Линклар

logo-print

Ўшда қурол қидириш амалиётлари давом этмоқда

  • Шерзод

2010 йилнинг июн ойидаги қонли воқеалардан кейин Ўшдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари қатор маҳаллаларда қурол қидириш амалиётларини ўтказганлар.

2010 йилнинг июн ойидаги қонли воқеалардан кейин Ўшдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари қатор маҳаллаларда қурол қидириш амалиётларини ўтказганлар.

Ўшда 2010 йилнинг июн ойида қўзғатилган жиноят ишлари бўйича хонадонлардан қурол-аслаҳа қидириш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада Озодликка Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси раҳбари Памир Асанов маълум қилди.

Ана шундай тинтув амалиётларидан бири бугун Ўш шаҳрининг Пахта кўчасидаги хонадонлардан бирида ўтказилди.

Пахта кўчасидаги 46-уйида яшовчи Зулфия Ниёзбоева 15 март куни эрталаб соат 9 ларда унинг уйига Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари қурол қидиргани киришганини айтади:

- Ҳозирги моментда мени уйим ичида обиск қилишаяпти. Лекин улар менга тинтув қилиш учун санкцияни кўрсатишмади. Уйимда ҳамма ёқни титиб ташлашди. Ҳозир мина изловчи мосламасини олиб келишга кетишди. Шунинг учун мен Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан аралашишни ва улар милиция ходимлари ҳужжатларини текширишини сўрадим, - деди хонадон бекаси Зулфия Ниёзбоева тинтув пайтида КХШТнинг Ўшдаги вакилларига мурожаат қилганини айтаркан.

Зулфия опа Ўшда 2010 йил қонли воқеаларда жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланаётган “АКТЕД” халқаро ташкилотида ишлайди. Унинг айтишича, тинтув унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эмас.

- Менга уйимда қурол борлигини айтишди. Кимдир мени уйимда қурол борлиги тўғрисида ариза ёзиб берибди. Менга бошқа ҳеч нарса дейишмади, - дейди Зулфия Ниёзбоева.

Биз Зулфия опа билан орадан бироз вақт ўтгач яна боғландик.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, унинг илтимосига кўра келган халқаро ташкилот вакиллари талаби билан Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари уларга тинтув олиб боришга санкция ва ўзларининг ҳужжатларини кўрсатишган.

Тинтув пайтида гувоҳ сифатида иштирок этган Зулфия опанинг маҳалладоши Насибахон Қосимова гапиради:

- Тинтув ўтказишаяпти, қараб турибмиз. Ҳаммаси қонуний бўлаяпти.

Озодлик: Маҳалла-кўйдагиларга қаттиқ тегиш ёки қўпол муносабатда бўлиш бўлмаяптими?

- Йўқ, унақа нарсалар йўқ, яхши муносабатда бўлишаяпти. Ҳаммаси яхши, ўзимиз турибмиз, домком бор, - деди Насибахон Қосимова.

Уйида тинтув ўтказилган Зулфия Ниёзбоеванинг айтишича, милиция ходимлари унинг уйидан ҳеч нарса топа олмаган ва ҳеч нарса топилмагани тўғрисида ҳужжат имзолаб чиқиб кетишган.

Биз Ўшнинг Пахта кўчаси 46-уйида нима учун тинтув ўтказилгани тўғрисида тўлароқ маълумот олиш учун Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Памир Асановга қўнғироқ қилдик.

- У ерда 2010 йилги июн воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширув ўтказилди. Бу нормал тергов жараёнидир. Барча ишлар қонун доирасида, суд санкцияси билан олиб борилди, - деди Памир Асанов.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғига кўра, 2010 йилнинг июн воқеалари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари юзасидан Ўшнинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай текширувлар ўтказилаяпти.

Исмини ошкор қилиниши ва овозини ёзиб олинишини истамаган ўшликлардан бирининг айтишича, бугун Пахта кўчада олиб борилган тинтув яқин атрофда яшовчи аҳоли орасида турли ваҳималарни пайдо қилди. Бунга сўнгги икки ҳафта ичида мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи бир неча ёш йигитнинг милиция томонидан уйидан олиб чиқиб кетилиши ва улардан турли баҳоналар билан пул ундирилаётгани сабаб бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG