Линклар

Мўътабар Тожибоева АҚШ мукофотидан воз кечди


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева АҚШ Давлат департаментининг "Жасоратли аёл" муфокотини 2009 йилда АҚШ биринчи хоними Мишел Обама ва Давлат котиби Ҳиллари Клинтон қўлидан қабул қилганди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева АҚШ Давлат департаментининг "Жасоратли аёл" муфокотини 2009 йилда АҚШ биринчи хоними Мишел Обама ва Давлат котиби Ҳиллари Клинтон қўлидан қабул қилганди.

Мўътабар Тожибоева 2009 йилда АҚШ Давлат департаментидан олган "Жасоратли аёл" мукофотидан воз кечди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари айни мукофотнинг Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаевага берилаётганига норозилик ўлароқ, ундан воз кечишини эълон қилди.


Мўътабар Тожибоева 7 март куни эълон қилган очиқ макутбда "Бугун Қирғизистонда МИЛЛАТДОШларимни аёвсиз қирғин қилинишига томошабин бўлган, хонавайрон бўлган халқимга жўнатилган ёрдамларни ўзлаштирилишига кўз юмган, “этник тозалаш”га барҳам бермаган, ЎЗБЕГИМни қийнаётган зўравонларни бугунги кунгача тўхтата олмаган Қирғизистон раҳбарига “Жасоратли аёл” мукофотининг тақдим қилиши, халқимнинг АҚШга, чинакам адолат ва ҳақиқатга бўлган ишончини, умидини ўлдирди.

Мен Роза Ўтинбоева билан бир сафда мукофотдош бўлишни ХАЛҚИМ, МИЛЛАТИМ учун хақорат деб биламан. Қўли қонга ботган, ўтмишдаги ижобий ишларига қора бўёқ сурган бу аёл билан бир сафда бўлишдан ор қиламан ва шу боис менга 2009 йилда топширилган АҚШ Давлат Департаментининг «Жасоратли аёл» мукофотидан воз кечишим ҳақида дилда алам, кўзда ёш билан маълум қиламан", дейилади.

АҚШ Давлат департаменти бу йилги “Жасоратли аёл” халқаро мукофоти совриндорлари орасида Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбоева ҳам борлигини эълон қилган. Бу мукофотнинг Қирғизистон президентига 8 март куни АҚШ Давлат департаментида ўтказиладиган тантанали маросимда Давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан топширилиши кутилмоқда.

АҚШ расмийлари фикрича, Ўтунбоева Қирғизистон равнақи учун узоқ йиллардан бери тер тўкиб, жасорат кўрсатиб келаётган аёлдир.

"Жасоратли аёл" мукофоти ҳар йили 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан АҚШ Давлат Департаменти томонидан топширилади.


2009 йилнинг 11 март куни ўтказилган маросим. АҚШ Давлат Департаменти расмий сайтидан олинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги бир неча халқаро мукофотлар совриндори Мўътабар Тожибоева "Жасоратли аёл" мукофотини 2009 йилда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва АҚШ Биринчи аёли Мишель Обама қўлидан олган эди.



Мўътабар Тожибоевага “Жасоратли аёл” мукофотининг берилиши Тошкент билан Вашингтон ўртасида жиддий мунозараларга сабаб бўлган эди.

Бу ҳақда WikiLeaks сайти эълон қилган АҚШ махфий депешаларида ҳам айтилган.

WikiLeaks эълон қилган махфий ҳужжатлар Тожибоевага "Жасоратли аёл" мукофотининг берилиши Тошкент билан Вашингтон ўртасида жиддий мунозараларгасабаб бўлганн тасдиқлади.
Хусусан, WikiLeaks эълон қилган махфий ҳужжатларнинг бирида айтилишича, 2009 йил 13 март куни ўша пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлган Владимир Норов Тожибоевага мукофот берилгани юзасидан АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ричард Норландга демарш эълон қилиб, мазкур ҳолат Ўзбекистон ҳудуди орқали АҚШ ҳарбий юкларини Афғонистонга транзит қилиш келишувини таҳдид остида қолдиришини маълум қилган. Бу демаршга жавобан АҚШ элчиси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида президент Ислом Каримов билан учрашув уюштириб беришни илтимос қилган.

2009 йил март ойи охирида Вашингтонга юборган каблограммада айтилишича, 18 март куни бўлиб ўтган учрашув пайтида президент Ислом Каримов элчи Норландга “Жасоратли аёл” мукофотининг Тожибоевага берилиши ортида ўзига қарши қаратилган сиёсий мақсадлар борлигини таъкидлаган. Бу ҳодисани ўзига нисбатан “уятли”, дея баҳолаган Ислом Каримов, шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳудуди орқали ноҳарбий юкларни Афғонистонга транзит қилиш бўйича генерал Дэвид Петерус билан муҳокама қилинган келишув кучда қолишини таъкидлади, дейилади депешада.

WikiLeaksда эълон қилинган ҳужжатга кўра, бир ярим соатлик учрашув давомида Каримов элчига бу ҳолат юзасидан ғазабини кўрсатган, тилёғламалик қилган ва уни калака қилган ҳолда, бу ҳодиса АҚШ-Ўзбекистон муноасбатлари ривожига ҳисса қўшмаслигига аниқ ишора қилган.

“Каримов гапни элчидан “жасоратли аёл” мукофотини топшириш маросими нима экани ва бундай юқори даражадаги маросимда Тожибоевага мукофотнинг топширилиши нимани англатишини тушунтириб беришни сўрашдан бошлади. Элчи мазкур тадбир инсон ҳуқуқлари қадриятларини халқаро миқёсда тарғиб қилган аёлларни эътироф этишга қаратилгани, давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Биринчи аёл Обама шахсан катта эътибор қаратувчи ҳамда АҚШ сиёсатида устувор аҳамиятга эга бўлган маросим эканини тушинтирди. Бу АҚШнинг Марказий Осиё ёки Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқиш маҳсули ёҳуд биз бирор бир мухолифат гуруҳини қўллаб қувватлашимизни англатмайди. Аксинча, деди элчи, Тожибоева ҳар доим инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун санкциялар ва изоляциядан кўра, (Ўзбекистон) расмийлари билан мулоқот қилиш ғоясини қўллаб-қувватлаб келган аёлдир, бунинг учун у баъзи маҳаллий ва хорижий инсон ҳуқуқлари фаолларининг танқидига учраган”, дейилади махфий каблограммада.

WikiLeaks эълон қилган депешаларда айтилишича, Каримов элчининг бу изоҳларини “юзаки” ва “эскича фикрлаш”нинг бир кўриниши, дея атаган. 11 март кунги тадбир (“Жасоратли аёл” мукофотини топшириш маросими) ўзининг юқори даражадаги пиар жиҳати билан АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ишончга путур етказди, дея таъкидлаган Каримов элчига қарата. Ўзбекистон президенти Тожибоевани бундай тарзда эътироф этиш хато бўлганини таъкидлаб, уни “товламачи” дея атаган. Бундан ташқари, Каримов “Тожибоевани ички ишлар вазирлиги расмийси билан дон олишиб юрганлик ва бошқа фаолларни сотганлик”да айблаган. Бундан ташқари, Тожибоеванинг ўзига қарама-қарши қўйилаётган сиёсий бир фигура сифатида кўрилаётгани Каримовнинг айниқса ғашини келтирган кўринади, дея хулоса қилган элчи Норланд. Бунга жавобан АҚШ дипломати мазкур тадбир дунё бўйлаб аёлларни рағбатлантиришга қаратилгани ва уни АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсатининг асоси, деб қараш хато бўлишини айтган. Шундан кейин бироз юмшаган Каримов минтақа хавфсизлигига оид масалаларни муҳокама қила кетган, дейилади WikiLeaks эълон қилган махфий ҳужжатларда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG