Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:36

Ўзбекистонда 54 турк тадбиркори устидан жиноий иш очилди


Турк тадбиркорлари солиқ тўламаганлик ва диний-экстремистик адабиëтларни тарқатганликда айбланмоқда.
Турк тадбиркорлари солиқ тўламаганлик ва диний-экстремистик адабиëтларни тарқатганликда айбланмоқда.

3 март куни Ўзбекистон телеканали Тошкентдаги турк ишбилармонларига қарши қаратилган навбатдаги "фош қилувчи" кўрсатувни намойиш қилди. Кўрсатувда ўз ширкатларида намозхоналар ташкил қилган турк фуқаролари устидан жиноий иш очилгани айтилди.



Кўрсатувда намоз ўқиш қоидалари ëзилган китоблар террор адабиëти сифатида тақдим қилинади ва айни пайтда турклар бир вақтнинг ўзида ҳам миллатчилик, ҳам диний радикализмда айбланади.

Турк тадбиркори Ражаббей Ширин Ўзбекистонда 17 йил ишлади.
"Demir Market" нинг ҳиссадори бўлган Ражаббей ҳозир АҚШда тижорат қилмоқда. У Ўзбекистонга қайтиб бормоқчи эмас. Пора беришдан чарчадим, дейди тадбиркор.

- Биз ҳам 17 йилдан кўп яшаганмиз, кўрганмиз. Пул берсангиз, яхши. Пул бермасангиз, сиз Фатҳуллоҳчи, сиз толибонсиз.

Озодлик: Мана шу ширкатлар кириб келган пайтда, бирор-бир одамга пора беришганми?

- Пора бермаган борми Ўзбекистонда. Ҳар йил шунча пул сўраяпти, уни берасан, буни берасан. Пулинг келмади, штраф. Мана шунча берсанг, штрафни йўқ қиламиз. Ҳаммасининг ҳикояси бор. Озгина текширса, ҳақиқатни топади, дейди тадбиркор.

Пора топиб бермаган тадбиркорлар мулозимлар ғазабига дучор бўлишади, дейди тадбиркор.

Бундай ғазаб нималиги пайшанба куни Ўзбекистондаги турк тадбиркорларига билдириб қўйилди.

3 март куни Ўзбекистон телеканали турк тадбиркорларига қарши "Кўрнамаклик" деган кўрсатувни намойиш қилди.

(Ўзбекистон телеканали орқали 3 март куни намойиш қилинган бу кўрсатув YouTube видеопорталидан олинди)

Кўрсатувда 54 турк фуқароси устидан жиноий иш очилгани ва Тошкентнинг собиқ ГУМ савдо марказида жойлашган туркларга қарашли "Turkuaz" ширкати ëпилгани айтилди.

Шунингдек Гунаш, Алекс текстил, Пўлат А.С, Магма групп, Қайноқ НТ, Ўзқайноқ, Орзу пластик ва Озодачилик ширкатларида текширув ўтказилгани кўрсатилди.

Кўрсатувда ушбу ширкатлар ичида намозхоналар борлиги ва диний адабиëтлар мавжудлиги танқид қилинди. Кўрсатув сухандони томонидан ишчилар корхоналари ичида эмас, балки янги қурилган ҳашаматли масжидларда намоз ўқиши мумкинлиги писанда қилинди.

Турк тадбиркори Ражаббей ака оддий намозхон холаларнинг беш вақт ибодатни қилиш учун масжидга бормасдан ширкатнинг ўзида намоз қилишини қонунга зид кўрмайди.

- Ҳар кун куннинг ҳар соатида ишчи қанақа қилиб масжидга боради? Бутун дунë мусулмон давлатларида шунақа. Одамлар динни ўрганиш учун ҳаракат қилади. Бунинг айби йўқку. Ҳозир социализм пайти эмаску. Дин тақиқланган эмас. Йўлимиз Аҳли суннат йўли. Одамларнинг Аҳли суннат йўлида юришида гуноҳ борми? Намоз ўқишни, Қуръон ўқишни ўрганиш бу ëмон нарса эмаску, дейди Ражаббей.

Кўрсатув давомида текширилган турк ширкатларида пантуркчилик, бўзқуртлик ва нурчилик оқимлари тарғиб қилинган айтилади. Мустафо Камол Отатурк фотографияси ва Фатҳуллоҳ Гулан китоблари бу гапларга исбот ўлароқ кўрсатилади.

Ражаббей ака назарида бу айбловлар ўта ножиддий ва кулгили даражада зиддиятли.

- Фатҳуллоҳ Гулан китоблари билан бўзқуртчилик бир-бирига тўғри келмайди. Фатҳуллоҳ Гулан билан Ҳизбут-Таҳрир бир-бирига тўғри келмайди. Толибон билан бир-бирига 100 фоиз зид. У билан қанақа солиштирилади? Толибон билан Фатҳуллоҳ бир-бирига зид. Фатҳуллоҳчи бўлса, миллатчи бўлмайди. Ҳам Фатҳуллоҳчи, ҳам миллатчи қанақа бўлади, дейди Ражаббей ака.

Ражаббей акага кўра, турк ва бошқа тадбиркорларга йиллардан бери ўтказилиб келаëтган тазйиқлар замирида порахўрлик ва таъмагирлик ëтади.

- Тагида пул бор. Келади “Сиз давлат хавфсизлик хизматининг қора рўйхатида турибсиз. Шунча пул бермасангиз, ëмон бўлади” дейди. Бир-икки йил пул олади. Кейин охири сизга хайр. Аҳмет Демир 4000 одамни иш билан таъминлади. Туркиядаги уйини сотди, дадасидан қолган жойларини сотди. Нима бўлди? Уч йил прокуратура олди, СНБ олди. Кейин пули тугади, сизга хайр дейишди, дейди Ражаббей ака.

Яна бир омил араб дунëсидаги ўзгаришларнинг Туркия воситасида Ўзбекистонга ëйилишидан қўрқувдир, дейди суҳбатдош.

Айни фикрни исмсиз қолишни истаган расмий Анқарага яқин бир мулозим ҳам очиқлади.

Ражаббей ака 3 март куни намойиш қилинган филмда турк тадбиркорлари "кўрнамак" дея тамғаланганидан оғринганини яширмади. Шунча йил биз тадбиркорларнинг бор-йўғимизни тортиб олган ўзбек прокуратураси ходимларини нима деб аташ керак, дейди суҳбатдош.

- Битта одамни кўрсин. Бош прокурронинг қанақа уйи бор. Бош прокурор 1000 долларга яқин зарплата олаяпти. Шунча уйни қаердан қурган? Хавфсизликда, прокуратурада, коррупцияда ишлаган ходимларни қаранг. Шу уйларни қаердан қуирган, қайси пулга қурган ва кимнинг пули билан қурган? Қариндошлари, яқин ўртоқларини кўринг, дейди Ражаббей ака.

Ўзбекистонда соябони қувватли бўлган тадбиркорларгина қолмоқда, дейди суҳбатдош.

Туркиянинг Истанбул шаҳри Аюб тумани ҳокими, иқтидордаги “Адолат ва Тараққиëт” партияси фаоли Ўзбекистонда дўконлар тизимига эга бўлган Исмоил Қовунчи ўз фаолияти қийинчиликларсиз ривож топаëтганини айтади.

- Бизнинг Ўзбекистонда қилаëтган ишларимиз билан боғлиқ ҳеч бир муаммомиз йўқ. Биз ҳеч қандай муаммога дуч келмаяпмиз, дейди Исмоил Қовунчи.

Озодлик радиоси 4 март куни Тошкентда фаолият юритаëтган 20га яқин ўзбек-турк ширкатларига қўнғироқ қилди. Улар ўз фаолиятининг муаммосиз кечаëтгани айтиб¸ ўз ширкатларида намоз ўқилмаслигини писанда қилишди.

Туркиядаги Туркистон жамияти вакили Акбар Ясса назарида, ўзбек мулозимларининг бир-икки тужжорни қон қақшатгани ўзбек-турк дўстлигига раҳна сола олмайди.

Биз турк тадбиркорларининг Ўзбекистондаги аҳволи борасида Туркия Ташқи Ишлар Вазирлиги ҳамда Туркия Бош вазири матбуот хизматига мурожаат қилдик.

Туркия Бош вазири матбуот хизмати вакили бу воқеа ўрганилаëтганини билдирди.

Матбуот хизмати вакилининг микрофонсиз эътирофига кўра¸ 3 март кунги кўрсатувда айбсизлик презумпциясига зид тарзда турк тадбиркорлари айбдорга чиқарилган ва шахслар изнисиз уларнинг суратлари кўрсатилган. "Турк фуқароларининг ибодат қилиши на ўзбек ва на турк қонунларига зид келмайди", деди матбуот хизмати вакили.

Ўзбекистонда 17 йил ишлаб бу юрт мулозимларидан ҳафсаласи пир бўлган тадбиркор Ражаббей “Туркия ҳукумати сабр қилмоқда, аммо сабрнинг ҳам чеки бор”¸ деган фикрда.

Кейинги 20 йил ичида юзлаб турк табдиркорлари ва ўнлаб турк ширкатлари турли сиëсий-иқтисодий сабаблар баҳонасида Ўзбекистондан ҳайдалди.
XS
SM
MD
LG