Линклар

Тошкентнинг Навоий кўчасидаги дўконлар бузилмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Халқ орасида "Навоий ярмаркаси" деб танилган дўконлар растасининг йиллик пул айланмаси юз миллионлаб АҚШ долларини ташкил қилгани айтилади.

Халқ орасида "Навоий ярмаркаси" деб танилган дўконлар растасининг йиллик пул айланмаси юз миллионлаб АҚШ долларини ташкил қилгани айтилади.

Тошкент шаҳри Навоий кўчасида жойлашган уй жиҳозлари, маиший ва офис техникалари билан савдо қилувчи дўконлар растаси душанба кундан бошлаб кўчирила бошлади. Савдогарларнинг айтишларича¸ уларга собиқ Малика фабрикаси ўрнида қурилган савдо дўконларидан жой ажратилмоқда.


Дўконлар ёппасига бузиляпти, деди Навоий кўчасидаги савдогарлардан бири Озодлик мухбирига.

- Ҳаммамизни Софийский кўчасидаги (ҳозирги Х. Асомов кўчаси) эски Малика фарикаси ўрнида қурилган дўконларга кўчиришмоқда. Бундан норозилик жойимиз йўқ,- дейди шахси сир қолишини истаган савдогар.

Унинг айтишича, Шайҳонтохур туман ҳокимлиги қарори билан бузилаётган дўконларнинг ўрнига берилаётган савдо нуқталари савдо учун жуда қулай ва баъзи савдогарлар ўз дўконларидан айрилаётганлридан хафа бўлаётган бўлса-да, ортиқча тушкунликка тшушишга зарурат йўқ.

- Ҳаммаси яхши бўлади,- деди исмини айтишни истамаган, лекин анчайин некбин суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошимиз айтганидек, дўконларни ижарага олган савдогарлардан фарқли ўлароқ, дўконларини ўз қўллари билан қурган тадбиркорларнинг баъзилари улардан айрилиш истиқболидан қувонгани йўқ.

Умуман, Озодлик билан гаплашган садовгарларнинг овозидан уларнинг хафсалалари пир бўлгани сезилиб турарди, лекин негадир ҳаммаси бир овоздан, “бизнинг ҳукумат қарорига қаршилигимиз йўқ”, қабилидаги жавобни беришар эди.
Савдогарлардан бири, умуман дўконлар бузилаётганидан хабари йўқлиги ўз ихтиёри билан марказдаги дўконни ташлаб, Қорақамишга элтувчи кичик халқа йўли бўйида жойлашган дўконга кўчиб кетаётганини айтади.

- Ака, ундан хабарим йўқ. Бузилаëтганидан хабарим йўқ. Бизлар просто кўчаяпмиз. Малика фабрикасига кўчаяпмиз. Улар мажбурлаб кўчираëтгани йўқ. Таклиф қилишди Ўрикзордан ва Маликадан. Малика маъқул бўлди. Ўша ëққа кўчаяпмиз. Чиройли, янги дўконлар экан. Шартнома асосидан аренда қилиб оламиз, ҳамма чиройли. Кеча ҳоким ҳаммани йиғиб, жуда яхши условиелар яратиб беришаяпти,- дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, бузилган дўконлар эвазига товон пули бериш масаласини расмийлар ҳозирча кўриб чиқаётгани йўқ.

- Бу энди, дўкон эгаларининг муаммоси. Биз бу дўконни ижарага олиб ишлар эдик, дея гапни қисқа қилди савдогар.

Дўкони бузилаётганидан хабари йўқ тадбиркор билан бу суҳбат суҳбатларнинг энг антиқаси бўлмади. Афтидан Навоий кўчасидаги савдогарлар уларга берилган уч кунлик муҳлатдан саросимага тушиб қолган шекилли, “Комила” номли дўконга қўнғироқ қилганимизда, гўшакни бу дўконга умуман алоқаси йўқлигини айтган бир киши кўтарди.

- Ака, билмайман. Трубкани мен олдим. Эгалари йўқ эди. Мен бу магазинда ишламайман, эгалари йўқ эди. Телефон жиринглаётган экан Просто трубкани олдим,- дейди Малика магазинига тасодифан кириб қолиб, жиринглаб турган телефон гўшагини кўтарган суҳбатдошиз.

Маълум бўлишича, Шайҳонтохур тумани расмийлари тадбиркорларни якшанба куни кечқурун мажлисга чақиртириб, бузиш ишлари пайшанба кундан бошланишини маълум қилган ва дўконларни уч кун ичида бўшатиб қўйишни буюрган.

Маиший ва офис техникаси билан савдо қилувчи тадбиркорнинг айтишича, бузилаётган дўконлар ўрнига Х. Асомов (эски Софийский) кўчасида жойлашган собиқ “Малика” трикотаж фабрикаси ўрнида қурилган дўконлар таклиф қилинмоқда. Янги жойнинг ҳаридор ўрганган Навоий кўчасидан анча чеккароқда жойлашгани етмагандай, берилаётган дўконларни савдо учун тайёрлаш учун камида икки ой керак бўлади, дейди бу суҳбатдошимиз.

- Қорасарой Софийский йўлларини биласизми? Рабочий городок бўларди, эски рабочий городок. Малика нимаси бўларди олдин. Ўша ер бузилиб, ўша ер дўконлар бўлган. Ўша ерга кўчаяпти Навоий кўча. Дўконлар ремонт қилиниб кейин кириладида. Бир ой, икки ойсиз ишга тушмайди. Камида бир-икки ой ўтади у ëқда ишлаш учун, дейди исми сир қолиши шарти билан гапирган савдогар.

Ўзини Ўткир, деб таништирган савдогар, ҳокимият барча молларни олиб чиқиш учун уч кун муҳлат берганини айтар экан, бузилган дўконлар ўрнига боғ билан замонавий уйлар қуришар экан, дейди.

- Парк тушади деган гап бор. Парк тушаркан ва уйлар тушаркан. Шунақа гап бор. Қанчалик тўғрилигини билмаймиз. Одамлар орасида шунақа гап бор. Бу тўрт-беш йилдан бери келаëтган гап. Навоий кўча кўчади, кўчиринглар деган гап. Проектда шаҳар маркази бўлганлиги учун чиройли-чиройли бинолар тушиши кўрсатилган экан. Энди шунақа катта, чиройли бинолар тушса керакда,- дейди ўзини Ўткир, деб таништирган тадбиркор.

Ўткиржоннинг гапларини баъзи норасмий манбалар ҳам тасдиқлашмоқда. Уларга кўра, Жанубий Кореянинг йирик ширкатларидан бири Ўзбекистон пойтахти марказида ҳашамтали турар жой ва бизнес офислар мажмуасини қуриш учун 500 миллион АҚШ доллари ажратган. Айрим хабарларга кўра, ўша мажмуа Навоий кўчасида чизилиб турган дўконлар орқасидаги катта майдонга қурилиши мумкин.

Ўзбекистон президенти “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, деб эълон қилган 2011 йилнинг дастлабки икки ойи ичида жами пул айланмаси юз миллионлаб АҚШ долларини ташкил этиши айтиладиган Навоий кўчасидаги савдо растараларида савдо қилган ўзбек тадбиркорлари муаммога дуч келаётган бизнеснинг ягона вакиллари эмас.

Хусусан, ўтган ҳафта Тошкентдаги “Комфорт элит” номли йирик мебел дўкони ёпилди.

Бундан ташқари, йил бошидан бери Oxus Gold, Turkuaz, Oriflame каби хорижий ширкатлар Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларидан жабр кўрганларини айтмоқда. Oxus Gold ширкати ҳатто Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитраж судига берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG