Линклар

Ислом акамизда ақл-фаросат жуда етарли

  • Садриддин Ашур

Фожиали воқеалардан 9 ой ўтиб ҳам Қирғизистон жанубида ўзбекларнинг камситилаётгани ҳақидаги хабарлар кўпчиликни бефарқ қолдирмаяпти.

Фожиали воқеалардан 9 ой ўтиб ҳам Қирғизистон жанубида ўзбекларнинг камситилаётгани ҳақидаги хабарлар кўпчиликни бефарқ қолдирмаяпти.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган суҳбатдошларимиздан бири президент Ислом Каримовнинг сиёсатини ёқлар экан, унинг Ўш қирғини борасида тутган позициясини мисол қилиб келтирди. Ўзбекистонлик оддий фаррош эса Қирғизистондаги ўзбеклар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган борми, дея сўроқлади.

“Президентларга адолатли баҳо бериш керак”

дейди жиззахлик Очил Ҳамроев, Ислом Каримовнинг ички ва ташқи сиёсатига ўз муносабатини билдирар экан:

- Энди ҳар бир президентга баҳо беришда у кишининг бугун жаҳонда қилаëтган ишига қараб баҳо бериш керак. Мана Қирғизистондаги бўлган ваҳшийликларни бизнинг ҳукуматимиздан бошқа бирорта мамлакат БМТ минбаридан туриб гапирмади. Ҳатто қудратли давлатлар бунга қулоқ ҳам солмади. Бизнинг Ислом ака, Ташқи ишлар вазиримиз чиқиб айтдики, буни текшириш керак, топиш керак, жазолаш керак деган ўзларининг ажойиб фикрларини гапирди. Мана энди ички дунëга қарайдиган бўлсангиз, бизнинг бугунги ҳукуматимиз тутаëтган сиëсат ота-боболаримиз тутган дин масаласидачи, дин масаласида ота-боболаримиз тутган имом Бухорийнинг йўлларида, битта ўша Аҳли сунна вал жамоа Имоми Аъзам мазҳаби бўйича ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Лекин албатта ҳар хил оқимлар, ҳар хил нималар, ваҳҳобий дейди, террорист дейди, Ҳизбут-Таҳрир дейди, буларга қарши курашиш бизларнинг динимиз учун ҳам яхшику. Мен туҳмат қилинган одамларни айтмаяпман.

Энди мана Ислом акамиз, қаранг эътибор берадиган бўлсангиз, ичкаридаги порахўр амалдорларга (қарши) шунақанги ажойиб курашаяптики, буни ҳамма кўриб турибди. Бутун жаҳон кўриб турибди. Мен ўйлайманки, Ислом акамизда ақл-фаросат жуда етарли. Бу кишининг ëши ҳам жуда ажойиб. Ислом акамиз мен ўйлайманки, кўриб туринг, ўша порахўр амалдорлар ишлаб турган пайтида, ҳозиргилар эмас, бундан 10-15 йил олдин порахўрлар ишлаб турган пайтида ўша порахўрларга қарши курашган айрим одамларни ўзларича туҳмат қилиб туриб “сен ваҳҳобийсан” деб туриб, қалбаки ҳужжатлар билан рўйхатга қўйиб, қаматиб юборган. Мен ўйлайманки, бизнинг ҳукуматимиз вақти келади, буни ҳам текшириб ўша амалдор порахўрларни жазолайди деб ўйлайманда,- дейди жиззахлик Очил Ҳамроев.

“Қирғизистондаги ўзбекларни ҳақсизликдан ким ҳимоя қилади”

дейди Россиядаги меҳнат муҳожири Муқаддасхон:

- Гапирадиган гапимиз шу ҳаммамиз ўзбекмиз. Қирғизистон шунақа кучли давлат бўлиб кетганмики, ўзбекларни шунчалик камситиб, тупуриб, устидан кулиб қамоқларга қамаса ҳам, бир инсон нимага ҳеч кимнинг гапи ўтмайди? Мен ўзим ўзбекистонликман. Ўзбекман мен. Ҳеч қаерда ўзбеклигимни инкор қилмайман. Бизнинг қирғиз дўстларимиз ҳам бор. Шунчалик ваҳший бўлиб кетганми булар? Нимага ҳеч ким буларга э деëлмаяпти? Мен ўзбеклигим учун хафа бўлиб кетдим. Қуроли йўқ одамнинг бўйнига қуролинг бор деб қўйиб пул олса. Биз эшитаяпмиз. Ўшдан келган одамлар йиғлаб келаяпти. 45 яшар эркаги ҳам, 50 яшар эркаги ҳам. Бу ғирт бедодликку. Нимага ҳеч ким индай олмайди? Ҳеч кимнинг тиши ўтмайди Қирғизистонга. Мени шу нарса қизиқтираяпти. Оддий инсон сифатида шу нарса қизиқтираяпти. Мен политикмасман. Битта уборшицаман. Қандай қилиб ҳеч ким индай олмайди,- дейди Муқаддасхон.


“Ўзбек мардикори оқиб келмоқда”

дейди Санкт Петербург шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Раҳим ака.

- Бугун ҳам мана бир-иккита оғайниларни кутиб олдик. Тошкент самолëтида битта-иккита маллавойларни кўрардим. Бугун битта ҳам йўқ. Ҳаммаси мардикор. Бола-чақалари билан, хотинлар эрини ташлаб келган. Эри рўзғор қийинчилигидан, иш йўқлигидан ароққа ўтириб қолган, героинга ўтириб қолган. Аëл иккита боласини онасига ташлаб ўша алкаш эрни боқаман деб мана шу ерга тирикчилик учун келган. Раҳмим келади. Уларнинг тинмай ишлаганларию, қаëқда қараса дворник ҳам, бошқаси ҳам ҳаммаси бор. Буларнинг томлари тунука. Шуларнинг устига алпинистлар чиқиши керак. Битта-иккита ўзбек ҳам ўлди. Ана шу ерларга чиқади ака. Эрталабдан кечқурунгача 1000 рубл (тахминан 34 АҚШ доллари - таҳр.) учун ишлайди. Жонини гаровга қўяди. Бир минут тиним бўлмас экан шуларга.

Озодлик: Оммавий тарзда оқиб келаяпти деяпсиз. Ҳақиқатан ҳам жуда каттами оқим?

- Жуда катта. Мен энди хоналарини айтадиган бўлсам, ëтоқхоналар, вагонлар, ремонт талаб қиладиган учта хона бўладиган бўлса, ҳар битта хонада 8 нафардан одам ëтади. Ҳожатга ҳам очередга туришади. Бет ювишга очередга туришади. Хонага 3000 рубл ойига тўлашади. Ишнинг тайини йўқ. Ойлаб ишга рухсат, рўйхатдан ўтишни кутади. Кўчага чиқса ҳам милициялар ўзбекчалаб “100 сўм бер” деб туради. Шу сўзни билишади. Ҳуқуқини билмаган беради, билса ҳам, ҳужжат тўғри бўлса ҳам, ҳуқуқини талаб қила олмайди. Мана шунақа гаплар. Лекин ишнинг тайини йўқ. Қор кураш бўлиб турарди, у ҳам тўхтади,- дейди суҳбатдошимиз Раҳим ака.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG