Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:23

Обама ва Камерон Ливия бўҳронини муҳокама қилди


U.S. - U.S. President Barack Obama and British Prime Minister David Cameron (L) meet in the Oval Office of the White House in Washington, 20Jul2010
U.S. - U.S. President Barack Obama and British Prime Minister David Cameron (L) meet in the Oval Office of the White House in Washington, 20Jul2010

АҚШ президенти Британия Бош вазири билан Ливияда давом этаётган бўҳрон масаласини муҳокама қилди. Сўзлашувдан кейин Камерон дунё Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий ўз халқига нисбатан қўллаётган зўравонликларга четдан қараб тура олмаслигини урғулади.

Оқ Уй матбуот хизмати икки давлат раҳбарлари Ливия узра парвоз таъқиқланган зона жорий қилиш тўғрисида сўзлашганларини маълум қилди.

АҚШ Ливия узра парвоз таъқиқланган зона жорий қилиниши БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланиши кераклигини айтмоқда.

- Бизнингча, бу борада АҚШ эмас, балки Бирлашган миллатлар ташкилоти қарор қабул қилиши муҳим, - деди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида.

Чоршанба куни президент Барак Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчилари ўзаро учрашув ўтказиши режаланган.

Расмийларга кўра, йиғилишда Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий зўравонликларни тўхтатиши ва ҳокимиятни тарк этишида унга босимни кучайтириш учун қандай чоралар кўриш мумкинлиги муҳокама этилиши кутилмоқда.

Мазкур учрашувда Клинтоннинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Том Донилон ва Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Леон Панетта ҳам иштирок этади.

Ассошиэйтед пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, Обама ва Камерон мулоқоти чоғида АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Ливия бўҳрони юзасидан ҳаракат қилишга, жумладан, парвоз таъқиқланган зона жорий қилиш чорасини кўришга келишиб олганлар.

Британия ташқи ишлар вазири Виллиам Ҳейг 8 март куни ўз мамлакати ва Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг учиш таъқиқланган зона ташкил этиш ҳақидаги резолюциясини ишлаб чиқаётганини айтди.

- Биз парвоз таъқиқланган зона резолюциясининг бир қисмини тайёрлаш устида ишлаяпмиз. Биз бу масалада БМТ Хавфсизлик кенгашида Франция билан бирга иш олиб боряпмиз. Бу, албатта, шартли режа. Кеча айтиб ўтганимдек, халқаро ҳамжамият "бунинг учун эҳтиёж бор", деб очиқ тан олиши керак, - деди Виллиам Ҳейг.

Айни пайтда Ливияни 41 йилдан бери бошқариб келаётган Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар исёнчилар эгаллаб олган шаҳарларни қайта назоратга олиш учун ракеталар, танклар, тўплар ва учқичларни ишга солаётир.

Пойтахт Триполига яқин жойлашган Завия шаҳрида шиддатли тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабарлар келмоқда. Аҳоли вакилларининг Ройтер ахборот агентлигиги айтишларича, шаҳарни қуршовга олишда элликка яқин танклар қатнашаяпти.

Ливия ҳукумати шаҳарнинг аксар қисмини ўз назоратига олганини маълум қилди. Мамлакат шарқида эса ҳукумат учқичлари Рас-Лануф нефт порти атрофидаги партизанлар эгаллаган ҳудудларни бомбардимон қилди.

Ливияда зўравонликлар давом этаётгани НАТО ва Вашингтонни тезроқ чора кўришга ундамоқда.

Хабарларга кўра, Қаддафийга содиқ қолаётган кучлар ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувларда, айрим манбаларга кўра, шу пайтгача минглаб одам нобуд бўлгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG