Линклар

logo-print

Сампа воқеаси бўйича аппеляция суди якунланди

  • Шерзод

Сампа воқеаси бўйича судланганлар иккинчи инстанция судининг ҳукми ҳам адолатсиз бўлганини айтмоқдалар.

Сампа воқеаси бўйича судланганлар иккинчи инстанция судининг ҳукми ҳам адолатсиз бўлганини айтмоқдалар.

Июн қирғини кунлари Жалолободдаги Сампа заводи яқинида 16 кишини ўлдирганликда айбланган 19 нафар ўзбек устидан аппеляция суди аввал 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган Абдужаббаровни умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилиш билан тугади.

Июн қирғини кунлари қирғиз миллатига мансуб 16 одамни ўлдирганликда айбланаётган судланувчиларнинг 17 нафари аввалроқ Сузоқ туман суди томонидан умрбод қамоқ жазосига, 2 нафари эса 25 йилга ҳукм қилинган эди.

9 март куни Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган маҳкамада судя Жўлдўш Ибраев Сузоқ туман суди бироз ўзгартиш киритиб, 25 йилга ҳукм қилинганлардан бири Фурқатбек Абдужаббаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

- Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. Судланувчилар қамоқда қолдирилсин. Жабрланувчилар Фасанов, Мамарасулов, Бейшеев, Жўрўев ва Кийпияевларнинг шикоят аризалари қисман қаноатлантирилсин. Судланувчилар ва ҳимоячиларнинг арзлари қаноатлантирилмасин. Ҳукм эълон қилинган пайтдан қонуний кучга киради. Ҳукмга норози томонлар Қирғизистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиб, арзланишга ҳақли, - деди судя Жўлдўш Ибраев.

Шундай қилиб, Жалолобод вилоят суди Сампа воқеаси бўйича судланаётган 19 ўзбекнинг мол-мулкини мусодара қилиш билан 18 нафарини умрбод қамоқ жазосига, бир нафарини 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бундан ташқари, маҳкамада 25 йилга ҳукм қилинган Ғофуржон Абдураҳмонов адвокатининг ўз ҳимоясидаги кишини тиббий кўрикдан ўтказиш ва унинг ишини умумий жиноят ишидан ажратиб, алоҳида кўриш борасидаги илтимоси ҳам қондирилмади.

Судланувчилар маҳкама адолатли бўлмаганини айтишади. Уларга кўра, маҳкамада судланувчиларнинг гувоҳлари берган кўрсатмалар судялар томонидан инобатга олинмади:

- Исмим Абдурасул, махкама бир томонлама бўлди. – дейди судланувчилардан бири.

- Гувоҳларим келиб, жабрланувчилар гувоҳлари ёлғон гувоҳлик берганини исботласам ҳам, менга умрбод қамоқ жазосини берди, - дейди Муродил исмли судланувчи.

Маҳкамада умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Абдулбоқи Мамадалиевнинг онаси ўғлининг ноҳақ қамалганини айтади:

- Булар нотўғри ҳукм чмқаришди. Бизнинг болалар Сампага чиқишмаган. Чиққанида ҳам биз ҳукмга рози бўлардик. Бизнинг болаларда ҳеч ҳам гуноҳ йўқ, - деди судланувчи Мамадалиевнинг онаси.

Айни пайтда жабирланувчилар орасида ҳам вилоят суди ҳукми борасида турли фикрлар мавжуд. Айрим жабрланувчилар суд ҳукми адолатли бўлганини ва ҳукмдан рози эканликларини айтишса, бошқалари 19 судланувчининг ҳаммаси энг олий жазога лойиқ, деган фикрдалар.

- Судланувчилардан бирига жазо муддати озроқ бериб қўйилди, қўшиш керак эди. Буларнинг бошлиғи ўша бўлади. Унинг ёши 65 да бўладими, 70 да бўладими - мен суд ҳукмидан норозиман, - деди жабрланувчи Расул Асанов.

Судланувчилар аввалги суд жараёнларида ўзларининг айбсиз экани ва барча кўрсатмаларни қийноқлар остида берганликларини билдирган эдилар. Халқаро ташкилотлардан келган кузатувчилар эса аввалги суд жараёнларида ҳимоя тараф гувоҳлари ва адвокатларга жабрланувчилар томонидан босим ўтказилгани, уларга таҳдид қилингани ҳақида баёнотлар берганлар. Халқаро ташкилотлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, бундай шароитда ўтказилган суд жараёнларини холис ва адолатли, деб баҳолаб бўлмайди.

Сампа воқеаси юзасидан 9 март куни бўлиб ўтган суд маҳкамасида эса халқаро ташкилотлар вакилларидан фақат БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги вакилларигина кузатувчи сифатида иштирок этди.

Биз уларнинг Жалолобод вилоят суди ҳукмига муносабатини билиш мақсадида ташкилотнинг Жалолободдаги кузатувчиларига телефон қилдик.

Жалолободдаги вакил ҳеч қандай масалада изоҳ беролмаслигини айтиб, ташкилотнинг Бишкекдаги ваколатхонасига қўнғироқ қилиб кўришни маслаҳат берди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Бишкекдаги ваколатхонасининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси юристи эса суд жараёнида шахсан қатнашмаганини айтиб, бу борада изоҳ бермади.

- Биз у ерда бўлмаганмиз, биз судда қатнашмадик, биз нима дейишимиз мумкин, - деди ваколатхона юристи Эрлан Алимбаев.

Айни пайтда Қирғизистонда бўлиб ўтаётган маҳкамалар юзасидан фикр билдираётган кузатувчилар мамлакат маҳкамаларида бир-бирига номутаносиб ҳукмлар чиқарилаётганидан баҳс этмоқдалар. Дейлик, 9 март куни Жалолобод вилоят суди 19 судланувчи ичидаги ёши 60 дан ошган Усмонжон Аблазовни 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. 10 март куни эса Бишкекнинг Биринчи май туман суди Қурмонбек Бакиев даврида президент маъмурияти етакчиси бўлиб ишлаган Усен Сидиқов ёшини ҳисобга олган ҳолда 6 йиллик шартли жазога ҳукм қилди. Президент маъмуриятининг собиқ етакчиси Сидиқов 2010 йилнинг 13-14 май кунлари Ўш ва Жалолободда ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганликда, оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланаётганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG