Линклар

Олмаота анжуманида ўзбек қочқинлари масаласи кўтарилади


Олмаотада қочқинлар ҳимоясига бағишланган халқаро анжуман ўтаётган бир пайтда Олмали туман судида ҳибсхонадаги 29 ўзбек қочқинининг ўзларини Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик хусусидаги аризалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Олмаотада қочқинлар ҳимоясига бағишланган халқаро анжуман ўтаётган бир пайтда Олмали туман судида ҳибсхонадаги 29 ўзбек қочқинининг ўзларини Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик хусусидаги аризалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

15 март куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Марказий Осиёда қочқинлар ҳимояси ва халқаро миграция масалаларига бағишланган минтақавий конференция иш бошлади. Икки кун давом этадиган халқаро анжуманда маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари масаласини кўтармоқчилар.

Сешанба куни Олмаотанинг "Интерконтинентал" меҳмонхонасида иш бошлаган конференция Қозоғистон ҳукумати ва ЕХҲТ кўмагида БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги, Халқаро миграция ташкилоти ва БМТнинг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан уюштирилган бўлиб, унда Марказий Осиёнинг беш давлати, шунингдек, Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Эрон, Россия ва Туркия вакиллари иштирок этади.

Анжуманда қатнашаётган расмийлар, халқаро агентликлар ва фуқаролик жамияти вакиллари чегараларни бошқариш, қочқинлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва миллий озчиликлар интеграцияси, миграция учун қонуний имкониятларни ишлаб чиқиш, одам савдоси олдини олиш, киши савдоси қурбонлари, айниқса, болаларни муҳофаза қилиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.

Аснода анжуманга таклиф қилинган Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя қилиш бўйича халқаро бюроси ходими Денис Живага конференцияда Олмаота ҳибсхонасида сақланаётган 29 ўзбек қочқини масаласини кўтариш ниятида эканини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келаётган 30 дан зиёд ўзбек қочқинини қўлга олганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлардан бир нечтаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, қолган 29 нафари эса тўққиз ойдан буён Олмаота шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланмоқда.

Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини Олмаота шаҳар миграция департаменти ўтган йили рад этганди. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнгида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.

Ҳибсда сақланаётганлар Ўзбекистонда таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилинмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳам бир неча бор баёнотлар тарқатган. Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган тўққиз ой мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан судларга мурожаат қилган ўзбек қочқинлари Қозоғистонда бошпана изловчи шахс мақомини олиш ёки учинчи давлатга чиқиб кетишга умид қилаётгандилар. Эндиликда улар қозоқ расмийларидан, жилла қурса, ўзларини қийноқлар қўлланилиши мумкин бўлган Ўзбекистонга юбормасликни илтимос қилмоқдалар. Ўзбек қочқинларининг бу борадаги шикоят аризаси яқинда Олмали туман суди томонидан қабул қилиб олинган.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларидан бирининг рафиқаси Умида Азимованинг Озодликка айтишича, бугун Олмали туман судида ўзбек қочқинларининг экстрадицияни тўхтатиш борасидаги аризаси кўриб чиқилади. Азимова айни пайтда ҳибсхоналардаги ўзбек қочқинлари кўрсатма бериш учун Олмали туман суди биносига олиб келинганини маълум қилди.

Мазкур маҳкама тафсилотлари ҳақида Озодлик яна кечга яқин, яъни суд ниҳоясига етгач, хабар қилади. Шунингдек, Озодлик Олмаотада қочқинлар ҳимоясига бағишлаб ўтказилаётган халқаро анжуман тафсилотларига ҳам қайтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG