Линклар

12 март куни Москвада оламдан ўтган журналист, таҳлилчи Санобар Шерматова билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Бугун унинг жасади Ўзбекистонга юборилади ва 13 март куни "Чор минор" қабристонига дафн этилади.

Бугун Москва журналист Санобар Шерматовани сўнгги манзилга кузатмоқда.

Маросимга Санобар опани таниган ёру-биродарлари, ҳамкасблари ва шогирдлари йиғилди.

Йиғилганлар кўп гапиришмади. Кўп гапнинг ортиқча эканлигини барча тушунаётгандек эди. Қанча гапирсанг шунча камдек кўринади...

- Бир нарсадан кўнглим тўқ, Санобар қийналмасдан кетди. Бундай одамлар нафақат бу ерда, балки нариги дунёда ҳам зарур бўлса керак... Худонинг иши, бизда на илож, - деди Санбар опанинг дўсти, касбдоши Аркадий Дубнов.

Журналист Мўмин Шокиров Санобар опа мураккаб сиёсий масалаларни ёритишни ҳам санъат даражасига кўтарганини сўзлади:

- Журналистикани Ижодкорлик даражасига кўтара олган Санобар опа ҳақиқат куйчиси эди.

Сўз олган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев видолашувга кела олмаган ва дунёнинг турли ўлкаларидан бўлган танишу- нотанишларнинг опанинг ўғиллари, оила аъзоларига ҳамдардлигини изҳор этди.

Москвада бугун оппоқ қор ёғди. Марҳума Опа кунглидек мусаффо ва нозик. Москва журналист, буюк инсон Санобар Шерматова билан видолашаяпти. У бугун Ўзбекистонга юборилади ва 13 март куни Тошкентдаги "Чор минор" қабристонига дафн этилади. Тошкентда уни қавму-қариндошлари, яқинлари кутмоқда.

Роппа-роса бир ойдан кейин Санобар опа 60 кирарди. Энди у доимо 59 мукаммал ёшда хотирамизда қолади. Опа баҳордек келдию баҳордек кетди...

------------------

Беҳосдан видолашувга келган икки кишининг суҳбатига гувоҳ бўлиб қолдим... Санобар опанинг шогирдларидан бўлса керак, ёшроқ аёл сўради.

- Нега Ўзбекистонга кўмишаяпти?

Жавоб берган одам билибми-билмасданми Опанинг бутун ҳаётини тасвирлади-қўйди:

- У бутун жонини Ўзбекистонга берган эди. Мана энди танасиниям Ўзбекистонга топшираяпти...
XS
SM
MD
LG