Линклар

logo-print

Ямандаги ўзбек жарроҳи ўлим билан юзма-юз қолмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

60 яшар Ҳамиджон Олчибоев ўзини исталган пайт отиб юборишларидан чўчимоқда.

60 яшар Ҳамиджон Олчибоев ўзини исталган пайт отиб юборишларидан чўчимоқда.

Ямандаги қабилалардан бири қўлида гаровда қолаëтган тожикистонлик ўзбек жарроҳи Ҳамиджон Олчибоев Озодлик билан суҳбатда Душанбе ҳукумати ва ўзини Яманда ишга ëллаган Россиянинг "Техностройэкспорт" ширкати жиддий ҳаракат қилмаса¸ ўлдирилиши муқаррарлигини айтмоқда.


Яманда маҳаллий қабила вакиллари тарафидан ўғирлаб кетилган тожикистонлик ўзбек шифокори Ҳамиджон Олчибоев беш кундан бери гаровда қолмоқда. 4 март куни Озодлик яна бир бор беш кундан бери қуролли шахслар қўлида қолаëтган 60 яшар ўзбек жарроҳи билан боғланишга муваффақ бўлди.

Суҳбат давомида Ҳамиджон ака ўз ҳаёти 100 фоиз хавф остида эканини айтди.



- Ҳозир тоғнинг ичида аввалги жойимда ўтирибман.

Озодлик: Шунча кундан бери гаровда нималарни бошдан кечирдингиз?

- Кечирганим¸ шу бир қабила экан. Бу бир йил олдин ўша одамларни ўлдирган жой экан. 45та одамни ўлдирган экан. Ҳукумат тарафдан бесабаб, дейди. Ҳозир менга шуни айтишаяпти. Шунга энди булар керакли одамни ахтаришиб, мени топишиб, олиб келишиб ўрнимга пул олишмоқчи.

Озодлик: Уларнинг талабига кўнилмаса, нима бўлади?

- Кўнилмаса, сени ўлдириб юборамиз¸ дейишаяпти.

Озодлик: Сиз билан қанақа муомалада бўлишаяпти улар?

- Мен билан муомаласи жуда ҳам яхши эмас. Сени ўлдирамиз¸ дейишаяпти.

Озодлик: Қийнашмадими?

- Йўқ.

Озодлик: Музокаралар қанақа бўлаяпти?

- Музокаралар энди бугун жума куни. Жума куни Ийд дейди. Жума куни ишлашмас экан. Энди эртага ҳал бўлади дейишаяпти. Бугун маълуммас¸ дейишаяпти. Агар пулни берса, сизга жавоб берамиз¸ дейди.

Озодлик: Қанақа пул экан у?

- Булар мени давлатга пулга сотишади-да.

Озодлик: Пул ундиришмоқчими ҳукуматдан?

- Мени қайтариб давлатга сотишади-да.

Озодлик: Қанча сўрашаяпти?

- Билмайман қанча сўрашганини. Хабарим йўқ. Айтишмайди менга ҳеч нима. Беш кун бўлди ўтирибмиз.

Озодлик: У ерга ҳеч ким бора олмайдими? Ҳукумат кучлари бора олмайдими?

- Ҳеч ким кела олмайди. Бирор кишини қўйишмайди. Уларнинг талаби пул берса, кейин одам қўяди. Бегона одам қўймайди. Ўзининг қабиласи¸ холос. Фақат қабила. Қабила бошлиғини ҳам кўрсатишмайди менга.

Озодлик: Кўринишидан қанақа одамлар улар?

- Кўринишидан қонхўр одамларда ҳаммаси. Ўлдиришга ташна одамларда. Пул бўлмаса, ўлдиришга ташна ҳаммаси.

Озодлик: Олдин ҳам олиб қочиб ўлдирилган ҳолатлар бўлганми?

- Хабарим йўқ. Индашмайди.

Озодлик: У ерда ҳаëтингиз қанчалик хавф остида?

- 100 фоиз хавф остида, дейди суҳбат яна узилиб қолиши олдидан Яманда маҳаллий қабила вакиллари тарафидан ўғирлаб кетилган тожикистонлик ўзбек шифокори Ҳамиджон Олчибоев.

Тожикистонлик ўзбек жарроҳининг тақдири билан Душанбе ҳукумати нечоғли қизиқаëтганини ўрганиш мақсадида Озодлик Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳам боғланди. Вазирлик расмийси¸ ҳозирда Олчибоев тақдири билан мамлакатнинг Саудий Арабистонидаги элчихонаси шуғулланаëтганини билдирди¸ холос.

Шабвадаги қабила вакиллари 2009 йили декабр ойида ҳукумат кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво зарбаларидан ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳукуматдан товон пули ундириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга эришиш мақсадида шифокорни ўғирлаганлар.

Бу ҳужум оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 45 одамнинг ҳалок бўлгани айтилади.

Яман ҳукумати бир неча йиллардан буён АҚШ билан ҳамкорликда Ямандаги Ал-Қоида гуруҳларига қарши амалиётларни амалга ошириб келади.

Яманда хориж фуқароларининг ўғирлаб кетилиши ва уларнинг озод этилиши эвазига турли талабларнинг қўйилиши тез-тез рўй бериб туради.

Яманда фаолият қилаётган ўзбекистонлик шифокорлардан бири аввалроқ Ўзбекистоннинг ўзидан тахминан 5000 врач Яманда ишлашини айтган эди.

28 феврал куни ўғирлаб кетилган Ҳамиджон Олчибоев Россиянинг "Техностройэкспорт" ширкати орқали тузилган шартнома асосида 2007 йилдан бери Яман пойтахти Санадан 250 километр шарқда жойлашган Шабва минтақасида жарроҳ бўлиб ишлаб келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG