Линклар

Тошкентда 12 чақалоқфуруш судланди

  • Сарвар Усмон

Жиноий гуруҳ соғлом чақалоқларнинг ҳар бирини 1500 дан 3000 АҚШ долларигача пуллаган.

Жиноий гуруҳ соғлом чақалоқларнинг ҳар бирини 1500 дан 3000 АҚШ долларигача пуллаган.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари суди бола сотиш билан шуғулланган 12 кишилик гуруҳнинг 6 аъзосини 7 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди. Регнум агентлигига кўра, МХХ фош қилган жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.


Регнумнинг ёзишича, бола сотиш билан шуғулланган гуруҳни бир неча туғруқхонанинг ҳуқуқшуноси бўлиб ишлаган 63 яшар Иқборхон Ҳакимова бошқарган. Гуруҳ туғруқхоналар ва бошқа даволаш муассасаларида ишлайдиган ҳамширалар ҳамда турли техник ходимлардан иборат бўлган.

Маълумки, туққан она боласидан воз кечиши тўғрисида ариза ёзган тақдирда, чақалоқ, қонунга биноан, Чақалоқлар уйига ўтказиб берилади. Шунинг учун жиноий гуруҳ раҳбари асосан, никоҳсиз туққан аёллар билан хуфя гаплашиб, уларни боласидан кечиш тўғрисида ариза ёзмасликка кўндирган.

Шундан сўнг сотишга мўлжалланган чақалоқлар туғруқхоналардан ўғирлаб чиқилган ва гуруҳ аъзоларидан бирининг уйида сақланиб, фарзандсиз оилаларга сотилган.

Ҳар бир соғлом чақалоқ 1500 доллардан 3000 долларгача баҳоланган.

Соғлом эмаслари Чақалоқлар уйи остонасига ташлаб кетилган.

Хоразмлик врач Суҳбат Абдуллаевнинг айтишича, куни кеча ўтказилган судлов шу турдаги жиноят бўйича ўтказилган ягона судлов эмас.

- Кейинги пайтларда “туғруқхоналарда бола сотилибди” деган гапларни эшита бошладик. Бу соҳада бир-иккита жиноий ишлар ҳам бўлди, бир-иккиталари қамалди ҳам.

Озодлик: Мен айтган воқеадан бошқа воқеани назарда тутаяпсизми ëки ...

- Албатта.

Озодлик: Қачон бўлган эди бу жиноят иши?

- Ўтган йил бўлган шу нарса.

Озодлик: Қайси вилоятда?

- Хоразмда бўлган шу гаплар, дейди Суҳбат Абдуллаев.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича ҳам чақалоқфурушлик жиноятнинг кеча пайдо бўлиб қолган янги тури эмас.

- 90-йилларда бир нечта шунақа судлар бўлган. Чақалоқларни туғруқхонанинг ўзида ноқонуний туғилганми ëки онасининг хабар бўлмаганми қизлар туғиб қўйган, шунда шунақа ноқонуний сотишлар бўлган. Бир нечта қамоқ жазоси бўлган бунақалар ҳақида, дейди Суръат Икромов.

Демак, Иқборхон Ҳакимова бошқарган гуруҳ амалга оширган жиноят уникал воқеа эмас, балки бир неча йиллардан бери давом этиб келаётган ҳодисадир. Бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш учун эса, кузатувчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳушёрлиги етарли эмас. Чунки талаб бор жойда таклиф ҳар доим мавжуд. Зеро ўзлари тирноққа зор ота-оналар афсуски, шу пайтгача бўлган ва, афтидан, бундан кейин ҳам бўлади.

Лекин фарзанд кўриш бахтига зор ота-оналар учун фарзандли бўлишнинг ўғирланган бола сотиб олишдан бошқа, қонуний йўли ҳам бор.

Айни пайтда ЎЗ фарзандига эга бўлишнинг тиббиёт ютуқларига асосланган бошқа йўллари ҳам мавжудки, улар тўғрисида Ўзбекистондаги туғруқхоналардан бирининг врачи билан қисқа савол-жавоб ўтказдик.

Озодлик: Ўзбекистонда суррогат оналик борми йўқми?

- Ўзбекистонда йўқ.

Озодлик: Мумкин эмасми суррогат оналик?

- Унақа қонун борми ëки йўқми билмадим, лекин бизларда ўзи экстракорпорал уруғлантириш дейиладику у нарса. Бизнинг Ўзбекистонда биламан битта "Доктор+" борку Тошкентда, шулар шуғулланишарди. Ҳозир шуғулланишадими ëки йўқми билмаймиз лекин. Мумкин ëки мумкин эмаслигини мен сизга айта олмайман лекин. Лекин суррогат оналик йўқ бизларда.

Озодлик: Фарзанд кўра олмаëтганларнинг муаммолари қандай ҳал қилинади унда?

- Фарзанд кўра олмайдиганларни лечение қилиб кўрамизда. Сабаблари топилади, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган туғруқхона врачи.

"Суррогат оналик", "экстракорпорал уруғлантириш" деган атамаларни тушунтириш заруратидан ўзимизни халос этиб, яна бир хабарга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

БМТ Европа иқтисодий комиссияси хабарига қараганда, кейинги йилларда Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида ўсмир қизлар орасида ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари кўпайган.

Шу хабардан келиб чиқиб, туғруқхона врачидан "кейинги йилларда ўсмир қизларнинг ҳомиладор бўлиш ҳолатлари кўпайибди Марказий Осиëда. Ўзбекистонда ҳам кўпайган дейиш мумкинми мумкин эмасми", деб сўрадик.

- Ўсмир қизлар ичида, қандай деса бўлади, бизларда ҳозир қонун яхши кетаяптику оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича. Ҳозир камайган анча. Улар 16-17 ëшда турмушга бериш ва туғиши мумкин эмаслигини тушунишаяпти. Шунинг учун ҳозирги пайтда камайган.

Озодлик: Сиз никоҳдаги туғишларни айтаяпсизда. Беникоҳ туғишлар ҳам борми?

- Акажон унақа нарсани айта олмайман. Уни статистикадан кўриб айтиш керакда, дейди туғруқхона врачи.

Албатта, бу врачнинг айтганлари унинг шахсий фикри ва уни бутун мамлакатдаги аҳвол акси сифатида тақдим этмоқчи эмасмиз.

Лекин жазоланган гуруҳга оид рақамлар ўйланишга мажбур қилади.

Хабар қилинишича, чақалоқфурушлар гуруҳи ҳаммаси бўлиб 70 та бола сотган.

Никоҳда туғилган чақалоқлардан одатда ҳеч ким воз кечмаслигини назарда тутсак, БМТ Европа иқтисодий комиссияси эълон қилган маълумотларни Ўзбекистон мисолида ўрганиб кўриш зарурдек кўринади.

Айтилишича, жазоланган гуруҳ сотган 70 чақалоқнинг тўрт нафари чет элга сотилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG