Линклар

logo-print

Москвада ўзбекистонликларга ён босган полициячи ўққа тутилди


Полиция зобити Гагик Биняминян қорақалпоғистонликларга ён босгани учун қуролли ҳужумга учрагани тахмин этилмоқда.

Полиция зобити Гагик Биняминян қорақалпоғистонликларга ён босгани учун қуролли ҳужумга учрагани тахмин этилмоқда.

Москванинг шарқий қисмидаги Гольяново полиция участкаси ходимига қуролланган ҳужум уюштирилди. Дастлабки тахминларга кўра, оғир жароҳат олган полиция майори Гагик Биняминян маҳаллий миллатчилар томонидан отиб кетилган.

2 март куни Москванинг Шчелковское шоссесидаги уйлардан бирида жойлашган полиция бўлинмаси ёнида машинасини тўхтатган Ички ишлар вазирлиги майори Гагик Биняминян номаълум кимса томонидан ўққа тутилди. Ўзини машинанинг бошқа эшиги томон ташлаган майор ўз ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Отилган учта ўқдан бири елкаси, иккинчиси жағига теккан полициячи акасини телефон орқали чақирди ва у 1-шаҳар шифохонасига жўнатилди.

Воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган майор Биняминяннинг акаси нохуш ҳодиса тафсилотларини шундай эслайди:

- Югуриб келсам, машинаси турибди... У машина ёнида ётар, соат тахминан олти яримлар эди. Аввалига тушунмадим. Қарасам, машина ойнаси пачоқланган, укам чакагининг пастки қисми синиб кетган. “Нима бўлди?” десам, “Ҳужум қилишди”, деди. Ўқ буйнидан тешиб, елкасига кирган. Отишма бошланиши билан у ўзини ёнига ташлаган ва шу билан жонини сақлаб қолган, - деди ҳужумга учраган майорнинг акаси.

У укаси нима сабабдан отилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаслигини айтди.

Аммо хабарларда Гагик Биняминян қўшни подъезддаги икки оила ўртасидаги жанжалга аралашгани ва айрим интернет сайтларидаги ёзишмаларга кўра, “Ўзбекистондан келган қорақалпоқларга ён босгани” боис москвалик миллатчилари томонидан ўлимга маҳкум қилингани айтилмоқда.

Бу ҳужумда миллатчиларнинг қўли бўлиши мумкинлигини Голяново участкаси ходимлари ҳам тасдиқламоқдалар.

Уларнинг сўзларига кўра, ўтган йил август ойида 19-уйда истиқомат қилувчи мусиқа ўқитувчиси Елена Журина ва уларнинг ён қўшниси Холбой Жуматов оиласи ўртасида жанжал бошланган.

Журина Жуматовнинг дўсти Лопатин ва рафиқаси Умида Адилбековага пичоқ билан ташлангани учун суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган ва 2 йиллик шартли қамоқ жазосига маҳкум этилган. Суд Жуматовлар унинг хонасини эгаллашга уринаётгани ҳақидаги иддаоларини инобатга олмаган.

Жорий йилнинг феврал ойида Россия Бош прокуратураси томонидан фаолияти вақтинча таъқиқланган “Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат”га берган интервьюсида Елена Журина “Жуматовлар томонидан мунтазам равишда калтакланаётгани” ва “қўрқитилаётгани” ҳамда улар манфаатини “рус бўлмаган” участка нозири майор Гагик Биняминян ҳимоя қилаётганини айтган. Журина “Марказий Осиёдан келган қорақалпоқлар”нинг унга қарши жиноий иш қўзғатишига Гагик Биняминян сабабчи, деб билади.

- Мен бундай муносабатни улар ва участка милиционери орасидаги дўстлик билан изоҳлайман. Чунки бу участка қўшни подъездда жойлашган. Мен қачон бу учасковойга мурожаат қилсам, у менга бақириб жавоб берарди, қўшниларим устидан арз қилишда давом этсам, мени жиннихонага тиқиб қўйишни айтиб таҳдид қиларди. Бу участковойнинг фамилияси Соколов, лекин у ўша Биняминяннинг ёрдамчиси, - дейди ДПНИ ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилган Елена Журина.

Бу воқеадан хабар топган миллатчилар воқеада нафақат Басман суди, балки Гагик Биняминянни ҳам айбдор, деб эълон қилди. Кўп ўтмай “Сиёсий янгиликлар агентлиги”да эълон қилинган мақолада милиция формасидаги “рус ўқитувчисининг душмани”нинг катта расми ҳам чоп этилди.

Бу фотосурат кейинчалик барча миллатчилар сайтларига тарқатилди.

Эслатиб ўтамиз, бир ой аввал – 2 феврал куни Шчелково тумани ИИБси штаби ёнида 34 ёшли майор Дмитрий Карпухин отиб кетилганди. Бу қотиллик БОРН - Рус миллатчилари жанговар ташкилоти томонидан содир этилгани айтилмоқда. Куни кеча ҳужумга учраган Биняминян ҳам, маълумотларга кўра, ўтган йилдан буён бу тузилманинг “қора рўйхати”га киритилган.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз Қалбай Жуматов билан ҳам мулоқот қилишга уриниб кўрдик. Миллатчиларнинг бундай бошбошдоқлигидан ҳаёти жиддий хавф қолаётганини айтган Жуматов Озодликка интервью беришдан бош тортди.

Айни пайтда “Ноқонуний иммиграцияга қарши ҳаракат” вакиллари билан боғланишга уринишларимиз ҳам самара бермади.

Холбой ва Умида Жуматовлар икки қизи ва бир ўғли билан коммунал квартирада Журина Елена билан бирга истиқомат қилишади. Улар 90-йиллар ўрталарида Россия фуқаролигини олиб, кўчиб келишган. Ҳозирда Холбой Жуматов Москвадаги “Бенол” қурилиш ширкатига раҳбарлик қилади.

Москвадаги 1-шаҳар шифохонасининг травматология бўлимида Озодликка маълум қилишларича, айни пайтда Гагик Беняминян биринчи жарроҳлик операциясини бошдан кечирган.

- У ҳозир ўзига келди, аҳволи ўртамиёна. Омади бор экан. Тасодифан унга жиддий зарар етказилмаган, ҳаммаси жойида бўлади, - деди 1-шифохонанинг травматология бўлими шифокори.

Голяново Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотларга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 317- ва 222-моддалари юзасидан жиноий иш қўзғатилган ва уни Москва шаҳар прокуратураси бош тергов қўмитаси олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG