Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

Forbes журнали миллиардерлар рейтингини эълон қилди


АҚШдаги Forbes журнали 2011 йилги дунё миллиардерлар рейтингини эълон қилди. Рўйхатга бойлиги бир миллиард АҚШ долларидан ошган 1209 киши киритилган. Журналга кўра, уларнинг аксари Америка фуқароларидир.

Дунёдаги энг бадавлат одамлари ҳақида Forbes журнали эълон қилган 2011 йилги рейтингда бойлиги 74 миллиард АҚШ долларига етгани айтилаётган мексикалик Карлос Слим бу йил иккинчи марта дунёнинг энг бой одами ўлароқ эътироф қилинган.

Иккинчи ўринни 56 миллиард доллар билан Microsoft ширкати асосчиси Билл Гейтс эгаллаган.

Forbes журнали рейтингида учинчи ўринни бойлиги 50 миллиард доллар деб баҳоланган сармоядор америкалик Уоррен Баффет эгаллаган.

Forbes журнали Googlе ширкати асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин бойликлари 19,8 миллиард доллардан баҳолангани ва улар рўйхатнинг 24-ўрнини эгаллагани ҳақида ёзади.

Forbes рейтингида 30-ўринга қўйилган Ню Йорк ҳокими 69 ёшли Майкл Блумбергнинг мулки 18,1 миллиард доллар, деб баҳоланган.

Дунёдаги энг ёш бадавлат шахс ўлароқ эътироф қилинган Facebook асосчиси 26 ёшли америкалик Марк Заккерберг 13,5 миллиард доллар билан Forbes рейтингда 52-ўринни эгаллаган. Айни пайтда у АҚШнинг 19-бадавлат фуқароси ҳисобланади.

Apple ширкати Бош директори Стийв Жобс эса 8,3 миллиард доллар билан 2011 йилги миллиардерлар рўйхатининг 110-ўрнини эгаллаб турибди.

Forbes журналига кўра, ўтган йил давомида Россияда миллиардерлар сони 62 кишидан 101 кишига кўпайган. Бу Европадаги 300 нафар миллиардернинг учдан бир қисми ҳамда дунёдаги энг бой ҳисобланмиш 100 кишининг 15 нафари Россия фуқароси эканини англатади.

Журналнинг бу йилги миллиардерлар рейтингида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси Алишер Усмонов 17,7 миллиард доллар билан рўйхатдаги 35-ўринни эгаллаган.

Forbes журнали яна бир россиялик ўзбек миллиардери Искандар Маҳмудовнинг мол-мулкини 9,9 миллиард доллар, деб баҳолаган ва уни дунё миллиардерлари рўйхатининг 88-ўрнига қўйган.

Forbes журналининг миллиардерлар рейтингида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Бироқ 2011 йилги миллиардерлар рўйхатига беш нафар Қозоғистон фуқаросининг исм-шарифи киритилган. 4,7 миллиард доллар бойлиги бўлган Владимир Ким Forbes рўйхатида 223-ўринга қўйилган. Кон ва металлургия соҳасида фаолият юритаётган Алижон Ибрагимовнинг мулкини 3,7 миллиард, деб баҳолаган журнал уни 297-ўринга қўйган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча куёви, банк соҳасида фаолият юритаётган Тимур Кулибаев ва рафиқаси Динара Кулибаеваларнинг ҳар бирига тегишли бўлган мулк, журнал маълумотига кўра, 1,3 миллиард долларни ташкил этади. Улар дунё миллиардерлар рўйхатининг 938-ўрнини эгаллаган.

Айни пайтда Қозоғистонда банк соҳасида фаолият юритаётган Нуржан Субханбердининг мулки бир миллиард доллар, деб баҳоланган. У Forbes журнали рейтингида 1140-ўринни эгаллаган.

Журнал маълумотига кўра, 2010 йилда Россия пойтахтида 79 нафар миллиардер истиқомат қилган, Ню Йоркда эса 58 миллиардер яшаган.

Forbes маълумотида айтилишича, сўнгги бир йил ичида Хитойда миллиардерлар сони икки баробарга кўпайиб, 115 кишини ташкил қилган.

Ҳозирда Хитойнинг энг бой фуқароси Робин Ли ҳисобланади. У 9,4 миллиард доллар билан Forbes журнали эълон қилган миллиардерлар рўйхатида 95-ўринни эгаллаган. Робин Ли раҳбарлик қилаётган Baidu ширкати пойтахт Пекинда интернет хизмати кўрсатиш билан шуғулланади.
XS
SM
MD
LG