Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:50

Санобар Шерматова оламдан ўтди


Санобар Шерматова Ўзбекистонга бўлган муҳаббатини бир умр сақлаб қололган аёл эди, дейди унинг дўстлари.
Санобар Шерматова Ўзбекистонга бўлган муҳаббатини бир умр сақлаб қололган аёл эди, дейди унинг дўстлари.

Марказий Осиё масалалари бўйича таниқли журналист, таҳлилчи, РИА Новости агентлигининг экспертлар кенгаши аъзоси Санобар Шерматова душанбага ўтар кечаси вафот этди. Санобар опа 1990-1996 йилларда Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қилган эди.


Санобар Шерматова 59 ёшда эди. Бир ойдан кейин 60га тўлар эди. Озодлик радиосининг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга оид мавзулари аксар ҳолларда Санобар опанининг иштирокисиз битмас эди.

Раҳматликнинг ўғли Тоҳиржон, бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди, деди Озодлик мухбири билан суҳбатда.

- Ҳаммаси кечаси, кутилмаганда ва тезда рўй берди. У киши хушларидан кетиб қолди. Шифокорлар тромб узилиб кетган бўлса керак, дея тахмин қилишмоқда.

Санобар Шерматова 1951 йил 13 апрелида Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида зиёлилар оиласида туғилди. Мактабни битиргач, Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институти, ундан кейин Москва Давлат Университетининг журналистика факультетини тугатди.

Санобар опа ўз фаолиятини асосан Ўзбекистонга ва Марказий Осиёдаги воқеаларни ёритиш ва таҳлил қилишга бағишлади.

Фаолиятининг асосий йиллари перестройка даври ва собиқ совет республикаларининг мустақиллик йилларига тўғри келган Санобар опа ўша пайтларда рўй берган энг долзарб мавзуларни ёритди. Улар орасида Санобар опанинг Фарғона фожиаси, Паркент воқеалари, Тожикистондаги фуқаролар уруши ва Марказий Осиё давлатларидаги бошқа воқеаларни эслаш мумкин.

Айниқса, Тожикистондаги фуқаролар урушига оид мақолалари ва таҳлилий материаллари билан Санобар Шерматова жасур ва холис журналист, деган ном қозонди.

Фуқаролар уруши даврида Тожикистон сиёсий майдонида асосий шахслардан бири бўлган, собиқ муфтий, ҳозирда мамлакат парламенти аъзоси Акбар Тўражонзода Санобар опани яхши эслайди.

- Жуда яхши одам эди. У кишидан менда жуда яхши хотиралар қолган. Инсофли, ҳимматли, ғайратли одам эдилар. Ўз касбининг мутахассиси, яхши бир инсон, ўз ақидасида, ишида собитқадам ажойиб бир инсон эдилар. Худо жойини жаннат қилсин. Худо қавми қариндошларига сабри жамийл берсин.

Таниқли журналист Олег Панфилов Санобар опа билан кўп йиллар ёнма-ён ишлаган.

- Бу хабар мен учун аччиқ ва аламлидир. Чунки яқин одамдан жудо бўлиш, айниқса бундай ҳаиқатгўй, соф ва ноёб дўстдан ажралиш жуда оғирдир. Боз устига мен бир ярим йилдан бери Грузияда яшашга мажбурман ва менга яқин бўлган одамдан жудо бўлиб, уни сўнгги йўлга кузата олмаслик билгиси мен учун жуда оғир. Менимча, бу ўзбек журналистикаси учун катта йўқотиш бўлди. Энг муҳими, у Ўзбекистонга бўлган муҳаббатини бир умр сақлаб қололган аёл эди. Жуда кўп муаммо ва қийинчиликларга қарамасадан, у Ўзбекистонни севишини айтишдан чарчамс эди. Биз у билан Ўзбекистон ҳақида кўп суҳбатлашар эдик ва Санобар ҳар доим ўз Ватани учун энг эзгу тилакларини айтар эди. Афсуски, Санобарга у истаган озод ва демократик Ўзбекистонни кўриш насиб этмади.

Россияда Санобар Шерматова “Московские Новости” газетаси, “Большая политика” журналларида ишлади. Кейинги йилларда РИА Новости агентлигининг экспертлар кенгаши аъзоси сафатида фаолият юритиб келди ва Россия матбуотида энг долзарб мавзуларни ёритиб келди.

Фарғона.ру Интернет нашрида эълон қилинган Марказий Осиё сиёсати ҳақидаги таҳлилий материаллари энг кўп ўқиладиган мақолалар қаторидан жой олар эди. Фарғона.ру агентлигининг бош муҳаррири, асли ўзбекистонлик Даниил Кислов эслайди.

- Ёш ва фаол инсонларнинг ҳаётдан кетиши жуда аламли ва оғриқлидир. Бир ойдан кейин Санобар эндигина 60га кириши керак эди. Лекин у анча ёш кўринар эди, жуда гўзал ва фаол аёл эди. У ўз миллати, ўз Ватанига бўлган муҳаббати билан ҳақиқий ўзбек аёли эди. Яқинлари уни Ватанида дафн этиш ниятида эканини эшитдим. Мен бундай инсонларнинг ўз Ватанларига қайтишини истар эдим, умуман ҳаётлиги пайтида ўз Ватанида бўлиши маъқул бундай инсонларнинг. Бу Ўзбекистон учун ҳам, Россия учун ҳам, бизнинг жамоамиз ва экспертлар жамоаси учун ҳам оғир жудоликдир. Чунки Санобар баъзи таҳлилчилар каби қуруқ гапларни гапирмас эди, у Марказий Осиё минтақаси учун муҳим бўлган фикрларни гапириб келган аёл эди. Жойи жаннатда бўлсин.

Россиядаги “Время новостей” газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов Санобар опани ўзининг яқин дўсти ва ҳаммаслаки, деб билган.

- Бунга ишониш қийин. Очиғи мен учун бу ҳақда гапириш жуда оғир. Бундай дамларда, яхши инсонлар бевақт кетганларида ҳаёт нақадар адолатсиз, деган фикр келади. Мени юпатаётган нарса – у қийналмасдан кетди. Бу фақат иззатли инсонларга насиб этади. У жуда ажойиб, самимий, холис инсон эди. Шу сабабдан у жуда профессионал ва ҳақиқатгўй журналист эди. Чунки касби унинг ҳаёти эди. У шарқона латофатга эга бўлган гўзал аёл эди. Унда ўзидаги шарқона латофат ва жозибани бошқалар билан улаша оладиган қобилияти бор эди. Унинг самимий ва кумушдек тоза кулгусини эсдан чиқариш қийин бўлади мен учун. Санобар жуда жасур инсон ҳам эди. Унинг ҳаёти осон кечмади. У ҳаётининг катта қисмини Ватандан узоқда ўтказди. Касбий жиҳатдан у ҳар доим профессионал ва аниқ фикрларни билдирар эди. У ростгўй эксперт эди, фикр билдришда конъюктурага мослашиб гапирмас эди. Худога шукр, у аёл киши бошдан кечириши керак бўлган ходисаларни кўрди. У она эди, ундан икки нафар ажойиб ўғли қолди. У набирасини қўлга оиш бахтига ҳам муяссар бўлди. У севишни билар эди ва уни севишар эди. Жойи жаннатда бўлсин.

Санобар опа умрининг охиригача журналистик изланишларни тўхтатмади. Сўнгги ойларда раҳматлик ўтган йили Қирғизистон жанубида рўй берган қонли воқеаларга бағишланган китобни бошлаб қўйган эди. Бунинг учун Санобар опа бир ҳафта аввал Қирғизистонда бўлиб, воқеа гувоҳлари, оддий инсонлардан тортиб Роза Отунбаевагача бўлган сиёсатчилар билан қатор суҳбатларни ўтказиб келган эди.

- Онамнинг режалари кўп эди. Кеча ҳам режалари ҳақида гапираётган эдилар. Бугун эса, у киши йўқ, дейди Тоҳиржон.

Санобар Шерматова Озодлик билан 1990-1996 йилларда ҳамкорлик қилган. Лекин ундан кейин ҳам таҳририятимиз аъзолари билан дўст бўлиб қолди.

Озодлик Ўзбекистон ёки Марказий Осиёга бағишланган таҳлилий мақолаларни тайёрлар экан, аксар ҳолларда Санобар опанинг фикри ёки маслаҳатисиз бу мақолалар номукаммал бўлиб кўринар эди.

Санобар Шерматова Озодликнинг "Давр менинг тақдиримда" эшиттириши қаҳрамони сифатида ҳам қатнашган эди. Қуйида 2007 йилда эфирга берилган дастурни тинглашингиз мумкин.



Озодлик таҳририяти Санобар Шерматова оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
XS
SM
MD
LG