Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:49

Миягида офат қурбонлари сони 10 мингдан ошиши мумкин


Японияда зилзила қурбонлар мингларни ташкил этиши мумкинлигидан хавотир билдирлмоқда.
Японияда зилзила қурбонлар мингларни ташкил этиши мумкинлигидан хавотир билдирлмоқда.

Япония полицияси жума куни юз берган зилзила ва ер силкиниши ҳосил қилган баландлиги 10 метрлик цунами оқибатида биргина Мияги шаҳрида ўн мингдан ортиқ одам нобуд бўлган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.


Пойтахт Токиодан 250 километр шимолда жойлашган ва офатдан энг кўп зарар кўрган Мияги шаҳри полицияси матбуот котиби Го Сугавара мазкур префектурада ўн мингдан зиёд одам нобуд бўлгани тахмин қилинаётганини маълум қилди.

Ундан аввал Япония ҳукумати расмийлари зилзила ва цунами натижасида тўққиз юздан ортиқ одам ҳалок бўлганини расман эълон қилган эди.

Икки миллион аҳоли истиқомат қиладиган Миягида шу пайтгача 379 киши нобуд бўлгани расман тасдиқланди.

12 март куни портлаш содир бўлган Япониянинг "Фукусима-1" атом станцияси жойлашган минтақани минглаб одам шошилинч тарк этмоқда.

БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги Фукусимадаги ўнта атом реакторига эга иккита атом станцияси атрофида яшовчи 200 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинганини билдирди.

Мамлакатда янги ер силкинишлари давом этаётгани боис Токио ҳукумати қутқариш ишларига жалб этилган 51 минг аскар сонини икки баробар оширди. Ҳозир офат юз берган минтақада 100 минг аскар қутқариш ишларида фаол иштирок этмоқда.

Япония расмийлари Фукусима атом станциясида иккинчи портлаш юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. Аммо реакторнинг портлашга бардош бера олиши кутилаётгани айтилмоқда.

Шунга қарамай, расмийлар ҳозирда радиация миқдори нормадан ошган Фукусима Дайичи станциясидаги ядровий бўҳрон кескинлашиши мумкинлигидан хавотирда.

- Мен сизларга учинчи реактор ҳақида маълум қилмоқчиман. Биз бу реакторнинг сув таъминот системаси ишдан чиқиши мумкинлиги ҳамда у ишламай қолганини айтган эдик. Ҳозирда биз реакторни созлаш устида иш олиб бораяпмиз. Биз босим йиғиладиган қозондаги ҳаво босимини камайтиришга ҳаракат қиляпмиз ва қозонга сув ҳайдаяпмиз,- деди Япония Давлат вазири Юко Эдано 13 март куни журналистларга берган интервьюсида.

Япониянинг атом хавфсизлиги агентлиги шанба кунги портлашни Халқаро атом ва радиология воқеаларининг етти даражали ўлчови бўйича тўртинчи даражадаги фожиа, дея баҳолади.

1986 йил собиқ СССРнинг Чернобил атом станциясида юз берган портлаш шу ўлчов бўйича еттинчи даражали фожиа, деб баҳоланган эди.

Айни пайтда Япониянинг Метереология агентлиги жума кунги ер силкиниши магнитудаси 9 балл бўлганини расман эълон қилди. Бу тарихда шу пайтгача қайд этилган энг кучли зилзила экани айтилмоқда.

Халқаро ҳамжамият офат юз берган Японияга ёрдам қўлини чўзмоқда. Япониянинг азалий рақиби бўлган Хитой ҳудуд устидаги ўзаро можарога қарамай, Японияга ўзининг қутқарувчилар гуруҳини жўнатди.

Япониянинг яқин иттифоқчиси ҳисобланган АҚШ эса Японияга ёрдам бериш учун ўзининг бир нечта ҳарбий кемасини жўнатди. Бортида учқичлар бўлган “Ronald Reagan” кемаси оролнинг шимоли-шарқий қисмига етиб борди. Японияда АҚШнинг 50 минг қўшини жойлашган бир нечта базаси бор.

Япония атом станциясида рўй бераётган ҳодисани халқаро ҳамжамият, айниқса, Хитой расмийлари диққат билан кузатмоқда. Боиси атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш мақсадида Пекин сўнгги йилларда мамлакатда атом станциялари қуриш лойиҳаларига катта маблағ ажратган.

Ҳозир Хитойда 27 атом электр станцияси қурилмоқда, 50 станция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва яна 110 атом станцияси қуриш ҳақида таклиф киритилган.

Жаҳон атом ассосиацияси маълумотига кўра, ҳозир дунё бўйича 443 атом реактори ишлаб турибди, 62 атом реактори қурилмоқда ва 158 янги атом станцияси қуриш учун буюртма берилган. Бундан ташқари, яна 324 атом станцияси қуриш ҳақида таклифлар бор.

Ҳозир фақат АҚШ ва Францияда Япониядан кўпроқ атом станциялари бор. Яқин келажакда Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Вьетнам, Филиппин ва Малайзия ҳам ўзининг атом станцияларига эга бўлади.

АҚШнинг Атом энергияси бўйича комиссияси собиқ аъзоси Питер Брадфорд Япония атом станциясидаги авария “атом уйғониш даври” деб аталаётган жараёнга путур етказиши мумкинлигини айтди.
XS
SM
MD
LG