Линклар

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги бир ҳафта ичида тожик-ўзбек чегарасида 50 тонна минерал ўғит, тожик-қирғиз чегарасида эса 100 тонна бензин мусодара қилинди.

Контрабандага қарши кураш мулозими Ином Очиловнинг сўзларига кўра, 50 тонна минерал ўғит шаклидаги контрабанда юки Тожикистоннинг Конибодом ва Ўзбекистоннинг Бекобод туманлари ўртасидаги чегарада мусодара қилинган. Юкни Тожикистон томонига ўтказган ўзбекистонликларни қўлга олиш имкони бўлмаган, бироқ тожикистонлик ҳайдовчилар ҳибсга олинган.

- Бунчалик кўп миқдордаги ёнилғи ёки бошқа маҳсулотни Тожикистон ҳудудига киритиш учун бақувват ҳомий бўлиши керак. Чунки у машинами ёки одамми - чегарада аввал чегара нуқтасидан ўтади. Бундан ташқари, Қирғизистон чегарачилари билан ҳамкорликда 100 тонна бензин ва дизел ёнилғиси ҳам мусодара қилинди, - дейди Ином Очилов.

Таҳлилчилар фикрича, бундан буён тожик-ўзбек ёки тожик-қирғиз чегарасида контрабанда кучайса кучаядики, сусаймайди. Чунки Ўзбекистон томони чегарадан ўтиш жараёнини кучайтиришдан ташқари, ҳар йили автомашиналар транзит тўловлари ҳақини ҳам оширмоқда.

- Ўзбекистон томонининг Тожикистонга нисбатан амалга ошираётган турли тўсиқлари оддий иқтисодий қамал экани сир эмас. Мана, яқинда қўшнилар Тожикистон автомашиналари транзити тўловлари учун ҳақни оширди. Ўзбекистон томони бу тадбирларни нима учун амалга ошираётгани ҳаммага маълум. Лекин мен бу масаланинг бошқа томони ҳақида гапирмоқчиман. Чегаралардаги тўсиқлар, ўтиш жараёнлари қанчалик кучайтирилса, контрабанда ҳам шунчалик ошиб бораверади. Мана, қўшни Қирғизистонни олайлик. Илгари бу мамлакат билан деярли ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Эндиликда Тожикистон автомашиналари кундан-кунга янги янги тўсиқларга учрамоқда. Қўшнилар билан транзит тўловлари ўзгармаган. Лекин норасмий, яъни ноқонуний тўловлар кўлами ошиб бораяпти. Бунга Хитойдан Қирғизистон орқали келаётган автомашиналар ҳайдовчиларининг саноқсиз аризалари далилдир, - дейди Тожикистон парламенти депутати, иқтисодчи Исмоил Талбаков.

Унинг айтишича, охирги пайтларда Қирғизистондан Тожикистонга ўтаётган контрабанда кўлами ҳам ошиб бормоқда. Чунки икки республика ўртасидаги чегара ҳанузгача тўла демаркация қилинмаган ва бу ерларда қўриқланмайдиган ерлар кўп. Депутатнинг сўзларига кўра, контрабандачилар мана шундай йўллардан фойдаланмоқдалар.

Божхоначиларнинг бу контрабандада қўли борлиги, таҳлилчилар фикрича, қонунбузарликлар олдини олиш ишини мушкиллаштирмоқда. Бироқ божхоначилар бу ерда фактлар ҳаддан зиёд бўрттириб кўрсатилаётганлигини иддао қилишмоқда.

- Бундай фактлар бўлиб туради. Барча идораларда бўлгани каби божхона ходимларининг ҳаммаси хам дили ва қўли тоза одамлардан иборат, десам нотўғри бўлар. 2010 йилда икки нафар божхоначи пора билан қўлга тушган эди. Шундан кейин бошқармада қаттиқ назорат ўрнатилди, - дейди Сўғд вилоят божхона бошқармаси вакили Султон Эрбоев.

Айни пайтда, вилоят прокурори ўринбосари Музаффар Боқиевнинг айтишича, куч ишлатар тизим вакиллари томонидан жиноятга қўл уриш ҳоллари йил сайин ошиб бормоқда.

- 2010 йил давомида олти божхоначи ва 5 чегарачига нисбатан жиноий иш очилган. Улар ноқонуний юкларни чегарадан ўтказиб, пора олаётган пайтида ҳибсга олинган, - дейди Музаффар Боқиев.

Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, сўнгги пайтларда Ўзбекистондан Тожикистонга, Қирғизистондан Тожикистонга ноқонуний равишда карвон-карвон юк ўтиб келмоқда. Бу юклар учун ҳеч қандай божхона тўловлари олинмайди. Аниқроғи, ноқонуний юк учун тўловлар улар давлат хазинасига эмас, балки куч ишлатар тизим вакиллари чўнтагига тушмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG