Линклар

Мўътабар Тожибоева баёноти қирғиз жамиятига ёқмади


Қирғизистондаги айрим интернет-форумлар иштирокчилари президент Роза Ўтунбаевани АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан қутлаб, Мўътабар Тожибоева баёнотини қораламоқдалар.

Қирғизистондаги айрим интернет-форумлар иштирокчилари президент Роза Ўтунбаевани АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан қутлаб, Мўътабар Тожибоева баёнотини қораламоқдалар.

Қирғиз жамиятида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг президент Роза Ўтунбаевага АҚШ Давлат департаментининг “Жасоратли аёл” мукофоти берилишига билдирган муносабати кескин танқидга учрамоқда.


Роза Ўтунбоевага 8 март куни “Жасоратли аёл” мукофоти берилган эди. Бу мукофотга 2009 йилда сазовор бўлган Мўътабар Тожибоева Роза Ўтунбоева билан бир сафда мукофотдош бўлиш ўзи ва ўзбеклар учун ҳақорат эканини айтиб, “Жасоратли аёл” мукофотидан воз кечганини билдирган.

Мўътабар Тожибоева Қирғизистон президентини Ўшдаги июн воқеалари олдини ола билмаганликда, Ўшдаги ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқлари паймол қилинаётганига кўз юмаётганликда айблаганди.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати Мўътабар Тожибоеванинг баёноти юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ.

“Ҳозирда президент матбуот хизмати Роза Ўтунбаева билан бирга Америка сафарида бўлгани учун бу борада бирон фикр билдира олмаймиз”, дейишди президент маъмурияти ходимлари.

Қирғиз матбуотида эса президент Ўтунбаеванинг “Жасоратли аёл” мукофотини олгани тўғрисида дабдабали мақолалар эълон қилинди. Бироқ қирғиз газеталарида ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўтунбаевага мазкур мукофот берилиши муносабати билан ўз мукофотидан воз кечгани тўғрисидаги хабарлар берилгани йўқ.

Айни пайтда Қирғизистон ҳудудидаги иккита интернет нашр бу борада кичгинагина хабар эълон қилди. Бу хабарлар қирғиз интернет ҳудудидаги форумларда қизғин муҳокама қилинаяпти.

Айтиб ўтиш лозимки, форумларда қолдирилаётган шарҳларнинг 80 фоизида Мўътабар Тожибоеванинг баёноти қораланган. Айрим шарҳларда Тожибоевани Қирғизистонга кириши таъқиқланган шахслар рўйхатига киритиш таклиф қилинса, шарҳларнинг кўпроғида уни “Ўзбекистонга, Каримов қўлига топшириш керак”лиги, “уни ўзбек қамоғида чиритиш лозим”лиги айтилади.

Бишкеклик таниқли блоггер Бектур Искандарнинг айтишича, интернет форумларда пайдо бўлаётган бу каби бир томонлама фикрларни шарҳлаш мураккаб ишдир.

- Ростини айтсам, менга бу шарҳлар юзасидан фикр билдириш оғир. Чунки бир томоннинг тарафини олай десанг, иккинчи томон ҳам ўзича ҳақ. Қораловчи шарҳларнинг кўплиги ватанпарварлик ҳиссиёти билан боғлиқ, деб ҳисоблайман, - дейди Бектур Искандар.

Бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев қирғиз матбуоти Мўътабар Тожибоева баёнотига бойкот эълон қилишининг илдизини миллатчиликдан қидиради. Унинг фикрича, бугунги Қирғизистонда қирғизлар орасида ҳам, ўзбеклар орасида ҳам миллатчилик туйғулари жуда кучайган. Сиёсатшунос фикрича, мамлакатдаги қирғиз матбуотида қирғизларнинг, ўзбек матбуотида эса ўзбекларнинг буюк миллат эканига соя солувчи ҳар қандай ахборотни бойкот қилиш анъанага айланиб бормоқда.

- Мен Тожибоеванинг баёнотида ҳам миллатчилик бор, деб ҳисоблайман. Масала шундаки, Тожибоеванинг баёноти қирғизлар томонидан асосан салбий, ўзбеклар томонидан эса асосан ижобий баҳоланмоқда. Мана шу фактнинг ўзи мамлакатимизда икки миллат ўртасидаги муносабатларда мураккаблик ҳалигача сусаймагани белгисидир, - дейди Александр Князев.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Тўқтайим Уметалиева эса Мўътабар Тожибоева Роза Ўтунбаевага ҳам берилган мукофотдан воз кечиб, яна бир жасорат кўрсатди, деб ҳисоблайди:

- Ҳақиқатни айтишимиз керак, Ўтунбаева опамиз қайси жасорати учун бу мукофотни уялмай олди? 7 апрелда юзлаб одамларни ўқ бўронида қолдиргани учунми? Июн ойида Ўшда юзлаб қирғиз ва ўзбекларнинг ўлимига сабаб бўлгани учунми? Мен Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган, ўзбек қамоғида ётса-да, ўз эътиқодидан воз кечмаган Мўътабар Тожибоева ўз баёноти билан яна бир жасорат кўрсатди, деб ҳисоблайман, - деди Тўқтайим Уметалиева.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, қирғизистонлик бир қатор таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева баёноти юзасидан фикр билдиришдан тийилдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG