Линклар

logo-print

Cешанба, 15 март куни эрталаб сўнгги тўрт кун ичида учинчи портлаш юз берган "Фукусима-Дайичи" атом электр станциясида ёнғин бошланди. Олинган хабарларга қараганда, станция Тўртинчи реактори биносининг тўртинчи қавати ёнмоқда.


Япония расмийларига кўра, учинчи портлаш ва ундан кейин чиққан ёнғин оқибатида радиация тарқай бошлаган ва электростанция атрофи инсон "саломатлиги учун хавфли" бўлиши мумкин.

Япония бош вазири Наото Кан миллий телевидение орқали олиб кўрсатилган матбуот анжуманида станциядан 30 километр радиусда яшайдиган аҳолини уйлардан ташқарига чиқмасликка чақирди.

Станциядан 20 километр радиусда жойлашган аҳоли пунктларидан одамлар олдинроқ кўчирилган эди.

Бош вазир зарар етган реакторлардан радиация чиқаётганини ва радиоактив заҳарланиш эҳтимоли катта эканлигини очиқ айтди.

Япония бош вазири Наото Каннинг бу баёноти учинчи портлаш юз берганидан сўнг янгради.

Сўнгги 4 кун ичида станциянинг 1, 3 ва 2- реакторларида бирин-кетин 3 портлаш юз берди.

Эндиликда эса, Япония ҳукумати расмийси Юкио Эданога кўра, реакторнинг 4-реакторида ёнғин бошланган.

Станция атрофидаги радиация даражаси шу соатларда ҳаёт учун зарарсиз ҳисобланадиган даражадан 4 марта зиёддир.
Япония маъмурлари "Фукусима-Дайичи" атом электр станцияси реакторларининг ишдан чиққан совитиш тизимини созлашга уринишларини давом эттирмоқда.


Хабар қилинишича, 50 ишчи қизиб кетган реакторларни сув билан совутишга уринмоқда.

Учинчи портлаш олдидан – душанба куни Япония кучли зилзила ва тўфон оқибатида Атом электр станцияларида юз берган авариялар оқибатларини бартараф этишга кўмак кўрсатишини сўраб Атом энергияси халқаро агентлигига мурожаат қилган эди.

Бу ҳақда хабар қилган АЭХА раҳбари Юкия Аманога кўра, Токионинг расмий сўровига биноан агентлик экспертларидан иборат гуруҳни Японияга жўнатиш масаласи ўрганилмоқда.

Айни пайтда зилзила ва тўфондан қурбон бўлганлар тўғрисидаги расмий кўрсаткич 2400 нафарга етди.

Қурбон бўлганларнинг реал сони 10 минг нафардан зиёд экани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG