Линклар

Ўзбек меҳнат муҳожирлари кўпроқ пул жўната бошлади

  • Фаррух Юсуфий

Пул жўнатмаларининг кўпайганини мутахассислар ўзбек мардиокрлар оқимининг ошаётгани билан изоҳлашмоқда.

Пул жўнатмаларининг кўпайганини мутахассислар ўзбек мардиокрлар оқимининг ошаётгани билан изоҳлашмоқда.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга жўнатган пуллар миқдори 2010 йилда 2009 йилдагига нисбатан 38 фоизга ошгани айтилмоқда. Иқтисодчилар, пул жўнатмаларининг ошаётгани ижобий ҳол бўлса-да, иш кучининг оммавий тарзда мамлакатдан чиқиб кетишининг салбий оқибатларидан огоҳлантирмоқда.


2009 йил жаҳон иқтисодий бўҳрони энг авж олган пайтга тўғри келди ва Россияда меҳнат қилаётган хорижлик мардикорлар қаторида ўзбеклар учун ҳам оғирроқ келди. Бу Россиядан Ўзбекистонга жўнатилаётган пулларнинг миқдорида ҳам акс этди. Мутахассислар 2008 йилнинг иккинчи ярими ва 2009 йил давомида ўзбек меҳнат муҳожирлари уйдаги яқинларига жўнатган пуллар миқдори бир неча баробарга камайиб кетганини тахмин қилишади.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2009 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 2 миллиард 835 миллион АҚШ доллари миқдорида пул жўнатган. Бу аввалги йилларга қараганда камроқ бўлса-да ўзбек мардикорлари бўҳрон авж олган 2009 йилда ҳам пул жўнатмалари бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчиликни ушлаб қололди.

2010 йилга келиб, Россия Марказий банки берган ахборотга кўра, ўзбеклар яқинларига жўнатаётган пул миқдори қарийб 40 фоизга ошган. Бу, бошловчимиз айтганидек, Anelik, Western Union, MoneyGram ва бошқа кўплаб тизимлар орқали Ўзбекистонга 4 миллиард АҚШ долларига яқин пул жўнатилди, деганидир.

Акмалжон Москва вилоятида қурилишда ишлайди. Унинг фикрича, Ўзбекистонга пул жўнатмаларининг ошаётганига бир неча сабаб бор.

- 2010 йилда, менинг ўзимнинг шахсий фикрим, муҳожирлар сони ҳам ошди. Бу биринчиси. Иккинчиси, Россияда кризис 2009 йилга қараганда 2010 йилнинг иккинчи ярмида кризисдан чиққан ҳолатда. Учинчи нимамиз муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларини анча билиб қолишди. Улар через посредник эмас ўзлари ҳақ-ҳяуқуқларини ҳимоя қилиб, ўзлари қилган ҳақларига яраша ҳақларини олишга ҳаракат қилишаяпти, дейди Акмалжон.

Акмалжоннинг айтишича, топиши ёмон эмас. Масалан, иш унча юришмайдиган қиш мавсумида ҳам уйида қолган ота-онаси ва ўз оиласи тирикчилигини таъминлайдиган даражада пул жўнатиб туради.

- Ҳозир қишки шароитга олиб қараганда, энди қишда озроқ иш бўлади, 20 минг рубл, энди 700 доллар, 600 доллар қишки шароитда уйга пул жўнатаман. Иккита оила кун кўради. Ота-онам билан бола-чақаларим. 8-10 киши кун кўришади, дейди Акмалжон.

Ёз ойларида уйига 1000 АҚШ долларигача пул жўнатишини айтган Акмалжондан фарқли ўлароқ Новгород вокзалида фаррошлик қиладиган Ғанишернинг даромади анча камтарроқ. Ғанишер ҳам Россия Марказий банкининг ўзбек мардикорлари кўпроқ пул жўната бошлади деган хабарига ишонади. Лекин, дейди у, бу биринчи навбатда мардикорлар сонининг жиддий тарзда ошгани билан боғлиқ.

- Аввало муҳожирлар сони кўпайиб кетганда. Тўлиб ëтибдида. Гапнинг очиғи 2010 йил 2008 йилга қараганда топишимиз яхши бўлмади ҳисоб десак ҳам бўлаверади. Мен ўзим кўрдимда паспорт олган ëш болалар Россияда юрибди. Илгари бунчалик ëш болалар йўқ эдида. Стройкаларда кўп кўрдимда мен. Ўзим стройкада юраман асосан. Ўзимизнинг кичкинагина фирмамизни оладиган бўлсам, линиямизда 36 тами 37тами одам ишлаймиз. Кўриб турибмиз жуда кўп болалар, дейди Новгородда мардикорлик қилаётган Ғанишер.

Санкт Петербургга келаётган марказий осиёлик муҳожирларга юридик ва бошқа турдаги маслаҳатлар бериш билан шуғулланадиган асли қашқадарёлик Шаҳриёр Узоқов ҳам, пул жўнатмаларининг ошаётганини Ўзбекистондан келаётган мардикорлар оқими кундан кунга қалинлашаётгани билан боғлайди.

- Йилдан йилга, ойма ой қийинлашиб бораяпти. Лекин шунга қарамасдан шунақанги муҳожирлар кўп келаяптики. Мана биттагина Ўзбекистонни оладиган бўлсак, фақат бугун чоршанба куни авиарейс йўқ. Кеча тўртта рейс кутибмиз. Эртага яна тўртта рейс келади. Қолган кунлари ҳам битта-иккитадан рейс бор. Сешанба ва пайшанба кунлари тўртта рейс Ўзбекистондан Боинг самолëтида 360 одам учиб келади. Ҳафтада бир марта поезд келади. 20 та вагонда 52тадан одамни ҳисоблаб кўринг қанча одамлар сонини ташкил қилади. Одам оқиб келаяпти. Аэропортда юрсангиз, фақат ўзимизнинг нималарни кўрасизда. Асосан Ўзбекистон фуқаролари, дейди Шаҳриёр Узоқов.

Асли ўзбекистонлик иқтисодчи, ҳозирда Остонадаги Евроосиë университетининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев Ўзбекистонга кириб келаётган пул жўнатмалари миқдори ошаётгани иқтисоднинг ривожига ҳисса қўшадиган ижобий омилдир дейди.

- Албатта ҳар бир давлатнинг фуқаролари чет элга чиқиб пул топиб келгани яхши. Чунки у пул олиб келгандан кейин, олиб келган 2000 долларига, 5000 долларига Ўзбекистондан нарсаларни сотиб олади. Яъни бизнинг товарларга жойида эҳтиëж туғилади. Бу биринчиси.

Иккинчиси, шуни бир одамларга ойликка бериб, ўзининг қўшниларига, укаларига ëки бошқа ишчиларга ойлик берадида, уларга уйини қурдиради.

Учинчиси, четдан келган пулига Ўзбекистон машинасини, Ўзбекистонда чиқаëтган машинани сотиб олади. Бу бизнинг ишлаб чиқаришга инвестиция ҳисобланади, дейди Сапарбой Жубаев.

Лекин, деб давом этади Ўзбекистон молия вазирлигининги собиқ амалдори Сапарбой ака, мамлакатдаги ишга лаёқатли аҳолининг оммавий тарзда ташқарига чиқиб кетишининг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий оқибатлари бўлиши мумкин.

- Албатта ҳар бир давлат бўлгандан кейин халқ ўз ватанида иш топиб ишлаши керка. Чунки, мана сиз айтаяпсиз ëш йигитлар олдин армияга борарди, армияга бориш ўрнига Россияга бориб ишлаб келаяпти. Уларни чидаса бўлади. Ҳали уйланмаган, уларнинг бошқа йўлга ўтиб кетиши бор, лекин минг афсуски бизнинг аëллар ҳам ишга чиқаяптида. Аëллар уйда ўтириб оилага қараши керак. Унинг эри ҳам унинг ëнида ўтириши керак. У четга кетиб олиб 5-6 ой фақат пул юбориб ўтириши керак эмас. Буни албатта бизнинг ҳукуматимиз ҳам, раҳбарларимиз қараб, озгина ишбилармонларга эркинлик бериб, инвестицияларни тортиб, чегараларни очиб қўшни давлатлар билан, Қозоғистон, Россия билан чегарани очиб, халққа имконият яратиб иш жойларини кўпайтирса бўлади. Шу имкониятдан биз фойдаланмаяпмизда, дейди Остонадаги Евроосиë университетининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Россиянинг ўзида рўйхатга олинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони икки ярим миллиондан уч миллионгачани ташкил қилади. Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида тирикчилик қилаётган ўзбекистонликлар сони беш миллиондан саккиз миллионгача бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG