Линклар

20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги жаҳон футбол чемпионати 2012 йилда Ўзбекистонда ўтадиган бўлди. ФИФА куни кеча мана шундай қарорни қабул қилди.Бу чемпионатни ўтказиш учун Ўзбекистон билан бир қаторда Ветнам ва Янги Зеландия ҳам даъвогарлик қилган эди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси тарқатган маълумотда айтилишича, ФИФА Ижроия қўмитаси 3 март куни Тошкент вақти билан 19.00 да мана шундай қарор қабул қилган. Бу қарор ўша куниёқ ФИФА матбуот анжуманида матбуотга билдирилган.

“Ўзбекистонда аёллар футболи тезкорлик билан риқожланмоқда ва бугун биз 2012 йилги 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионати айнан мана шу мамлакатда ўтишини эълон қилишдан мамнунмиз”, деб айтди ФИФА президенти Йозеф Батлер, деб маълум қилади Ўзбекистон Футбол федерацияси.

Маълум бўлишича, мазкур жаҳон чемпионатини ўтказишга Янги Зеландия ҳам даъвогарлик қилган.

Цюрихда бўлиб ўтган ФИФА йиғилишида Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов ҳам қатнашди.

“Ҳеч кимга сир эмаски, исталган тоифадаги жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ривожланган инфратузилмага эга бўлиш зарур. Бир неча йил давомида биз бунга босқичма-босқич келдик ва мамлакатда футбол инфратузилмасини яхшилаш ва ривожлантириш учун керакли ишларни олиб бордик. Аёллар футболининг кун сайин ривожланиб бориши дунёнинг барча мамлакатларида кузатилмоқда. Шу боис, бугун бизга ФИФА томонидан бу каби юксак эътирофга сазовор бўлиш жуда ёқимли. Бир қанча Осиё миқёсидаги чемпионатларни ўтказган Ўзбекистон, жаҳон чемпионатини ҳам юқори савияда ўтказа олишига шубҳам йўқ”, деди Мираброр Усмонов.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистон 2012 йилги 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ФИФАга 6та шаҳарни тавсия қилди. Булар – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Муборак ва Ғузор.

Аммо жаҳон чемпионати барча 6та шаҳарда ўтади дегани эмас, бу шунчаки ЎФФ тақдим этган шаҳарлар холос. Якуний қарорни эса ФИФА мутасаддилари хал қилишади.

Август ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ФИФАнинг аёллар футболини ривожлантириш бўйича мутахассиси Моника Штааб, Тошкент, Қарши, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарларда аёллар футболининг ҳолати билан танишиб чиққан эди.

Бундан олдин 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионати Ветнамда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ ФИФА куни кеча Ветнамнинг жаҳон миқёсидаги чемпионатни ўтказишга тайёр эмаслигини аниқлаб, мазкур тадбир ўтказиладиган жойни бошқа мамлакатга кўчиришга қарор қилган.

20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги 2012 йилги жаҳон чемпионатининг октябр ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG