Линклар

Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани собиқ ҳокими ўзини oсиб қўйгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси берган хабарга кўра, шу йил феврал ойи ўрталарида катта миқдорда пора олганликда айбланиб, ҳибсга олинган Қобул Фармонов феврал ойи охирларида ўз жонига қасд қилган.


Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева собиқ ҳоким Қобул Фармоновнинг Тошкент шаҳридаги ҳибсхоналардан бирида ўз жонига қасд қилгани, аммо, воқеа айнан қайси ҳибсхонада рўй бергани номаълум қолаётганини айтади.

- Биз икки манбадан олган маълумотга кўра, собиқ ҳоким ҳибсда бўлган чоғида ўзини осиш орқали жонига қасд қилган. Манбаларга кўра, собиқ ҳоким ўз жонига қасд қилишга зўрланган бўлиши ҳам мумкин,- деди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ташкилот ҳозирда собиқ ҳокимнинг сирли ўлими сабабларини аниқлашга уринмоқда. Шу мақсадда ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон расмий идораларига мурожаат қила бошлаган.

- Биз бу ўлим факти бўйича прокуратурага мурожаат ҳозирладик ва бу ҳолат бўйича ўз суриштирувимизни ўтказмоқчимиз. Ҳеч имкон бўлмаса, бу ҳолат бўйича Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳукумат идоралари ҳаракатларини кузати боришга ҳаракат қиламиз,- дейди Елена Урлаева.

Кейинги вақтларда Ўзбекистонда порахўрликда айблаб, ҳокимларни ҳисбга олиш ҳоллари кўпаймоқда.

Урлаева Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Жиззах вилоятидаги сўнгги ҳолатлардан бир нечтасини тилга олар экан, одатан, собиқ ҳокимларга конкрет қандай айб қўйилганини аниқлаш мушкул бўлишини ҳам эътироф этди.

- Биласизми, бу ҳокимга аниқ қандай айб қўйилган бизга номаълум. Лекин кейинги ҳолатлар мисолида олсак ва бу ҳақдаги норасмий манбалар берган маълумотларни инобатга олсак, Қобул Фармонов ҳам катта миқдорда пора олганлик ва бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланган бўлиши мумкин. Аммо, биз бу хусусдаги кузатувларимизни давом эттириш ниятидамиз ва бу маълумотларга ойдинлик киритишга уринамиз, деди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева.

Эслатиш жоиз 2011 йил аввалида Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев ишдан олинган ва норасмий маълумотларга кўра, унинг устидан ҳам бир қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, жиноят иши қўзғатилган эди.

Шунингдек, икки ой муқаддам Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими ҳам пора олаётган кезда ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Ўтган йили эса биргина Самарқанд вилоятида амалдор шахсларга нисбатан мингдан ортиқ жиноий иш қўзғатилган ва президент Каримов бу вилоятда қилган чиқишида вилоятда амалдорлар порахўрлиги ошиб кетганини таъкидлаган эди.

Ўшанда президент мамлакат бўйлаб коррупционер амалдорларга қарши аёвсиз курашилишига ишорат қилган эди.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Юнусобод тумани собиқ ҳокимининг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айблов сабаблари сирасида президент Каримовнинг баёнотларини ҳам эсга олар экан бундай ҳибсларнинг ҳали жамоатчиликка ошкор бўлмаган фожеавий якунлари анча бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG