Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

Тожик расмийлари қирғиз президенти иддаосини рад этди


15 март куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоева Тожикистондаги вазиятдан жиддий ташвишда эканини айтганди.
15 март куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоева Тожикистондаги вазиятдан жиддий ташвишда эканини айтганди.

Тожикистон куч ишлатар тизимлари вакиллари Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаеванинг “Тожикистон чегараолди қишлоқларида террористик унсурларнинг жамланаётгани сезилаяпти” деган даъвосида асос йўқлигини айтмоқдалар.


Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот маркази вакили Фаридун Маҳмадалиевнинг айтишича, Қирғизистон раҳбари Роза Ўтунбаеванинг 15 март куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистондаги вазият қалтислигича қолаётгани ҳақида айтган иддаолари асоссиздир.

- Зеро, жорий йил феврал ойида ва 14 март куни Қайроққумда бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон куч ишлатар тизимлари вакиллари Тожикистонда ва чегараолди мавзеларда вазият осойишта эканига амин бўлишган эди. Боз устига, уларга чегара қанчалик мустаҳкам қўриқланаётгани амалда кўрсатилган. Бундан ташқари, Роза Ўтунбаева тилга олган Рашт водийсига боғлиқ вазият ҳақидаги иддаолари ҳам асоссиздир. Чунки Рашт водийсидаги ҳарбий амалиётлар ниҳоясига етган. Террорчи гуруҳлар у ерда йўқ, - деди Фаридун Маҳмадалиев.

Қирғизистон раҳбарининг бу иддаоларини Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ҳам рад этди.

- Агар Қирғизистон раҳбарлари Рашт ва Исфарадаги вазиятни назарда тутиб шундай фикрга келган бўлса, бу гаплар замирида асос йўқ. Чунки Раштда ҳам, республика шимолидаги Исфарада ҳам осойишталик ҳукм сурмоқда. Тожикистоннинг барча чегаралари мустаҳкам қўриқланмоқда ва аҳоли хавфсизлиги таъминланмоқда, - деди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Маҳмадулло Асадуллоев.

Тожик расмийларининг иддаосига кўра, Қирғизистон раҳбарлари биринчи марта шундай асоссиз туҳмат қилаётганлари йўқ. 2010 йилда Қирғизистон жанубидаги воқеаларда қирғиз расмийлари бир неча марта Тожикистонни айблаган эди. Жумладан, Қирғизистон расмийси Қубатбек Байбўлов қонли тўқнашувлар ташкилотчиларидан бири бўлган жуда таниқли сиёсатчи қўлга олинганини билдирган эди. Унинг иддаосича, 100-120 кишидан иборат ҳарбий форма кийган, яхши қуролланган мобил гуруҳлар ҳар икки тарафга - ўзбекларга ҳам, қирғизларга ҳам ўқ отган. Бу фитначилар гуруҳи халқни зўравонликка мажбурлаб, талончилик билан шуғулланган. Байбўлов бу гуруҳ орасида оч-ночор ва пулсиз қолган тожикистонликлар бўлганини даъво қилган эди. Бироқ расмий Душанбе ўз вақтида бу иддаолар юзасидан раддия берганди.

Айни пайтда тожикистонлик таҳлилчилар расмийларнинг мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм сураётгани ҳақидаги фикрларига тўла қўшила олмайдилар. Уларнинг айтишларича, 2010 йил август ойида республика Хавфсизлик қўмитаси вақтинчалик изолятори ва Адлия вазирлиги тергов изоляторидан қочган маҳбуслар ушланмас экан, мамлакатда вазият нотинчлигича қолаверади.

Таҳлилчи Баҳром Шокировнинг сўзларига кўра, жорий йил январ ва феврал ойларида Хўжанд шаҳри ва Истаравшан туманида портловчи ускуна солинган жами учта автомашина зарарсизлантирилган, март ойи бошида Исфарада қуролланган шахс Қирғизистон томон ўтиб кетган.

- Мана шуларнинг ҳаммаси наинки чегарачилар, балки бутун республика куч ишлатар тизимлари сустлигидан далолатдир. Роза Ўтунбаева ҳам Тожикистондаги мана шу вазиятни назарда тутган бўлиши мумкин, - деди Баҳром Шокиров.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларига мувофиқ, 2010 йилнинг сентябр ойида Хўжандда содир этилган портлашдан сўнг 50 дан зиёд киши қўлга олинган. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумонланмоқда.
XS
SM
MD
LG