Линклар

АҚШ президенти Барак Обама Ливияга қарши барча имконлар, шу жумладан ҳарбий чора қўллаш имконлари ҳам кўриб чиқилаётганини айтди.

Пайшанба куни Вашингтонда қилган чиқишида Обама Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий ўз легитимлигини йўқотди ва ҳокмиятдан кетиши шарт, деб қайд этди.

- Биз зўравонлик тўхташи шарт, Муаммар Қаддафий легитимлигини йўқотди ва кетиши керак, деган аниқ муждани юборишда давом этамиз.

Ливия халқига нисбатан зўравонликларни амалга ошираётганлар жавобгарликка тортилади. Ливия халқининг озодлик, демократия ва ўз қадр-қимматларининг ҳурмат қилинишига оид хоҳиш-истаклари бажарилиши шарт, - деб таъкидлади Обама.

Пайшанба куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий ва унинг атрофидагилар ҳамда ўғиллари инсониятга қарши жиноят қилиш гумони билан текширувга тортилишини эълон қилган эди.

Бош қораловчи Луис Морено-Окампо Муаммар Қаддафий ва унинг атрофидагилар жиноий ҳаракат қилган бўлсалар, албатта жазога тортиладилар, деб баёнот берди.

Бугун Триполида жума намозидан сўнг Ливия раҳбарига қарши намойиш ўтказишга даъватлар янгради.

Ўтган жума куни Триполида намойишга чиққанлар Қаддафий тарафдорлари томонидан ўққа тутилган эди. Хабарларга кўра, Қаддафийга содиқ хавфсизлик кучлари охирги кунларда мухолифатни бостириш мақсадида Триполида бир қатор ҳибсга олишлар ва қотилликларни содир этган.
XS
SM
MD
LG