Линклар

Ўзбекистонда диний жамоалар устидан назорат яна кучайди

  • Барно Анвар

Ўзбекистондаги диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш мураккаблигича қолаётгани айтилади.

Ўзбекистондаги диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш мураккаблигича қолаётгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати диний ташкилотлар устидан назоратни кучайтириш қарорини диндан сиёсий ҳамда террорчилик мақсадларида фойдаланаётган ноқонуний гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш билан изоҳламоқда. Хабарларга кўра, ҳозирда мамлакатда расман рўйхатдан ўтмаган диний жамоаларни аниқлаш ишлари бошланган.


Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўн олтита конфессияга мансуб жами 2200 та диний ташкилот рўйхатга олинган.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ортиқбой Юсупов "Central Asia Online" сайтига берган интервьюсида, ҳозирда рўйхатдан ўтмаган турли конфессияларга оид диний жамоалар расмийлар хавотирга сабаб бўлаётганини айтган.

Ўзбекистонда Исломдан бошқа динларга мансуб жамоалар устидан кучли назорат ўрнатилгани ва уларни рўйхатга олишдаги тўсиқлар муаммоси 1998 йилдан буён кузатилади.

Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририга кўра: “Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади”.

Тошкентдаги насроний диний жамоалардан бири вакилининг Озодликка айтишича, кейинги йилларда насронийлар жамоаларни ёппасига миссионерликда айблаш, ташкилотлар фаолиятини эса мамлакат қонунчилигида таъқиқланган “прозелитизим”га йўйиш ҳоллари кўпайган.

Шу боис рўйхатдан ўтиш учун 100 кишилик имзо йиғиш турли диний жамоалар учун жиддий муаммога айланган, гап юз кишини қандай қилиб йиғиш ҳақида эмас, дейди суҳбатдошимиз.

- Уларнинг исми-фамилияси, иш ва яшаш жойини аниқ кўрсатиб рўйхат тузиш керак. Уни тегишли расмий идорага топширганингиздан кейин эса рўйхатдагиларнинг ишидан ва турар-жойидан бориб, миссионерликда айблаб босим қилишни бошлайдиган бўлишган. Шунинг учун ҳозир диний жамоалар рўйхатдан ўтиш истагидан воз кечишмоқда. Умуман, янги жамоаларни рўйхатга олиш тўхтаган,- дейди шахси сир қолишини сўраган суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, аксинча, мавжуд диний ташкилотларни прозелитизмда айблаб, рўйхатдан ўчириш ҳоллари учрамоқда.

- Бир гал кичиккина бир черковни психотроп дори воситалари топилди, деб ёпишган. Бу эса оддийгина таблетка бўлиб чиққан. Диний жамоаларни прозелитизмда айблаш мутлақо нотўғри. Бу нафақат халқаро, балки Ўзбекистоннинг ўз қонунларига ҳам зид,- дейди Тошкентдаги диний жамоалардан бирининг вакили.

Унинг айтишича, шу кунларда прозелитизмда айбланиб ёпилиш хавфи остида қолган ташкилотлардан бири Ўзбекистон Инжил жамиятидир.

Бу жамиятга Россиядан жўнатилган 15 минг нусхага яқин Инжил китоби расмийлар томонидан ушлаб қолинган.

Куни кеча Дин ишлари бўйича қўмита бу китоблар мамлакатга диний адабиётларни олиб кириш қонунчилигига зид равишда келтирилгани ва бундан асл мақсад айнан бир диний конфессия вакилларини бошқасига даъват қилишдан иборат мазмунидаги баёнотини чоп этган эди.

Ўзбекистон Инжил уюшмасига яқин манбалардан бирининг Озодликка айтишича, 15 мингга яқин Инжил масаласи халқаро матбуот, хусусан, Озодлик орқали берилганидан сўнг бу жамиятни ёпиш ҳақида огоҳлантирув бўлган.

Инжил жамиятининг ўзи бизга бу ҳақда маълумот беришдан бош тортди, аммо, ҳукумат билан муаммолари борлигини инкор қилмади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур ҳукуматнинг миссионерлик ҳаракатларига доир хавотирларида ўрин бор, дейди.

У киши, айниқса, насроний диний жамоалар орасида миссионерлик кучайиб бораётганини қайд этар экан, Ўзбекистон Инжил жамияти номини ҳам тилга олди.

Мусулмонларни насронийлик динига даъват қилиш учун адабиётлар тарқатиш билан бирга моддий ва гуманитар ёрдам бериш ҳоллари кўплаб қайд этилган, дейди мусулмонлар идораси расмийси.

- Христиан ташкилотлари томонидан, ҳалиги Библия жамиятига ўхшаган, ўша миссионерлик билан шуғулланаëтганлар борда. Яъни христиан динини мусулмонлар орасида тарқатиш, христиан динига тарғиб қилиш ишлари бўлаяпти. Буларни кўраяпмиз, эшитаяпмиз.

Озодлик мубирининг прозелетизмнинг қонун билан тақиқланишига қандай қарайсиз, деган саволига Абдулазиз Мансур бундай жавоб берди:

- Даъват қилиш мажбурий тарзда бўлмаслиги керак. Мана ислом динида ҳам шунақаю, зўрлаш йўқ дейилган. Христиан динининг ҳам китоблари чиқарилган, хоҳлаган одам ўқиб динни ўз ихтиëри билан қабул қилиши мумкин. Бутун дунëда ҳозир ислом динини қабул қилаëтган бошқа дин вакиллари ҳам жуда кўп. Бу ихтиëрий равишда бўлиши керак. Уйларига варақалар ташлаб кетиш, китобларни масалан Таврот, Инжил китобларини бепул тарқатиш, булар албатта мажбур қилган билан баробарда.

Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги чекланмаган, дея қўшимча қилди.

Унинг гапини қисман тасдиқлаган Тошкентдаги Буддовийлар ибодатхонаси ходими Раиса Пак оз сонли буддовийлар келиб турадиган ибодатхона эмин-эркин фаолият юритаётгани ва айниқса, Дин ишлари бўйича қўмита билан борди-келдиси яхшилигини алоҳида қайд этди.

Лекин, дейди у, Ўзбекистонда бир дин вакилларининг даъват қилиш билан шуғулланишини чеклаш эътиқод эркинлиги ғоясига зиддир.

- Инсон ўзи танлаши керак. Тақиқлаш керак эмас. Масалан менга кимдир бошқа динга оид китобни берса, мен у ҳақда тасаввурга эга бўлиш учун уни ўқиб кўрган бўлар эдим. Табиийки, таҳлил қилиб ўз руҳиятингиздан келиб чиқиб танлашингиз керак. Тақиқлаш ёки зўрлаш мумкин эмас,- дейди Раиса Пак.

У шунингдек Ўзбекистонда "динни ниқоб қилиб сиёсий ёки террорчилик мақсадларида ишлаётган диний ташкилотлар мавжуд", деган хавотирларда асос борлигига шубҳа билан қарашини айтади.

- Менимча бунақа яширинча ташкилотлар бўлиши мумкин эмас. Чунки, бизда назорат жуда кучли. Уларга ҳисоб бериб туриш мажбурияти кучли. Энди қанақадир яширин ячейкалар ҳақида гапришаётган бўлса билмадим-ку, лекин бунақа ячейкалар ҳам бор, деб ўйламайман,- дейди Тошкентдаги Буддовийлар ибодатхонаси ходими Раиса Пак.

Ўзбекистонга диний ташкилотлар ёҳуд жамоатлардан ҳукумат иддао қилаётгани каби сиёсий ёҳуд экстремистик таҳдид йўқ, деган хулосани йиллардан буён Ўзбекистондаги эътиқод эркинлигини кузатиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар, жумаладан, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи, “Форум 18” ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти, Россиядаги “Мемориал” ташкилоти ҳам такрорлаб келади.

Аксинча, Тошкентнинг бу иддаолари ўзининг нафақат исломий, балки бошқа диний жамоаларга нисбатан юритаётган репрессив сиёсатига оқлов учун келтирган баҳонаси ўлароқ баҳоланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG