Линклар

Ўшлик қочқинлардан иборат Брюсселдаги "Алишер Навоий" номли ташкилот Қирғизистон раҳбари Роза Ўтунбaевага АҚШ ҳукуматининг "Жасоратли аёл" мукофоти берилгани юзасидан норозилик изҳор қилди.

Ташкилот раҳбари Дилмурод Тиллахўжаевга кўра, бу борадаги махсус петиция Қирғизистон президенти ва АҚШ Давлат департаментига йўлланган.

- Бу мукофот ташкил қилингандан бери ҳали у бирон марта давлат раҳбарига берилмаган эди. Аксинча, нодавлат ташкилотлари, бўлиб ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига берилган мукофот эди. Лекин бугун сиёсий ўйинлар намойишини кўриб турибмиз. Қирғизистон раҳбарига бериш ўрнига бу мукофотга лойиқроқ бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари, масалан, Тўлейкан Исмоилова, Азиза Абдурасуловалар ё бошқаларга бериш мумкин эди.

Шу тўғрида ўзимизнинг ожизона бир қаршилигимизни билдириб қўйяпмиз. Ўш қирғини бўлиб турган пайтида биз қанча кутдик Роза Ўтунбаеванинг келишини. Ўтунбаева хонимдан бизнинг талабимиз шу эдики, боринг Ўшга кўришинг ўзбеклар билан. Кўринг ўз кўзингиз билан нималар бўлаётганини. Нимага икки марта бордиб кўришмай келяпти, - деди Дилмурод Тиллахўжаев Озодлик билан суҳбатда.

АҚШ Давлат департаменти бу йилги “Жасоратли аёл” халқаро мукофотини Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоевага топширишни лозим топган.

Мазкур мукофотнинг Қирғизистон президентига 8 март куни АҚШ Давлат департаментида ўтказиладиган тантанали маросимда Давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан топширилиши кутилмоқда.

АҚШ расмийлари фикрича, Ўтунбоева Қирғизистондаги демократия равнақи учун узоқ йиллардан бери тер тўкиб, жасорат кўрсатиб келаётган аёлдир.
XS
SM
MD
LG