Линклар

"Горбачëв совет халқларини саргардон қилди!"

  • Садриддин Ашур

Михаил Горбачëв ҳурлик тарафдорлари учун қаҳрамон бўлса¸ совет даврини соғинаëтлар учун ғанимдир.

Михаил Горбачëв ҳурлик тарафдорлари учун қаҳрамон бўлса¸ совет даврини соғинаëтлар учун ғанимдир.

Собиқ СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачëвнинг 80 ëшга тўлиши муносабати билан ҳозирланган "Қурултой"га муносабат билдирган айрим ўзбеклар¸ Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар бошига тушган кейинги 20 йиллик хўрликлар учун Горбачëвни айблашди.


“Горбачев ҳаммани сарсон қилди”
¸

дейди Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан қўнғироқ қилган 80 ёшли Темир бобо Қамбаров, Озодликнинг Михаил Горбачев ҳақидаги "Қурултой" эшиттиришига муносабат билдирар экан:

- Ўша куни кўп одамларнинг давра суҳбатини эшитиб, жуда аччиғим келди. Ҳамма одам мақтаб ëтибди тўғри қилган деб. Горбачев тўғри қилган бўлса, шунча одам сарсон бўлиб юрармиди? Қаерини тўғри қилди? 73 йил давомида ташкил бўлган давлатни чаппа қилди, ҳаммани “кунингни кўр” деб кўчага ташлаб кетди. Ана энди бунинг нимаси тўғри бўлди ахир?

Фараз қилайлик, тўғри қилди деб ҳам ўйлайлик. Масалан¸ социалистик тузумни Хитой йўқотмасдан халқини қандай таъминлаяпти? Ер юзида энг кўп халқ бўлган Хитой бизнинг аҳволимизга тушгани йўқ. Қаранг¸ Ўзбекистонни оласизми, Тожикистонни оласизми, Қирғизистонни оласизми, Беларусияни оласизми, Украинани оласизми, Грузияни оласизми – қайси бирининг аҳволи яхши? Ҳамма халқ сарсон. Ўзбекистоннинг ярми мардикорга айланиб кетди. Қани Горбачев нимани тўғри қилди экан?

Агар Горбачев халқпарвар бўлган бўлса эди, Хитойнинг методини қилиши керак эди. Халқ ҳам жойида турар эди, ҳеч ким сарсон бўлмас эди. Энди бўлса¸ қаҳрамон бу киши. Битта нарса ўша нима пайтида билиниб турарди. Елцин билан иккаласи Америка разведкасининг одами бўлган бўлса керак. Фақатгина газетага ëзилган эди ўша пайтлари. Эндиликда шу масалага ойдинлик киритиш керакми¸ шуни ҳам сўраш керакми. Ленин ҳақида, Сталин ҳақида улар вафотидан кейин кўп нарсалар келиб чиқдику. Бу ҳам энди қачондир келиб чиқар. Билмайман энди. Лекин ҳақиқий Америка разведкасининг агенти экан иккаласи ҳам, дейди нишонлик 80 ёшли Темир бобо Қамбаров.


“Горбачевдан кейин ўзбеклар қул бўлди”

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан қўнғироқ қилган Шами Низомов ҳам Горбачев ҳақидаги эшиттиришга муносабат билдиради:

- Кеча Горбачевни шундай бир яхши тингладим. У киши мустақиллик берди¸ деб бир мақтаб юборилди. Бизнинг СССРдаги ҳамма қул бўлиб қолдику. Бизларга қилган ëрдами шуми энди? Бизларнинг Ўзбекистонда эмас бутун СССР бўйича ҳамма мустақул бўлди, қул. Мансабдор кишиларга мустақиллик берди, эрк берди. Ҳозир бизларнинг қанча йигитларимиз чет давлатларга бориб ўлиб келишаяпти. Бир биз эмас Россия халқининг аҳолиси ҳам оворага қолган. Порахўрлик, қимматчилик қаердан келиб чиқаяпти? Коррупция босиб кетди ҳамма жойни. Ҳаммани ўз ихтиëрига ташлаб қўйди. Халқ эзилиб қолди. Айтмоқчиманки, оддий кишиларга савол бериб сўрамадингиз. Ўзининг ихтиëрига ташлагандан кейин биз эзилдик. Болалариниз ҳамма ëққа бориб ишлайди. Ҳозирги бўлаëтган барча раҳбарлар бугунги кунини ўйлайди. Эртанги кунини ўйлайди, дейди Шами Низомов.


“Юртни қонга белаган аёлга мукофотми?”

дейди ўшлик Соҳибжон, АҚШ Давлат департаменти Қирғизистон муваққат президенти Роза Ўтунбаевага “Жасоратли аёл” мукофоти берилганига муносабат билдирар экан:

- Сизларнинг сайтингларни кўриб жуда ғалати аҳволга тушаяпмиз. Энди бу аëл, Роза Ўтунбаева, шу тўполонларда, бошқада, апрел тўнтарилишида, Бакиев ҳайдалишида, 11 июндан 15 июнгача қирғизлар тарафидан ўзбекларга қатлиом бўлди. Шунда “стрелят по поражением” деб буйруқ берди. Гўдак норасидалар, қанча қизлар хўрланди, қанча уйлар куйди. Жафокаш халқ қолди ҳозир. Энди ҳозир Роза Ўтунбаевага шунақа бир унвонлар берилаяпти, мукофотлар берилаяпти. Қайси томонидан берилаяпти, кимлар томонидан берилаяпти, нима учун берилаяпти? Қайси хизмати учун "Жасорат" орденига лойиқ? Қандайдир¸ ўйлаб ўйимизга ета олмаяпмиз. Шу қатлиомни уюштиргани учун олдими "Жасорат" орденини ëки қандайдир тинчликсевар жасорат кўрсатгани учунми, дейди ўйлаб ўйига ета олмаëтган ўшлик Соҳибжон.


“Миллатлар ўртасига низо солманг”¸

дейди Тожикистондан қўнғироқ қилган Абдуллажон, Ўзбекистон телевидениесининг Тожикистон ҳақида тайёрлаган кўрсатувига муносабат билдирар экан:

- Биз Тожикистондан. Турсунзода районидан телефон қилаяпман. Отим Абдуллажон. Кеча Ўзбекистон телевидениесида бир кўрсатув берди. Тожикистонни ëмонлади-да. Биз ўзимиз Тожикистонда яшаймиз. Ҳамма шароитларимиз яхши. Свет бермайди, ундай қилади. Бизда ҳозир 12 соат свет беради. Светлар яхши. Нима керак дейман шундай гапларни тарқатиб, ëлғончилик қилишиб. Яхши ишмасда бу. Бизнинг ҳамма шароитларимиз яхши. Уларнинг гаплари шундай ваҳималики, одам эшитса ҳайрон қоладида. Нима кераги бор экан дейман шундай ташвиқот юритишнинг? Наҳотки телевизорда шундай ëлғон нарсаларни гапириб, шу умуман тўғри келмайдида. Шундай қилишмасин. Бизда ҳамма шароит яхшида. Ўзбекистон биздан баттар. Ҳаммасини биламиз. Лекин бундай қилиш керак эмас. Қайта бир-бири билан чегараларни очсин, борди-келди қилайлик, ўтиб қайтишсин. Биз шуни хоҳлаймизда. Ўзимизнинг президентимиз яхши, ҳамма шароит хши, дейди Тожикистондан қўнғироқ қилган Абдуллажон.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG