Линклар

Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқлар савдосида айбланган 12 киши устидан ҳукм ўқилди. Регнум агентлиги хабарига кўра, тергов жараёнида бу гуруҳ 70 чақалоқни ноқонуний равишда расмийлаштиргани, 4 гўдакни эса хорижга сотгани аниқланган.


Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқлар савдосида айбланган 12 киши устидан ҳукм ўқилди.

Регнум агентлигининг Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбаларга таяниб хабар қилишича, 12 кишилик гуруҳга Тошкент шаҳридаги бир неча туғруқхонада юрист бўлиб ишлаган 63 ёшли аёл етакчилик қилган.

Суд ҳукмига биноан 63 ёшли Икбархон Ҳакимова ўз қариндошлари, ҳамшира ва туғруқхоналардаги техник ходимлардан иборат бир гуруҳни тузиб, унинг ёрдамида 70 нафар гўдакни ноқонуний равишда расмийлаштирган.

Яъни, никоҳсиз туққан ёш аёллар билан суҳбатлашиб, уларни боладан воз кечишга тўғрисида ариза ёзмасликка кўндирган. Шу тариқа болани туғруқхонадан олиб чиққан аёлдан чақалоқ олинган ва жиноий гуруҳ вакилларининг қўлида бир неча кун сақланиб, ўша ердан нари харидорларга сотилган.

Жиноий гуруҳнинг болани расмийлаштириш учун ЗАГСга бериладиган ҳужжатни ҳозирлаб берадиган вакили ҳужжатга чақалоққа харидор бўлган оиланинг исм-фамилиясини ёзиб, бош врач ўрнига ўзи имзо чеккани айтилмоқда.

Регнум агентлигининг ёзишича, бу иш билан шуғулланган ҳамшира бўш бланкаларнинг ҳар бирини 20 минг ўзбек сўмидан сотиб олган.

Шу тариқа, 70 нафар гўдакни ноқонуний равишда сотган гуруҳ бошланишига ҳар бир гўдак учун 1 ярим минг АҚШ доллари, кейинчалик эса 2 ярим – 3 минг АҚШ долларидан пул олган.

Тошкент шаҳар Жиноий ишлар судида бўлган маҳмакама чоғида 4 гўдак хорижга сотилгани аниқлангани айтилмоқда.

Регнум агентлигининг Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбалардан биридан келтирган иқтибосда: “Кейинчалик бирор бир касаллик аниқланган болаларни эса сирли равишда болалар уйлари остонасида қолдиришган”, дейилади.

Суд ҳайъати бу 12 шахсни Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан одамларни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, фирибгарлик, ўз вазифасини суистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларда айбдор, деб топган.

Регнум агентлиги хабарига кўра, судланганларнинг 6 нафари 7 йилдан 10 ярим йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Қолганларига эса жазонинг озодликдан маҳрум қилишдан кўра енгилроқ турлари қўлланган.

Шунингдек, суд ҳаъйати чақалоқларни сотиб олган шахсларга нисбатан болаларни мамлакатда ўрнатилган қонунчиликка биноан бошқатдан асраб олиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG