Линклар

8 март бугун...

  • Сарвар Усмон

Ўзбеклар ҳаётига Совет ҳокимияти билан кириб келган байрам мутсақиллик йилларида ҳам нишонлаб келинади.

Ўзбеклар ҳаётига Совет ҳокимияти билан кириб келган байрам мутсақиллик йилларида ҳам нишонлаб келинади.

8 март Халқаро хотин-қизлар куни сифатида бу йил юзинчи марта нишонланмоқда. Бу кун илк бор 1911 йили Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда нишонланган эди. Лекин хотин-қизлар тенг ҳуқуқлилиги учун ҳаракатнинг тарихи бу махсус кун тарихидан узунроқдир.


1857 йилнинг 8 мартида Нью Йоркдаги тикув ва пойафзал фабрикаларида ишлайдиган хотин-қизлар намойишга чиққан, улар эркаклар билан тенг иш ҳақи берилишини, иш куни 16 соатдан 10 соатга туширилишини ва бошқа талабларни шиор қилиб чиққандилар.

Совет даврида давлат байрамларидан бирига айлантирилган бу куннинг моҳияти секин-аста ўзгартирилди. Ҳақ-ҳуқуқ масаласи иккинчи планга ўтди ёки умуман эшитилмайдиган бўлиб қолди.

Бугунга келиб 8 март гул-пул, кампит-мампит, упа-элик байрами бўлиб қолгандай. Балки шунинг учун ҳам ўзбекистонлик аёллар ўртасида 8 мартга муносабат турлича. Уни байрам, деб тан оладиганлар ҳам, тан олмайдиганлар ҳам бор.

Кечадан бери тасодифий рақамларни териб Ўзбекистонга қўнғироқ қилдик.

Телефонни кўтарган аёлларни табрикладик.

Озодлик: Байраминглар муборак бўлсин.

- Раҳмат.

Кейин яна бир аёлни, сўнгра яна бирини, беш аёлни, ўн аёлни, ўттизини, қирқини – оналарни, опаларни, сингилларни табриклайвердик, табриклайвердик.

Ҳаммаси суюнди. Ҳаммаси раҳмат айтди. Вой, қандай яхши, дейишди, бошқа гапингиз йўқми, деб сўрашди. Йўқ, дедик.

Шунчаки табриклагимиз келди, дедик.

Бироқ табригимизга "кўнгли ўлмасинга" раҳмат айтиб қўйганлар ҳам бўлди.

Озодлик: Байрамингиз муборак бўлсин.

- Раҳмат. Лекин мен сиз айтаëтган байрамдагилар қаторида бўлмаганим учун ўзимни бахтли ҳис қиламан, табригингизни қабул қиламан.

Тўғриси, бундай жавобдан ҳайрон бўлдик ва аввалдан режалаштирмаганимиз саволлар пайдо бўлақолди ва уларни берақолдик.

Озодлик: Сизнинг жавобингиздан тушунмадим. 8 март сиз учун байрамми, байрам эмасми?

- Мен учун байрам эмас.

Озодлик: Нима учун?

- Аслида айтиладики, аëлларнинг озодликка чиққан куни. Балки аëллар шу пайтлар жуда қийналиб озодликка чиққандир. Лекин аслида унақа бўлмаган. Аслида аëлларни ҳақиқий ҳақ-ҳуқуқидан чекланган кун бўлган.

Озодлик: Демак, ўша байрам деб эълон қилингунча ўзбек аëли ҳур бўлган, лекин шу байрам деб эълон қилингандан кейин озодлигини йўқотиб қўйдими?

- Шунақароқ. Кўп аëллар бўлганки, ҳижобли ëки паранжили аëллар бўлган, ҳақиқатан мажбурий кирганлар бўлган. Улар учун озодлик бўлган. Кўп аëллар бўлган ҳақиқатан ўзлари хоҳлаб “мана шу менинг либосим” деганлар ҳам мажбур бўлишган ўтга ташлашга.

Озодлик: Демак, ўзбек аëли сизнинг фикрингизча, паранжида, ҳижобда юрса, ҳур, озод. Шундоқми?

- Агар ўзи хоҳласа, ҳур.

Ўзини Муслима деб таништирган бу суҳбатдошимизнинг фикрича, унинг ҳурлигини эгнидаги ҳижоби таъминламоқда.

Ўзи хоҳламасачи ҳижобда юришни ўзбек аёли?

Шу масалада суҳбатдошим билан баҳсимиз шу қадар чалкашиб кетдики, адашиблар кетдим, чалғиблар кетдим. Лекин Муслима бир гапни аниқ-тиниқ айтди. Бу гапга ҳамжинсларимнинг эътиборини қаратмоқчиман.

- Ўзи Ўзбекистондаги аëлларнинг кўплари исломда бўлсин бўлмасин, ҳижобда бўлсин бўлмасин аëлларнинг ҳуқуқи эркакларнинг қўлида қолган. Ҳақиқатни ўртага қўйишга ҳам ожиз, қўрқишади,- дейди исми жисмига монанд Муслима.

Муслима суяги Мустақилликдан кейин қотган ўзбек аёлларидан. Унга ўхшаб фикрлайдиганлар қатлами эса, билгичларнинг айтишича, кейинги йилларда қалинлашиб бормоқда.

Ўзбек аёллари орасида 8 мартни байрам сифатида тан олмайдиган яна бир қатлам бор. Анча юпқа бўлган бу қатламни курашчи аёллар қатлами, деб аташ мумкин.

Халқ шоираси Гулчеҳра Нуриллаева ўша қатламнинг ёрқин вакили. Шоира учун 8 март кураш кунидир.

- У аëлларнинг ўз ҳуқуқини талаб қилиб майдонга чиққан кун. Улар эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиб, улар билан жамиятнинг тенг, фаол аъзоси сифатида яшашни истаганлари учун майдонга чиққанлар,- дейди Гулчеҳра опа.

У кишининг фикрича, Совет даврида 8 мартнинг мазмун-моҳиятига путур етказилди. Ўша бузуқ моҳият ҳануз сақланиб қолмоқда. Моҳиятки, бир даста гул, кийимлик, кампит-мампит, упа-элик ва ҳоказо майда-чуйдалар.

- Нима учун биз ўша байрамнинг асл асосига эътибор бермаймиз? Асл асосини унутамиз. Нима учун ўзбек аëли эзилган, хўрланган ўзбек аëли, шу кунларда айниқса, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиқиш ўрнига ëлғондан эркаклардан табрик эшитиши керак? Бу табрикнинг қанча, қайдаража маънавий қиммати бор? Бу табрик аëлларга нима беради, дейди Гулчеҳра опа.

Узоқ гаплашдик Гулчеҳра опа билан. Шу саволигаям, бошқа саволларгаям жавоб изладик. Топгандек ҳам бўлдик. Лекин топганимиздан топмаганимиз кўп бўлди.

Агар 8 март Гулчеҳра опа айтганидай Кураш куни бўлсаю шу куни кураши билан оғизга тушган аёллар мукофотлангудай бўлса, бу йилги мукофот шубҳасиз телемухбирлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларга теккан бўларди.

Уларнинг "Ёшлар" телеканали раҳбарияти билан бир неча ойга чўзилган жанги ҳақида ўз вақтида ҳикоя қилганмиз.

Биз бу курашчи қизлардан бири Малоҳатни ҳам байрам билан табрикладик.

- Бир мартагина хотин-қизларни Ўзбекистон эркаклари эслаб қўядия. Биттаю битта байрам сифатида тан оламан 8 мартни,- дейди Малоҳат Эшонқулова.

Шу тан олиши билан бир зарба туширди Малоҳат биз эркакларга, сездингизми? "Бир мартагина эслаб қўядиган кун" деганини сездингизми? Ҳар нарса бўлганимиз яхшие...

Яна бир савол бердик Малоҳатхонга.

Озодлик: Сизга боғланишимизнинг боиси сиз ўз ҳуқуқингиз учун курашган аëллардансиз. Ҳалиям курашиб келаяпсиз менимча. Ўша ҳуқуқларингизни қанчалик таъминлай олдингиз курашиб?

- Ҳозирча умуман ҳуқуқларимни таъминлай олганим йўқ, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Балки шунинг учун ҳам 8 март хотин-қизлар куни сифатида ўзбекнинг тақвимида қолавериши керакдир?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG