Линклар

logo-print

Тожикистон сув заҳирасига бой бўлишига ва бу ҳақда мамлакат расмийлари халқаро анжуманларда бот-бот гапириб турганига қарамасдан, республика аҳолисининг 40 фоиздан ортиқроғи тоза ичимлик сувдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг сувдан фойдаланишга оид халқаро анжуманлардан бирида республика табиий бойликларга бой эканини ва бу бойликнинг асосини сув заҳиралари ташкил этишини айтганди.

- Биргина Тожикистон ҳудудида Марказий Осиёдаги дарёлар сувининг 60 фоизини ташкил этадиган сув заҳиралари мавжуд. Чунки Тожикистон ҳудудида 54 миллиард куб метр сув ҳосил бўлади. Бироқ республика бу сувнинг фақат 10 фоизини ўз ички эҳтиёжлар учун ишлатади, холос, - деганди Имомали Раҳмон ўтган йил декабр ойида Афғонистон ва Эрон президентлари билан учрашув чоғида.

Мутахассисларнинг айтишларича, Тожикистон сув заҳирасига бой эканлиги ҳақида бот-бот гапирилаётганига қарамай, мамлакат аҳолисининг 40 фоиздан ортиқроғи тоза ичимлик сувдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

- Дарҳақиқат, Худо бизга шундай бетакрор табиат неъматини берган. Афсуски, мана шу неъмат республикамиз ҳудудида бир хил тақсимланмаган. Масалан, Хўжанд шаҳрини олсак, бу ерда аҳоли ерости сувидан таъминланади. Миқдори етарли, бироқ сифати яхши эмас, мавжуд талабларга жавоб бермайди, - дейди сув заҳиралари бўйича мутахассис Аъзамжон Ҳомидов.

Унинг сўзларига кўра, бутун республикада бўлгани каби вилоятда ҳам ичимлик суви етишмайдиган ёки умуман йўқ бўлган туман ва қишлоқлар бор.

Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туманидаги Янгиқўрғон қишлоғи шулар жумласидандир. Янгиқўрғонликларнинг айтишларича, қишлоқда ичимлик сув жуда танқис бўлиб қолган. Шунинг учун қишлоқ аҳли Ўзбекистондаги олтин корхонасида оқиб чиқаётган сувни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқдалар.

- Қишин-ёзин ичимлик сувининг йўқлигидан азоб тортаяпмиз. Заводдан келиб тушаётган сувни тиндириб, қайнатиб ичаяпмиз. Мана шу сувми ё бошқа нарсаданми - ишқилиб, бир пайтлари булоқларимиздан оқиб турган сув ҳам қуриди. Энди, гапнинг рости, болалар касал, невараларнинг ҳам тоби йўқ, - дейди янгиқўрғонлик Мастура хола.

Айни пайтда ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш йўлини излаган сўғдликлар ота-боболари даврида бўлган, кейинчалик унутилган ҳовузларни қазиш тараддудига тушганлар. Жумладан, Сирдарё қирғоғида яқин жойлашган Спитамен, Конибодом, Бобожон Ғафуров, дарёдан узоқда бўлган Жаббор Расулов, Мастчоҳ туманларидаги қишлоқлар аҳолиси сув муаммосини ҳал этиш учун яна ҳовузлар қазиган. Лекин маҳаллий шифокорлар бу ҳовузлардаги сув қайнатиб ичилмаган тақдирда, юқумли касалликлар келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Мутахассисларнинг эътироф этишларича, 93 фоиз ҳудуди кўп қор тушадиган тоғликлардан иборат Тожикистон ҳақиқатан тоза сув заҳираларига бой мамлакатдир. Лекин иқтисоди оқсоқ давлат бутун мамлакат аҳолисини бирдек тоза ичимлик суви билан таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш имкониятига эга эмас. Соҳа мутахассислари бу муаммони ҳал қилиш учун мамлакатга чет эллик сармоядорларни кўпроқ жалб қилиш лозимлигини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG