Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:30

Японияда цунами қурбонлари сони минг кишидан ошди


11 март куни Японияда кучли зилзила оқибатида юз берган цунами қурбонлари сони минг кишидан ошди. Бу ҳақда 12 март куни Япониянинг “Киодо” ахборот агентлиги маҳаллий полицияга таянган ҳолда хабар тарқатди.


"Киодо"
ахборот агентлигининг хабар беришича, айни пайтда расман 433 одамнинг ҳалок бўлгани тасдиқланди. 784 одам эса бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.

Расмий маълумотларга кўра, 3400 турар-жой биноси қисман ёки тўла вайрон бўлган. Япониянинг шимолий – шарқидаги Иватэ минтақасидаги Рикудзентаката шаҳри тўлалигича сув остида қолгани хабар қилинмоқда. Минтақанинг Мияко ва Ямада шаҳарларида ҳам мана шундай ҳолат ҳукмрон.

Бундан ташқари зилзила оқибатида бир қатор ядровий реакторлар ишида узилишлар кузатилган. Хабарларга қараганда, “Фукусима-1” атом электр станциясидаги ядровий реакторлардан бирининг совутиш тизими ишдан чиққани оқибатида реакторни бошқариш пунктида радиация меъёри минг баробарга кўпайган. АЭС ташқарисидаги ҳудудда эса радиация меъёри белгиланганидан 8 баробар кўп бўлган.

Япония Бош вазири Наото Кан 11 март куни бу ҳудуддан 3 минг одамни бошқа жойларга кўчириш ҳақида кўрсатма берган эди.

Япониянинг “Киодо” ахборот агентлигининг Ядровий ва саноат хавфсизлиги агентлигига таяниб тарқатган сўнгги хабарларида айтилишича, “Фукусима-1” АЭСи биринчи блоки олдида цезий моддаси топилган. Бу эса реактор қаъридаги ёнилғининг сизиб чиққанини билдиради.

“Фукусима-2” АЭСида ҳам вазият мураккаб эканлиги айтилмоқда. Бу икки атом электр станциясида атом реакторлари тизимидан буғларни чиқариш амалиёти олиб борилмоқда.

Айни пайтда Япониянинг NHK жамоатчилик канали радиацион хавфсизлик хизматига таяниб АЭСлар атрофида яшовчи аҳоли ҳаётига таҳдид йўқлиги ҳақида хабар берди.

11 март куни Япония шимолий – шарқий соҳилига баландлиги 10 метр келадиган цунами ёпирилган эди. Эпицентри мамлакат соҳилларига яқин бўлган денгиз тубида юз берган кучли зилзила оқибатида Тинч океанидан келган улкан уммон тўлқини уйлар, машиналар, йўллар ва экин майдонларини ювиб кетди.

Мавзуга оид қўшимча тафсилотларни, видео ва суратларни Озодлик радиоси интернет саҳифасида мана бу ишорат орқали ўқишингиз ва кўришингиз мумкин.

Ҳурматли тингловчи ва муштарийлар, агар ҳозирда Японияда бўлсангиз, атрофингизда рўй бераётган воқеаларни Озодлик электрон почтаси: uzbekweb@rferl.org ёҳуд Twitter ва Facebook орқали хабар беришингизни илтимос қиламиз.

Facebook даги номимиз: Ozodlik Radiosi, Twitter да эса: Ozodlik

XS
SM
MD
LG