Линклар

Ўзбекистонда энди IWPR ёпиқ сайтлар рўйхатига тушди


IWPR ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Андижон фожиасидан кейин ёпилган эди.

IWPR ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Андижон фожиасидан кейин ёпилган эди.

Ўзбекистонда ёпиқ сайтлар рўйхатига яна бир Инетрент саҳифаси қўшилди. 12 март – Интернет цензурасига қарши ҳалқаро кун арафасида маркази Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) веб-саҳифаси тўсиб қўйилди.


Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) веб-саҳифасида берилаётган мақолалаларни ўзбекистонлик Интернет муштарийлари шу пайтгача ўқиб келаётган эди. Фақат Ўзбекистондаги воқеалар ёритилган баъзи алоҳида мақолаларни очиш чекланган эди.

IWPR ташкилотининг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича бош муҳаррири Инга Сикорская 10 март куни Ўзбекистонда сайт бутунлай тўсиб қўйилди, дейди:

- Сайт кечадан бошлаб тўлалигича тўсиб қўйилди. Лекин феврал ойи давомида Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчилари айрим мақолалар тўсиққа учраётганини хабар қилишган эди. Андижон воқеаларидан сўнг, бизнинг сайтимиз тўсиққа учрамаган эди. Биз сўнгги пайтда ўзбек тилида ҳам мақолаларни чоп этаётган эдик. Биз сайтимиз тўсиққа нима сабабли учраганини фақат тахмин қила оламиз. Балки бунинг сабаби сўнгги пайтда веб саҳифамизда араб давлатларидаги намойишларнинг фоторепортажлари берилганлиги билан боғлиқдир. Ундан ташқари, биринчи саҳифамизда ўзбекистонлик журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг пикет намойишининг суратлари билан боғлиқдир. Чунки сўнгги пайтда Ўзбекистон ва Туркманистонга оид бўлимимизда ўқувчилар сони кўпайган эди. 2010 йилда бу бўлимга 5 миллиондан ортиқ Интернет фойдаланувчиси кирган эди, дейди IWPR ташкилотининг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича бош муҳаррири Инга Сикорская.

Германияда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева IWPR ташкилоти билан Ўзбекистонда беш йил давомида ҳамкорлик қилган. Галима ташкилотнинг 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин ёпилгунга қадар, унинг Ўзбекистондаги фаолиятини эслайди.

- Айтишим мумкинки, IWPR ноёб лойиҳа. Унинг бошқа журналистика лойиҳаларидан фарқи шундаки, у ўз мухбирларини мамлакатга жўнатмасдан, ўзи ўша давлатга кириб боради ва лойиҳаларини тадбиқ этади. Маҳаллий журналистларга ишлаш имконини берар эди. Бунда халқаро журналистика қоидаларига риоя қилинарди, албатта. Ўзбекистонда IWPR 2005 йил Андижон воқеаларига қадар ўз офисига эга бўлиб ишлаган бўлса, фақат 2001 йилда, бир маротаба Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидан акрредитация олиб ишлаган. Андижон воқеалари пайтида бизнинг мухбирлар бевосита Андижондан хабарлар бериб турди. Кейин эса мухбирларимиз Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди,- дейди журналист Галима Бухорбоева.

Маркази Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Йоханн Биир Ўзбекистонда Интернет нашрларининг цензурага учраётгани билан боғлиқ вазият бу мамлакатда сўз эркинлиги қай аҳволда эканини яна бир бор кўрсатади дейди:

- Бу ҳолат Ўзбекистонда тўлақонли цензура ҳукмрон экани, ҳукуматни, президент оиласини умуман танқид қилиш имкони йўқлигини, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётган оид ҳақиқий вазиятини ёритиш имкони йўқлигини кўрсатади. Бугунги кунда Ўзбекистонда айнан қанча интернет сайт тўсиққа учрагани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин биз билган рўйхатда тўсиб қўйилган ўнлаб сайтлар номи бор. Айни пайтда, Ўзбекистон бизнинг ташкилот эълон қиладиган сўз эркинлиги душманлари бўлган давлатлар рўйхатидан жой олган,- дейди Йоханн Бир.

Март ойининг дастлабки кунлари Ўзбекистонда “Русский репортер” сайти тўсиб қўйилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди. Мазкур сайт ходимлари Wikileaks Интернет сайти Ўзбекистонга АҚШ депешаларини чоп этгани боис тўсиққа учраганини тахмин қилишган эди.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчилар мухолифат партияларнинг веб-саҳифаларига, Ўзбекистон ҳаётини ёритаётган ҳалқаро ОАВ сайтларига тўғридан-тўғри кира олмайдилар.

Айрим Интернет фойдаланувчиларига кўра, ҳозирча мобил телефонлар орқали тўсиб қўйилган сайтларнинг баъзиларига кириш мумкин. Компьютер орқали интернетдан Ўзбекистонга оид мустақил ахбророт истовчилар эса прокси-сайтлар хизматидан фойдаланишга мажбур.

XS
SM
MD
LG