Линклар

logo-print

Ливиянинг бир қанча шаҳарларида тўқнашувлар бўлди


Қаддафий тарафдорлари ўз назоратига олганини даъво қилаётган Рас-Лануф шаҳридаги исёнчилар бунинг аксини таъкидламоқда.

Қаддафий тарафдорлари ўз назоратига олганини даъво қилаётган Рас-Лануф шаҳридаги исёнчилар бунинг аксини таъкидламоқда.

Ливия расмий матбуоти мамлакатнинг исёнчилар назоратига ўтган Рас-Лануф, Завияҳ ва Мисрата шаҳарлари ҳукумат кучлари назоратига қайтарилгани ҳақида баёнот берди. Аммо, буни инкор қилган исёнчилар якшанба куни ҳукумат кучлари улар томон бир нечта кучли ҳужумни уюштирганини айтмоқда.

Якшанба куни тонгда Триполи шаҳрининг Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий қароргоҳига яқин ҳудудида ўқ овозлари янгради.

Расмийлар буни стретигик аҳамятга эга бўлган Рас-Лануф шаҳри назорати ҳукумат кучларига ўтганидан ҳурсанд бўлган Қаддафий тарафдорлари тантаналаридан келган овоз, деб маълумот берди.

Бироқ, Рас-Лануфдаги исёнчи кучлар шаҳар назорати ҳануз ўзларида қолаётганини айтмоқда.

Бу ҳақда исёнчи гуруҳлар матбуот вакили Ваниф Ҳанада баёнот берди.

- Ливия халқига йўлланган баёнотда инқилобий кучлар бу ҳудуд устидан назоратни ушлаб турганини тасдиқлайди ва Қаддафийчи гуруҳларнинг расмий телеканалларда айтган гаплари нотоўғри ва аслида ёлғондир. Сиз журналистлар ҳам биз ўзимиз озод қилган ҳудудларни ҳануз назоратимизда сақлаётганимизни тасдиқладингиз, деди исёнчи гуруҳлар матбуот вакили.

Айни пайтда Рас-Лануф шаҳрига яқин бўлган кичик шаҳарча – Бин Жаводда отишмалар бораётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Бу ҳудуддан қайтган исёнчилардан бирининг Рейтер агентлигига айтишича, Қаддафий тарафдорлари муҳолиф гуруҳларга пулемёт ва ракета отувчи қуроллар билан ҳужум қилган.

Шунингдек, якшанба куни тонгда яна бошқа норасмий ахборот воситалари Ливия ҳарбий кемалари шаҳардаги нефтни қазиб олиш иншоотига икки маротаба ҳужум уюштиргани ҳақида хабар тарқатди.

Associated Press агентлиги Муаммар Қаддафий назоратида бўлган Сирте шаҳри томон силжишга уринган исёнчи кучлар ҳарбий самолётлардан ўққа тутилгани ҳақида хабар берди.

Айни пайтда бундай маълумотларни инкор қилган мамлакат расмий телевидениеси ҳукумат кучлари Рас-Лануф билан бирга Завияҳ ва Мисрата шаҳарлари назоратини ҳам қайтиб олгани ҳақида расмий баёнотни эълон қилди.

Қаддафийнинг тарафдорлари эса унинг ҳимояси учун намойишларини ҳануз давом эттирмоқда.

Якшанба куни намойишга чиққан Триполи университети ўқитувчиларидан бири Ҳасан Карим, жумладан: "Бу Ливиянинг асл ғалабасидир. Сиз кўриб турган мана шу одамлар асл ливияликлардир. Бу давлатда Қаддафийга қарши одам йўқ”, деди.

Ливияда норозилик намойишлари бошланиб кетганидан буён юзлаб одам ўлдирилди.

Ҳозир халқаро жамоатчиликда Ливиядаги бу ҳолат фуқаролар урушига айланиб кетиши мумкинлигидан хавотирлар кучайиб бормоқда.

Шундай бир кезда Франциядаги газеталардан бирига берган интервюсида Қаддафий агар мамлакат ҳокимиятидан кетадиган бўлса, Ливия Ал-Қойда маконига айланиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.
XS
SM
MD
LG