Линклар

Қонун олдида ҳамма баробарми, ё...?

  • Фаррух Юсуфий

"Turkuaz" ва унга алоқадор тадбиркорларнинг таъқиб қилиниши Ўзбекистонда "қонун олдида ҳамма баробар"лиги билан изоҳланмоқда.

"Turkuaz" ва унга алоқадор тадбиркорларнинг таъқиб қилиниши Ўзбекистонда "қонун олдида ҳамма баробар"лиги билан изоҳланмоқда.

Пресс-уз.инфо сайти Туркиянинг “Turkuaz” ширкатига қарашли корхоналарнинг ёпилишига оид янги тафсилотларни эълон қилинди. “Қонун олдида ҳамма баробар ёҳуд “Turkuaz”да нималар бўлган эди” номли мақолада турк тадбиркорлари йиллар давомида Ўзбекистон қонунларини бузиб келгани иддао қилинади.


Озодлик 4 март куни “Turkuaz” ширкатига алоқадор 54 нафар турк тадбиркорининг жиноий жавобгарликка тортилгани ва унга тегишли корхоналарнинг ёпилиганини хабар қилган эди.

10 март куни Пресс-уз.инфо сайтида эълон қилинган “Қонун олдида ҳамма баробар ёҳуд “Turkuaz”да нималар бўлган эди” номли мақолада турк тадбиркорлари Ўзбекистонда топаётган мўмайгина даромад билан кифояланиб қолмасдан, қонунни айланиб ўтиб бойликларини орттиришга ҳаракат қилгани таъкидланади.

“Давлат божхона қўмитаси, давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Монполияга қарши кураш қўмитаси, Проба палатаси ҳамда ички ишлар вазирлиги ходимлари “Turkuaz” комплекси ва унга туташ “Чорсу-савдо” божхона омборида текширув ўтказиб кўплаб қонунбузарликларни аниқлагани”ни ёзди Пресс-уз.инфо.

Хусусан, жиноятларнинг асосий ижрочиси “Turkuaz” ширкати бошлиғи Туркия фуқароси Мустафо Унар ва “Gunes Tekstil Konfession can ve tic ltd stl Turkia” ширкати вакили Гунеш Вохит бошчилигидаги туркиялик тадбиркорлар кўп йиллардан бери Ўзбекистон ҳудудига катта миқдордаги товар ва заргарлик буюмларини божхона тўловларидан қочиш мақсадида қалбаки ҳужатлар билан олиб киргани айтилади.

Бундан ташқари “Turkuaz” ширкати ва унга алоқадор, Пресс-уз.инфо сайти таъбири билан айтганда, қўштирноқ ичидаги турк тадбиркорлари олиб кирилган товарларни яшириш билан шуғулланган. Божхона қўмитасининг хушёр ходимлари буни бир қарашдаёқ аниқлаган. Чунки “Чорсу-савдо” марказининг учинчи қаватида жойлашган майдони икки минг квадрат метр келадиган омбор турли хилдаги товарлар билан лиқ тўла бўлган. Бу товарлар қиймати анчагинани ташкил этишини ёзган мақола муаллифи, бу қийматни рақамларда кўрсатишни ўзига эп кўрмаган.

Пресс-уз.инфо эълон қилган мақола муаллифи Сардор Рахматуллаев Ўзбекистонда 2004 йилдан бери фаолият юритиб келган “Turkuaz” ширкати шунча пайтдан бери мамлакат қонунларини бузаётган пайтда божхона қўмитаси нима билан машғул бўлганини ҳам аниқлаштириб ўтирмаган.

Бу ҳам ҳаммаси эмас, деб давом этади Пресс-уз.инфо сайти. “Turkuaz” ширкатига алоқадор тадбиркорларга тегишли “Troya” кафе биноси ноқонуний тарзда қурилгани етмагандай “Shahitashkent” трикотаж цехи ҳам ноқонуний фаолият юритгани аниқланган.

Юқорида номи келтирилган расмий органларни энг ҳайратга солган нарса “Turkuaz” биносининг 5 қаватида жойлашган текстил цехи бўлган. Аниқланишича, мазкур цехда божхонани айланиб ўтиб олиб кирилган ускуналарда контрафакт текстил маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

“Қонун олдида ҳамма баробар ёҳуд “Turkuaz”да нималар бўлган эди” номли фош этувчи мақола муаллифи Сардор Рахматуллаев йирик қонунбузарликларнинг катта рўйхатидан таъсирланганини хулоса қилади.

Муаллиф ўз мақоласини қонунчиликнинг дастлабки унсурлари ибдтидоий жамоа даврида шакллангани ҳақидаги фикрлар билан бошлаб, қонун олдида ҳамма баробар, деган сўзлар билан якунлайди.

Фош этувчи ва тергов-суриштирув репортажи, дея аталишга даъво қилувчи мақола муаллифи қўштирноқ ичидаги турк тадбиркорлари қандай қилиб шунча йилдан бери божхоначиларни алдаб катта миқдордаги товарларни олиб киргани, катта миқдордаги солиқларни тўламасдан Ўзбекистон иқтисодига зиён етказиб келгани ҳақидаги саволни қўймаган ва унга жавоб излаб ўтирмаган ҳам. Албатта, ҳамкасбимиз тергов-суриштирув мақоласини ёзаётиб, ахир бу давлат идоралари нега шунча йилдан бери бу қонунбузарларнинг думини тугиб қўймади, деб жаҳл билан столни муштлаган бўлиши керак.

У кишининг ҳаёлига келган бўлишини тахмин қилиш мумкин бўлган бу савол билан камина Давлат божхона қўмитаси, давлат солиқ қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлигига мурожаат қилди.

Лекин бу идораларнинг ҳаммаси “Turkuaz” ва 54 нафар турк тадбиркорлар устидан очилган жиноий иш билан боғлиқ маълумотлар тергов сири экани ва жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини маълум қилишди.

Қизиқ, изқувар ҳамкасбимиз Сардор Рахматуллаев бу ишга боғлиқ шунча маълумотни қаердан олдийкин? Ишқилиб, қонун олдида ҳамма баробар деб, у кишини тергов сирини ошкор қилганликда айблашмаса бўлгани.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG