Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:13

Ўтунбаева Ўшдаги вазиятдан ташвишда


Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 15 март куни Ўш, Қорасув ва Ўзган шаҳарларидаги вазиятдан хавотирда эканини билдирди. Сешанба кунги баёнотида Ўтунбаева Ўшга Миллий хавфсизлик хизматининг махсус вакили жўнатилганини айтди.

- Бизда вазиятни мураккаблаштирувчи омиллар кўп, аммо мени Ўзган ва Қорасувдаги кескинлашаётган вазият ташвишга солаяпти. Ўзбек аҳолиси орасида: “Қирғизлар бостириб келар экан” деган қаттиқ ваҳима бор. Ўзганда шу муносабат билан одамлар агрессив кайфиятдалар ва жавоб қайтаришга тайёрлар, - деди Ўтунбаева.

Президентга кўра, айни пайтда Ўшга Республика Миллий хавфсизлик хизматининг махсус вакили вазиятни ўрганиш учун жўнатилган. Шунингдек, Ўшга Бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов ва президентнинг ўзи ҳам жўнаб кетиши мумкин.

Ўтунбаеванинг бундай ваҳимали баёнотидан сўнг зудликда Ўш билан боғландик.

Ўзбек миллий маркази президенти Рашид Хўжаев Бишкекдан келган Миллий хавфсизлик хизмати махсус вакили билан биргаликда шаҳар ва шаҳар атрофидаги аҳоли билан учрашганларини, вазиятни таҳлил қилганларини ва ҳозирча ваҳималарга асос йўқлигини айтди:

- Йўқ, бундай ваҳималар йўқ. Мен кеча СНБ вакили билан бирга бўлдим. У билан бирга шаҳар ва шаҳар атрофларидаги Қорасув туманига қарашли қишлоқларни айланиб чиқдик, аҳоли билан учрашдик. Ваҳима йўқ халқ орасида, - деди Рашид Хўжаев.

Қорасув шаҳар ҳокимиятининг исмини айтишимизни ва овозини ёзишимизни истамаган раҳбарларидан бири ҳам қорасувликлар орасида “қирғизлар бостириб келар эмиш” қабилидаги ваҳима йўқлигини билдирди.

Шундан сўнг Ўзганга сим қоқдик. Биз билан суҳбатлашган ўзганликлар халқнинг айрим қисми орасида президент айтгани каби ваҳималар борлигини, лекин ўзлари бу гапларга ишонмасликларини айтдилар:

- Бундай ваҳима ҳозирча йўқ. Албатта, аҳолининг маълум қисми орасида шунақа миш-мишлар бор. Лекин мен бунга ишонмайман. Чунки кўча-куйда, бозорларда ўзбек ва қирғиз аралишиб юрибди. “Сен ўзбексан”, “сен қирғизсан” деган гап йўқ, - дейди ўзганлик биринчи суҳбатдошимиз.

- Бунақа гап биз томонларда йўқ. Мен ўзим ҳам, аёлим ҳам қирғиз қишлоғида қирғизлар билан бирга катта бўлганмиз. Аммо биз мулоқот қиладиган қирғизлар орасида ҳам, ўзбеклар орасида ҳам бундай гаплар йўқ. Лекин бошқа одамларнинг орасида “яна уруш бўлармиш” деган гаплар йўқ эмас,- дейди иккинчи суҳбатдошимиз.

Суҳбатларимиздан қилинган хулоса шу бўлдики, халқнинг бир қисми “президент Ўтунбаева берган баёнотда айтилган гапларга асос йўқ”, деб ҳисобласа, халқнинг муайян қатлами орасида мана шундай ваҳималар бор.

Суҳбатдошларимизга кўра, бундай ваҳимали гапларни мамлакатдаги вазиятни яна беқарорлаштиришдан манфаатдор бўлган кучлар тарқатаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Айни пайтда бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари қирғиз ҳукуматини тезликда миллатлараро муносабатлар масаласида кескин чоралар кўришга чақирмоқдалар. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, нафақат Ўшда, балки мамлакат пойтахти жойлашган шимолий ҳудудларда ҳам миллатлараро муносабатлар кескинлашмоқда ва бу жараённи ҳуқуқ-тартибот ходимлари янада мураккаблаштираяпти:

- Чуй вилояти ҳудудида уюшган жиноятчиликка қарши кураш баҳонасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бошқа миллат вакиллари уйларини тўнаш ёки сохталаштирилган маълумотлар асосида бошқа миллат вакиллари уйидан қурол қидириб, тинтув қилиш ҳолатлари ҳақида бизда бир қатор маълумотлар бор. Бундай ноқонуний ҳаракатлар миллатлараро низони кучайтиришгагина хизмат қилаётир, - деди Қирғизистоннинг шимолий вилоятларида миллатлараро муносабатлар масаласини ўрганмиш 12 та нодавлат ташкилоти номидан гапирган ҳуқуқ фаоли Назгул Турдибекова.
XS
SM
MD
LG