Линклар

Москвада яна бир ўзбекистонлик қочқин ҳибсга олинди


Ибодулла Мамажонов кейинги бир ой ичида Москвада ҳибсга олинган ўзбекистонлик иккинчи қочқиндир.

Ибодулла Мамажонов кейинги бир ой ичида Москвада ҳибсга олинган ўзбекистонлик иккинчи қочқиндир.

11 март куни Москванинг Братеево туманида полиция ходимлари ўтказган рейд пайтида ўзбекистонлик 27 ёшли Ибодулла Мамажонов ҳибсга олинди. Братеево туман Ички ишлар бўлими ходимининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда экстремизмда айбланаётган Ибодулла Мамажонов ватанига экстрадиция қилиниши мумкин.


- Сизларнинг ўзбек қонунларингизга кўра, экстремизм билан боғлиқ қандайдир жиноятлари учун ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилди. У Братеевонинг бозорларидан биридаги текширув пайтида қўлга олинди. Мамажонов ҳақида Ўзбекистонга жўнатилган сўровномамизга жавоб келди, ҳақиқатан Ўзбекистонда қидирувда экан. Шу боис қонунга биноан уни қўйиб юборишга ҳаққим йўқ эди ва унинг ишини Нагатино прокуратурасига топширдим,- деди Ибодулла Мамажоновнинг дастлабки суриштирув ишларини олиб борган Братеево туман Ички ишлар бўлими терговчиси Игорь Захаров.

Маълум бўлишича, терговчи Захаров бу ишнинг сохта эканлигини сезган ҳолда ўзи
Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябининага Ибодулла Мамажонов ҳақида хабар берган.

Буни тасдиқлаган Елена Рябинина Мамажоновнинг иши терговчи Игор Захаровнинг қўлига тушганини омад, дея тарифлади. Рябининага кўра, акс ҳолда ўзбекистонлик қочқин тез кунлар ичида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши ҳам мумкин эди.

- Қўлида қочқинлик мақомини олиш масаласи кўриб чиқилаётганини тасдиқловчи махсус гувоҳнома бўлишига қарамасдан, у Братеево ИИБсига келтирилган, ваҳоланки бу ҳужжат билан уни на экстрадиция, на депортация қилишга ҳақлари бор. Бўлимда унинг халқаро қидирувга берилгани аниқланган ва Ўзбекистонга “ажойиб” сўровнома юборилган: юборилган хужжатга Мамажоновнинг қочқинлик мақомини сўраётганлиги ҳақидаги гўвоҳнома ҳам илова қилинган, яъни бу билан бизнинг “халқпарвар” милициямиз (эндиликда полициямиз), қочқинлик мақомини сўраш принципини қўпол равишда бузган. Лекин Ибодулланинг инсофли терговчи Захаров қўлига тушганини ҳақиқатан катта омад, деса бўлади: шу тариқа унинг қаерда эканини аниқлаб олдик,- дейди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Елена Рябинина полиция ва прокуратура ходимлари ҳуқуқ ҳимоячиларидан ҳибсга олинган қочқинларни яшириш ҳолатлари ҳам кузатилганини айтади. Унинг сўзларига кўра, Мамажоновни Ўзбекистон сўровига кўра экстрадиция қилиш жараёнини бошлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари қатор Россия ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузган.

- “Қочқинлар тўғрисида”ги Россия Федерал қонунининг 10 моддасига биноан, Россия Федерацияси ҳудудида қочқинлик сўраётган шахслар чиқиб кетган мамлакатига мажбуран қайтарилиши қатъий таъқиқланган;

- БМТнинг 1951 йилда қабул қилинган “Қочқинлик статуси ҳақида”ги Конвенциясининг 33 моддасида айни таъқиқ белгилаб қўйилган;

- Россия Конституциясининг 22 ва Россия Жиноят Кодексининг 108 моддаларига кўра, бирор шахс фақатгина суд қарорига биноан озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шунингдек, ҳимоячиларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг қийноқлар кенг қўлланадиган мамлакат экани маълум бўлгани боис Мамажоновни у ерга экстрадиция қилиш мумкин эмас. Елена Рябинина Страсбург суди Россия судлари қочқинларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида чиқарган бир нечта қарорини бекор қилганини сэлатади: 2010 йилнинг июлидан ноябр ойига қадар Европа Суди томонидан Россияга қарши чиқарган тўртта қарордан учтаси аллақачон кучга кирган.

Инсон ҳуқуқлари институти Ибодулла Мамажоновнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида экстрадиция ишларида юқори малакага эга адвокат Дарья Тренинани таклиф қилди.

Озодлик билан суҳбатда адвокат Дарья Тренина ўз ҳимояси остидаги мижозининг қайси “жиноятлар” учун Ўзбекистон томонидан қидирилаётганини гапириб берди.

- Унга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-чи ва 244-чи моддаларини бузганлиги ҳақидаги одатдаги айбловлар қўйилган. Мендаги маълумотларга кўра, Ибодуллаев мутлақо қонунбузарликка алоқаси йўқ. У жиноий ишларни содир этганлиги учун эмас, балки мафкуравий қарашлари ва фикрлари учун таъқибга учрамоқда. Ибодулла дўстларидан Москвада қочқинлик мақомини олиш мумкинлиги тўғрисида хабар топиб келган. Россияда эса ўтган йилнинг июл ойларидан бери майда-чуйда ишларни бажариб кун кечириб юрган,- дейди Мамажоновнинг адвокати Дарья Тренина.

Тренинанинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлири томонидан 1995 йилнинг августида бедарак йўқолган андижонлик Абдували қорининг маърузалари ёзилган ва дўстларидан бирига тегишли бўлган ноутбук Мамажоновда аниқлангани айби қўйилмоқда.

Адвокатга кўра, Ангренда Мамажоновнинг 2 ёки 3 нафар фарзанди билан рафиқаси қолган.

Тренина Россия Бош прокуратурасининг ўзбекистонлик Ибодулла Мамажоновни экстрадиция қилиш ҳақидаги қарори юзасидан судга арз билан мурожаат қилишини ва олдинги ишлар натижаларига кўра, бу иш ҳам ижобий якунланишига ишонишини айтди.

Ибодулла Мамажонов кейинги бир ой ичида Ўзбекистон сўровига кўра Москвада ҳибсга олинган иккинчи қочқин бўлди. 19 феврал куни Озодлик Москванинг Видное шаҳарчасида ҳибсга олиниб, озод қилинган ўзбекистонлик яна бир қочқин – тошкентлик Дилмурод Салимов ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG