Линклар

logo-print

Тожикистонда маҳбус калтаклаб ўлдирилгани иддао қилинмоқда


Тожикистонлик Сафарали Санговнинг яқинлари уни милиция ходимлари калтаклаб ўлдирганини даъво қилишмоқда.

Тожикистонлик Сафарали Санговнинг яқинлари уни милиция ходимлари калтаклаб ўлдирганини даъво қилишмоқда.

1 март куни Душанбе марказий касалхонасига тушган 37 ёшли Сафарали Сангов ўзига келмай жон таслим қилди.Марҳумнинг қариндошлари сўзларига кўра,Сафаралини милиция ходимлари аёсиз калтаклаб, кейин касалхонага олиб келишган.

Журналистлар Душанбе шаҳридаги Қораболо касалхонасига келишганда марҳумнинг қариндошлари Сафаралининг жасадини тополмай сарсон юргани гувоҳи бўлишган. Чунки Сафарали Санговнинг жасади палатада ҳам, моргда ҳам бўлмаган. Орадан бир соатдан ортиқ вақт ўтгач, Сафарали Санговнинг жасади ўликхонага олиб келингани маълум бўлган.

- 1 март куни биз ҳаммамиз уйда эдик. Шу пайт милиция вакиллари келиб, эримга ёпирилишди, ура бошлашди. Ерга йиқитиб тепишди. Биз дод кўтариб, эримни ажратмоқчи бўлдик, лекин милиция вакиллари яқинлаштиришмади ҳам. Бу милициянинг бедодлигини кириб келган қўшнилар ва қариндошлар ҳам кўришди. Кейин эримни судраб машинага солиб олиб кетишди, - дейди марҳумнинг хотини Сарвиноз.

Марҳумнинг яқинларининг айтишларича, милиция вакиллари ҳеч бир далил ёки айбнома тақдим этмай Сафаралини калтаклашган. Шундан кейин Сарвиноз пойтахтдаги Сино тумани ички ишлар бўлимига борган. Бироқ у ерда эрини тополмаган ва милционерлар ҳам унга ҳеч қандай шарҳ беришмаган. Фақат кечга яқин Сафарали Сангов реанимацияда ётганлиги маълум бўлган.

- Милицияда эримни ҳеч ким урмаганлигини айтишди. Гўё у наша чекан эмиш, унинг ёнидан эса 500 грамм наша хам топишибди. Нашадан эси оғиб ўзини ички ишлар бўлими биносининг иккинчи қаватдан ташалаган экан. Баданидаги излар ҳам йиқилганда пайдо бўлган эмиш, - дейди Сарвиноз.

Медицина хулосасига кўра, Сафарали Санговнинг боши ёрилган,мияси чайқалган,жағи синган. Бадани моматалоқ бўлиб кетган.Сафаралини касалхонага олиб келган милиция вакиллари: “Бу одам ўзини иккинчи қаватдан ташлаб майиб бўлди”, дейишган.

Республика Ички ишлар вазирлиги масъуллари ҳам Сафарали Сангов илгари маҳкамага тортилгани ва ноқонуний банг моддалари билан шуғулланганлигини айтишмоқда.

- У 1998 йилда Россияда ноқонуний наркотик моддаси билан қўлга олиниб, беш йилга озодликдан махрум этилган. У туман ички ишлар бўлимига олиб келинганда наша чекканлиги маълум бўлган. Мана шундай аҳволда иккинчи қаватдан ўзини ташлаб юборган. Бу ҳақидаги ҳужжат туман прокуратурасида ҳам расман қайд этилган, - деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази раҳбари Мухмадулло Асадуллоев.

Марҳумнинг қариндошларининг айтишларича, милиция вакиллари анчадан буён Сафаралидан мўмай пул талаб қилишарди. Жумладан, 1 март куни у ижарага берган шахсий дўкон учун ҳақ олган. Шунингдек, машинасини ҳам сотган эди. Милиция вакиллари бундан хабар топиб, ўз улушларини талаб қилишган.

- Одам ҳаётида бир марта қоқинади. Сафарали дуппа дуруст ишлаб юрган эди. Магазинини ижарага берганди. Иккита машинаси бор эди, биттасини сотди. Буни ҳамма билади. Бу милиционерлар ўзидан кетган. Доим уни “загружат”қилишарди. Мана шу ижара пули ва сотилган машина пулини эшитиб, иштахалари карнай бўган шекилли. Сафарали уларга пул бермаган. Мана оқбати,- дейди Сафарали Санговнинг қайиноғаси.

Хуқуқшуносларнинг айтишларича, одамнинг гунохкор ёки гуноҳи йўқлигини маҳкама ҳал қилади.

- Мана шу жиҳатдан олиб қаралганда, милция вакиллари қонунга зид иш тутишган. Санговни калтакалшгани эса иккинчи қонунбузарликдир, - дейди хуқуқшунос Баходир Эргашев.

Таҳлилчилар фикрича, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 2 март куни “Милиция касбий этикаси” кодексини қабул қилган бир пайтда куч ишлатар тизимлар вакиллари томонидан қонунбузарликка йўл қўйишлар милиция обрўсига путур етказмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG