Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Гуантанамо маҳбуслари ҳарбий трибуналда судланаверади


Гуантанамо қамоқхонасининг Делта лагери, 30 март 2010 йил
Гуантанамо қамоқхонасининг Делта лагери, 30 март 2010 йил

АҚШ президенти Барак Обама террорчиликка алоқадорликда гумонланиб АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базаси қамоқхонасида сақланаётган маҳбусларни ҳарбий трибуналда судлашни давом эттиришга рухсат берди.

Оқ Уй эълон қилган баёнотда Обама “террорчиларни адолатли жазога тортишда АҚШ имкониятларини кенгайтириш учун” янги судлар бўлишига рухсат бериши билдирилган.

- Мен Американинг адлия тизими Ал-Қоида ва унинг иттифоқчиларига қарши курашдаги муҳим қуролимизнинг бир қисми эканига ишонаман, - деди президент Обама.

Гуантанамо маҳбуслари устидан олиб борилаётган маҳкамаларни тўхтатиш Барак Обама АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин қабул қилган илк қарорларидан бири эди.

Ҳозир Гуантанамо қамоғида 170 нафар маҳбус сақланмоқда. Улар орасида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштиришга, шунингдек, терроризмга алоқадорликда гумонланиб Афғонистон ва бошқа давлатларда қўлга олинган шахслар ҳам бор.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар Гуантанамо маҳбуслари устида маҳкамалар яна давом этишини қўллаб-қувватламаётган кўринади.

Президент 7 март кунги буйруғи билан маҳбусларни суд қилмасдан қамоқда номаълум муддат сақлаб туриш жараёнини тиклади.

Оқ Уй баёнотида Обама маъмурияти Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш ниятидан воз кечмагани билдирилган.

Барак Обама Гуантанамо тутқунларини АҚШ ҳудудига кўчириб, уни 2010 йил бошига қадар ёпишни ваъда қилган эди. Бироқ Конгресс аъзоларининг қаршилиги бу йўлдаги уринишни издан чиқарди.

Айни пайтда Оқ Уй айрим маҳбусларни Федерал маҳкамада судлаш ниятида эканини яна бир карра таъкидлади.

Обама маъмурияти Гуантанамо маҳбусларини қабул қилишга рози бўлган давлатларни топишда ҳам қийинчиликка учрамоқда.

АҚШ Давлат департаменти шу пайтга қадар 67 нафар собиқ Гуантанамо тутқунини учинчи давлат ихтиёрига топширилганини маълум қилган.

Гуантанамо маҳбусларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган америкалик адвокат Майкл Монга кўра, Халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидга учраб келаëтган Гуантанамо ҳарбий базаси қамоғида жами тўрт нафар ўзбекистонлик маҳбус сақланган.

Улар Ойбек Жабборов, Камолиддин Қосимбеков, Алишер Ҳамидуллаев ва Шоҳрух Ҳамидовлардир.

Терроризм билан боғлиқ барча айбловлар олиб ташланган бу тўрт маҳбусдан икки нафарига Ирландия¸ бирига Швейцария ва тўртинчисига Латвия ҳукумати бошпана берди.
XS
SM
MD
LG