Линклар

Қирғиз-ўзбек чегарасида ўзбекистонлик уч нафар мол ўғриси қўлга олинди. Улардан бири қирғиз ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари отган ўқдан яраланган. Айни пайтда яраланган шахснинг кимлиги ва қаерда сақланаётгани айтилмаяпти.

2011 йилнинг 4 март куни Жалолобод вилояти Новкен туманининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида маҳаллий милиционерлар ва қирғиз чегарачилари Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи 33 ёшли Хайрулла Убайдуллаев, 28 ёшли Элёр Салиев ва 26 ёшли Абдулазиз Хасановларни тўхтатмоқчи бўлишади. Бироқ номи зикр этилган шахслар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари буйруғига бўйсунмаган.

Натижада куч тизими ҳодимлари осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигида ишловчи ишончли манбанинг Озодлик радиосига билдиришича, куч тизими ходимлари отган бир ўқдан Ўзбекистон фуқароларидан бири оёғидан яраланган.

Текширув давомида Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг Новкен туманида яшовчи фуқарога тегишли бўлган 6 бош қора молни ўғирлаб, қўшни давлат ҳудудига олиб ўтишга ҳаракат қилгани аниқланган.

Айни пайтда оёғидан яраланган Ўзбекистон фуқаросининг исми ва қўлга олинган шахсларнинг қаерда сақланаётгани ошкор қилинмади.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотда айтилишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистондан Қирғизистонга келиб чорва молларини ўғирлаётганлар сони кўпайган.

“Қирғизистон Ички ишлар тузилмалари бу борада қўшни давлатдаги ҳамкасбларига бир неча маротаба расман мурожаат қилишган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан қирғизистонликларга қарашли чорва молларини ўғирлаш ҳолатларига барҳам беришда кўмаклашиш илтимоси билан туман ҳамда вилоят ҳокимиятларига ҳам мактублар жўнатилган. Бироқ бу тузилмалардан бирон марта ҳам жавоб олингани йўқ”, дейилади Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган маълумотда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG