Линклар

Тожикистон темир йўллари унитар корхонаси масъуллари буни йўловчилар сони озлиги ва Ўзбекистон ҳудудида республика поездлари соатлаб асоссиз тўхтатилиб турилиши билан изоҳламоқдалар.

Тожикистон темир йўллари унитар корхонаси Сўғд вилоят бошқармаси мутасаддиларининг айтишларича, Хўжанд-Душанбе поездлари ҳаракати бир неча сабабга кўра тўхтатилган. Бундан биринчиси йўловчилар сони озлиги бўлса, иккинчиси, Ўзбекистон худудида республика поезди соатлаб асоссиз тўхтатилиб турилишидир.

Тожикистонлик йўловчилар айримлари бир томондан йўловчи поездининг тўхтатилгани яхши бўлганини айтмоқдалар, чунки Ўзбекистон ҳудудидан ўтишда улар қатор қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

- Аввал ҳужжатларни текширишди. Кейин “савол туғилди” дея, мени поезддан туширишди ва темир йўл вокзали милицияхонасига олиб боришди. “Ҳозир текширамиз ва жавоб берамиз” дейишди. Хуллас, ҳужжатларим жойида экан, уларга пул керак экан. “200 сомоний (тақрибан 45 АҚШ доллари – таҳр.) берасан ёки поезд сенсиз кетади”, дейишди - мажбур бердим, - дейди хўжандлик Икром Уринов мазкур поезддаги кўргиликлари ҳақида гапираркан.

Навбатдаги сухбатдошимиз ҳам сўнгги марта Душанбе шаҳрига поездда борган, лекин қайтишда хавфли бўлса-да, Хўжандга икки довони оша таксида келган.

- Ўзбекистоннинг Ховос станциясида поездимиз тўхтади. Вагонимизга кирган чегарачи ва божхоначи нарсаларимиз синчклаб текширди. Саволларни фақат ўзбек тилида беришарди. Биз эса ўзбек тилини билмаганлигимиз учун рус тилида гапиришга мажбур эдик. Шунда чегарачи: “Бу қанақаси, нима учун сизлар рус тилида жавоб беряпсизлар? Ўзбек тилида гапиринглар. Ҳозир ҳаммаларинг Ўзбекистон худудида ўзбек тилини билишларинг шарт”, дея дўқ урди. Хуллас, ҳар биримиз 25 сомонийдан (5.5 АҚШ доллари - таҳр) бериб, қутулдик. Поездимиз Ховосда икки соатдан ортиқ турди, - дейди ўзини Наргис деб таништирган хўжандлик жувон.

Айни пайтда бошқа йўловчилар Хўжанд-Душанбе поезди қатнови тўхтатилганлиги оддий фуқаролар учун муаммо туғдирганини айтмоқдалар. Сабаби юзлаб тожикистонликлар йўл кираси арзон ҳисобланган мазкур поезд хизматидан фойдаланар эди. Душанбега учадиган самолёт чиптаси нархи эса 360 сомонийга (80 АҚШ доллари – таҳр.) тенг.

- Мен бир неча йилдан буён Хўжанд-Душанбе поездида республика жанубига ўз юмушларим билан бориб келардим. Бу жуда қулай ва арзон транспорт эди. Республика жанубидан автомашиналарда юкларни олиб келиш қийин. Поездда эса юк олиб келмоқчи бўлсам, багажга топширардим-у Хўжандгача бемалол дам олиб келардим. Шу йиллар давомида Ўзбекистон ҳудудида бирор марта қийинчиликка дуч келмаганман, чунки ҳамма ҳужжатларим жойида. Поезднинг тўхтаб қолганлиги менга ўхшаган тижоратчиларга ҳам, оддий йўловчиларга ҳам кўп қийинчиликлар туғдирди, - дейди хўжандлик тижоратчи Абдумалик Каримов.

Аснода тожик расмийлари республика жануби ва шимолини туташтирувчи Турсунзода-Хўжанд темир йўлини қуриш ҳақида қарор қабул қилинганини айтишмоқда. Ҳукумат режасига кўра, янги темир йўл Регар станциясидан бошланиб, Қоратоғ, Ҳакимий, Саритоғ даралари ва Искандаркўлни туташтириши керак. Шундан кейин бу йўл Шаҳристон довони орқали Истаравшан ва Спитамен туманидаги темир йўлга уланади. Шу кунга қадар Тожикистон поездлари Ўзбекистон худудидан қарийб минг километрлик йўлни босиб ўтарди. Янги темир йўл қурилса, бу йўл узунлиги бор-йўғи 260 километрни ташкил этади ва Ўзбекистонни четлаб ўтади. Бироқ бу режа ҳали амалга оширилганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 2010 йил 1 январидан бошлаб тижорат юкларини Фарғона водийсига ташишда Тожикистон орқали ўтадиган темир йўл хизматидан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилган эди. Ўтган йилнинг 1 февралидан эса Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан ўтадиган Андижон-Бухоро йўловчи поезди қатнови ҳам тўхтатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG