар Тожикистон давлати ва жамиятига катта хавф туғдирмоқда, деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадулло Асадуллоев.

Аммо Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Қаландар Садриддинзода¸ расмийларнинг "таблиғчи"ларнинг мамлакат миллий хавфсизлиги учун хатар туғдириши ҳақидаги иддаоларини ўринсиз деб баҳолайди.

- “Таблиғ жамоати”нинг мамлакат хавфсизлигига ёки жамиятга ҳеч қандай зиёни йўқ. Чунки шу кунга қадар "таблиғчи"ларнинг сиёсатга аралашгани ёки қўлига қурол олгани хақида бирорта маълумот йўқ. Уларнинг фақат Исломга даъват этиш, тарғибот ташвиқот қилиш ишлари билан бандлиги ҳаммага маълум. Ниҳоят таълимотлари ҳам сунний мазҳабимизга қарши эмас, - дейди Қаландар Садриддинзода.

Тожикистонда қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун давлат қайдидан ўтмаган ҳар қандай гуруҳнинг диний тарғибот билан шуғулланишни тақиқлайди. Расмий маълумотларга кўра, биргина 2010 йилда фақат Хатлон вилоятида 45 тожикистонлик “Таблиғ жамоати” оқимига аъзоликда гумонланиб, ҳибсга олинган. 2010 йил охирида эса 36 киши мазкур оқимга аъзоликда айбланиб, 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилган Бундан ташқари 30 тожикистонлик аёл диний экстремизмда айбланиб, қўлга олинган.

Айни замонда, расмийлар Тожикистонда яна бир диний-экстремистик гуруҳ “Мастурот” ташкилоти пайдо бўлганини даъво қилишмоқда. “Мастурот” ёки “мастура” калимаси араб тилидан ўгирилганда яширин, парда ортида, покдил, ростгўй, художўй маъноларини англатади.
XS
SM
MD
LG