Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:35

Ўтунбаева Вашингтонда яна Боткен базаси масаласини кўтарди


АҚШ Қирғизистоннинг Боткен вилоятида яна бир ҳарбий база очиши мумкин. Бу таклифни 6-8 март куни Вашингтонгга сафар қилган президент Роза Ўтунбаева Оқ уй расмийлари билан бўлган учрашуви чоғида билдирди.

Қирғизистон президенти Ўтунбаева Вашингтонда Оқ уй расмийлари билан учрашар экан, Боткенда аксилтеррор маркази очиш масаласи ҳамон кун тартибида қолаётганини таъкидлаб ўтди:

- Боткенда база ташкил қилиш масаласи кун тартибида қолмоқда. Мен қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятдан хавотирдаман. Бу масала юзасидан биз Москва билан ҳам ҳамкорлик қилаяпмиз. Бироқ АҚШдан ҳам ёрдам сўрамоқчимиз. Биз аксилтеррор маркази очилишини истаймиз. Бундан ташқари, чегара хизматимиз ҳам ёрдамга муҳтож, - деди Роза Ўтунбаева.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон жанубидаги Боткен ва Ўш вилоятларида ҳарбий база ташкил қилиш масаласида 2009 йилда Россия билан шартнома имзоланган ҳамда мазкур базанинг очилиши 2009 йил ноябр ойига белгиланган эди. Бироқ Россия ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий-иқтисодий алоқалар “совуқ уруш” кўринишига ўтгач, база ташкил этилмай қолган.

Айни пайтда АҚШ Боткенда ҳарбий марказ ташкил қилиш учун Қирғизистонга 5,5 миллион доллар ажратишга тайёрлигини билдирган эди.

Бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев фикрича, АҚШ Боткенда ҳарбий марказ очиш йўналишидаги сиёсатини тиришқоқлик билан олиб бормоқда ва 8 март арафасида Роза Ўтунбаевага АҚШ Давлат департаментининг “Жасур аёл” мукофотининг топширилиши мазкур масалани ҳал қилиш йўлидаги хушомаддир.

- Буни дарҳол илғаш мумкин. Чунки Ўтунбаева мукофотни олганидан кейиноқ АҚШга ҳарбий марказ очиш таклифини киритмоқда. Ўтунбаевадан АҚШ ўз манфаатлари йўлида унумли фойдаланмоқчи, - деди Александр Князев.

Айни пайтда Қирғизистондаги бир қатор сиёсатчилар президент Ўтунбаеванинг АҚШга Қирғизистонда яна бир ҳарбий марказ очиш борасида қилган таклифи Россия ва Хитой билан муносабатларни совуқлаштиради, деб ҳисоблайдилар. Генерал Рашид Тагаевнинг айтишича, Қирғизистонда АҚШ ҳарбий ҳозирлигининг кучайтирилиши мамлакатнинг асосий стратегик ҳамкорлари манфаатларига зиддир.

- Биз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби уюшмаларга аъзолигимизни унутмаслигимиз лозим. Бу ташкилотга кирган қудратли давлатлар билан Қирғизистон ўртасида кескин қарама-қаршилик пайдо бўлиши мумкин. Бу ишни бамаслаҳат қилиш лозим, - дейди Рашид Тагаев.

Сиёсатчилар ва сиёсатшунослар АҚШнинг Қирғизистонда яна бир база очиш эҳтимоли эндигина илиқлаша бошлаган Россия-Қирғизистон муносабатларига путур етказиши мумкинлиги тўғрисида гапираётган бир пайтда, Бишкекка расмий сафар билан келган Россия Думаси депутатлари икки давлат алоқаларини музлатиши мумкин бўлган яна бошқа мавзуни кўтармоқдалар.

Дума депутатлари фикрича, Бишкекдаги Россияга қарашли Мегаком ширкатини қирғиз ҳукумати томонидан тортиб олишга бўлаётган урунишлар сиёсий алоқаларга таъсир кўрсатмай қолмайди. Россия Думаси депутатлари Мегаком ширкатини Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ўмурбек Бабанов раҳбарлигидаги шахслар тортиб олишга ҳаракат қилаётганини билдирдилар.

- Менинг наздимда, Бош вазир ўринбосари Бабанов раҳбарлик қилаётган бир гуруҳ одамлар Мегакомдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни режалаган. Биздаги маълумотларга кўра, улар ширкатдан 50 миллион доллар талаб қилишган. Бу каби ҳаракатлар Россия-Қирғизистон муносабатларини янада совуқлаштириши мумкин, - деди Россия Думаси депутати Семён Богдасаров.
XS
SM
MD
LG