Линклар

logo-print

Қувадан қўнғироқ қилган фермернинг шикоятига расмийлар жавоби, эри Россияга мардикорликка кетгани учун боласига бериладиган нафақадан маҳрум этилган жувон ҳикояси, 8 март аёллар байрамига муносабат ва Чироқчи тумани байрам кунини ҳам чироқсиз ўтказгани бугунги "Эркин микрофон"да.


“Озодликка жавоб берадилар”

2 март куни Озодликнинг Эркин микрофонига Фарғона вилоятининг Қува туманидан телефон қилган инженер-гидротехник Алижон Турғунов ҳукуматнинг фермер хўжаликларини йириклаштириш қарори боис қуруқ тошлоқда бунёд қилган боғидан айрилгани ҳақида сўзлаган ва ҳокимиятларга қўнғироқ қилиб, унинг ҳаққини ундиришда кўмаклашишимизни сўраган эди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Озодликка Қува туманининг Янгиобод қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдумалик Халилов қўнғироқ қилиб, Алижон Турғуновнинг айтганларига ўз муносабатини билдирди:

- Турғунов Алижон деган битта фуқаро сизга мурожаат билан чиққан экан ака уч-тўрт кун олдин. Боғ масаласида сизга мурожаат қилган экан. Сизга қанақа қилиб ахборот берган хабарим йўғу, шунга бор ҳақиқатни айтай деб сизга телефон қилган эдим. Ўзбекистон республикаси президентининг 2010 йил 18 октябрда фармойиши чиққанда фермер хўжаликларининг тасарруфидаги ер майдонларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида. Шунга асосан туманда кенгаш тузилиб, яхши нима бермаëтган ерларни ўрганинглар деб комиссия аъзолари боғни ўрганган эдик биз. 2010 йилда шундай ўрганган эдик. Шунга қараса, ҳозир энди бюджетдан ташқари жамғармалардан 760 минг сўм қарзи бор. Бюджетдан 410 минг сўм, пенсия жамғармасидан 349 минг сўм қарзи бор. Ишчиларга иш ҳақини вақтида тарқата олмаган. Устав фондини шакллантира олмаган. Бу вақтда дафтарлари ҳам талабга жавоб бермайди. Шунга мувофиқ ўзининг ҳудудидаги Нодиржон Деҳқонбоев фермер хўжалигига қўшилиб кетган. У кишининг ишчилари ҳам шу фермер хўжалигига ўтказилди холос. Ҳозир ўзи шу боғини қараяпти. Бир куни бир учрашайлик деб борсак, боғида экан. Ўша ерда ишини қилаяпти.

Озодлик: Шу одамнинг йўқ жойдан боғ қилгани ростми?

- Ҳақиқатан узоқ йиллар бу киши адирларда лоток ариқ ëтқизадиган ташкилотда ишлаган экан. Туман ҳокими қарори билан ўша жойни боғ қилиб яратган. 10 йилдан бери шуни қилиб келаяпти. Энди ҳозир ишчиларга ҳақ бермагани ҳамма томонлама ўрганилдида. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш шартномасини ҳам бажара олмаган, ишчиларга иш ҳақи бера олмаган, устав фондини шакаллантира олмаган. Бухгалтерия дафтарлари ҳам энди ўз жойида эмас. Шуни ҳисобга олган комиссия аъзолари билан қилинган ака. У ҳеч қанақа зўрлаб олингани йўқ.

Озодлик: Ҳозир шу 3 гектар ер бошқа фермерга қўшиб берилди. Ўша ернинг хўжайини ҳисобланадими ëки йўқми?

- У киши боғини қилаверади. Бухгалтерия ҳисобини, устав фондини шакллантириб, ишчиларни Нодиржон Деҳқонобев фермер хўжалиги юритади. Бу киши боғини қарайверади,- дейди Қува туманининг Янгиобод қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдумалик Халилов.


“Эрим Россияга кетдию, болам нафақасиз қолди”

дейди Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зебуниссо Жабборова:

- Эрим Россияга кетган. Ўғлимга нафақа олардим. Эринг Россияга кетган деб бермай қўйди. Бир районда берса, бир районда бермаса. Ўзим отам билан яшайман ҳозир.

Озодлик: Нечта болангиз бор?

- Ўзи битта ўғлим бор. Уйимиз йўқ. Йўл пулини ҳам қарзга отамдан олиб кетган эди.

Озодлик: Болангизга қанча нафақа олардингиз?

- 90 минг олардим. Ҳозир узиб қўйди.

Озодлик: Нима учун узиб қўйди?

- Россияга кетган деб. Россияга кетганларга бермас экан чет элга кетганларга. У ишсизку. Иш излаб кетди. Бир ойлигини бериб "иложини қилиб" кўраман десам “Йўқ, бўлмайди” деди.

Озодлик: Эрингиз кетганига қанча бўлди?

- Эрим 10 ноябрда кетган эди.

Озодлик: Шу пайтгача пул юбордими йўқми?

- Шу пайтгача 200 доллар жўнатди. Отамдан 300 доллар қарз олган эди. Қарзга бердим. Яна 100 қолди. Бу ëқда пул бермаëтган бўлса. Пенсионер отамга қараб ўтирибман. Инсофданми энди шундай қилиши, дейди Чироқчи туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зебуниссо Жабборова.

“Аёлларимизни қул қилиб қўйдик”

дейди Жиззах вилоятидан қўнғироқ қилган Содиқжон ака, Озодлик радиосининг хотин-қизлар ҳақидаги эшиттиришларига муносабат билдирар экан:

- 8 мартни олиб қараса, худди ҳалиги аëлларимизнинг озодлик байрамига ўхшайдику, лекин биз аëлларимизни қул қилиб қўйдик. Уларни эзиб қўйдик, қийнаб қўйдик, хўрлаб қўйдик. Чунки ҳақиқатан ҳам олдин аëлларимиз фақат уйдаги ишларни, юмушларни қилиб, масалан бизнинг раҳматли онамиз ҳам уйда ўтирар эдилар. Дадамиз ишлар эди. Уйнинг иши бўлмаса, аëллар тикиш-бичиш қилишиб ўтиришарди. Ҳозирги кунимизда эркаклар уйда қолиб аëллар ишга чиқадиган бўлиб қолди. Аëллар болаларнинг тарбиясини қилишнинг ўрнига эрлари билан тенгма тенг ишлаб келиб, яна уйнинг ишларини қилиб, эрларидан ҳам кўпроқ ишлаб ниҳоятда хўрланиб кетди бу аëлларимиз. Биттаси айтдику, аëлларимизни бир йилда бир марта эслаб биз уларни хўрлагандай, масхаралагандай бўлиб қолаяпмиз, ҳар кун эслашимиз керак деб. Ҳақиқатан ҳар кун эслашимиз, ҳар кун эъзозлашимиз керак, дейди Жиззах вилоятидан қўнғироқ қилган Содиқжон ака.

“8 март куни ҳам чироқ бўлмади”

дейди Чироқчи туманидан қўнғироқ қилган тингловчи:

- Муаммо кеча мана аëлларимизнинг байрами деб бир йилда бир марта эсладик аëлларни. Лекин шўрпешона аëллар дайдиб юрибди бир томони Корея, бир томони Арабистон, Европа, Осиë деб. Кеча соат 10 дан 10:30гача свет берди. Бошқа ҳеч нарса бермади. Бизлар қоронғида ўтирдик. Одам жуда хўрланиб кетадида. Келинлар бор, қизлар бор, неваралар бор. Шуларнинг олдида қоронғида нима еб, нима ичишни билмасак. Косамизга кимга нима келганини билмасак. Қанақа қилиб сузиб ейишни билмасак.

Мана бу йил “Кичик бизнес ва тадбиркорлар йили” деб қўйди. Ҳар йил бир нағма ўйлаб чиқамиз. Лекин аëлларимизга на иш бор, на шароит бор, на ейиш-ичишга, на кийишга умуман имконият йўқ. Биз бир чекка қишлоқданмиз. Бизга мустақилликдан бери ҳар йилнинг номини ўйлаб топади, лекин тангалик нарса бизга етиб келгани йўқ ҳали. Аëлларимиз илгари пахтада ишларди. Ҳозир пахта ҳам йўқ. Фермер деган нарса бир балодай ëпирилиб келди. Мана ҳамма жойни эгаллаб олган. Бузоқ ҳам боғлаб бўлмайди, пиëдага ўтадиган йўл ҳам йўқ. Шунақа ночор аҳволдамиз, дейди чироқчилик отахон.

*******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG