Линклар

Япония АЭСида вазият кескинлигича қолмоқда


"Фукусима-Дайичи" АЭСида учта портлаш рўй берди.

"Фукусима-Дайичи" АЭСида учта портлаш рўй берди.

Япониядаги "Фукусима-Дайичи" атом электр станциясида вазият кескинлигича қолмоқда. Халқаро атом энергияси агентлиги бу ердаги ҳолатни Чернобил станциясида юз берган ҳалокатдан кейинги вазиятга қиёслаб бўлмаслигини айтмоқда.


Япониядаги "Фукусима-Дайичи" атом электр станциясида радиация фонининг кескин ошганидан кейин эвакуация қилинган ишчилар ўз иш жойларига қайтишди.

Бироқ станцияда вазият кескинлигича қолаяпти. Чоршанба куни станциянинг тўртинчи реакторида ёнғин содир бўлди ва учинчи реакторнинг шикастлангани хабар қилинмоқда.

Ўтган жума кунги зилзиладан сўнг ушбу станцияда уч марта портлаш рўй берди.

Япон расмийлари юзага келган вазиятни бартараф этишда ёрдам сўраб АҚШга мурожаат қилишларини билдиришди.

- "Фукусима-Дайичи" атом электр станциясининг реакторларидан бири шикаст етган бўлиши мумкин. Лекин бу зарар чеклангандир,- деб баёнот берди Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Юкио Амано.

Унинг айтишича, гап станциянинг иккинчи реактори устида кетаяпти ва етган зарарни "5 фоиз", деб баҳолаш мумкин.

Станциядаги вазият тўғрисида гапирар экан, Амано жумладан бундай деди:

- Ядровий чиқиндилар сақлагичида ёнғин бошланганидан кейин радиация тарқалди. Ўтни кўп ўтмай ўчиришди. Ёнғин нимадан чиққани маълум эмас. Балки етарли совутилмагани оқибатидир. Ва мана шу ҳолат радиация тарқалишига сабаб бўлди,- деди Юкио Амано.

Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари фикрича, "Фукусима-Дайичи" атом электр станциясидаги ҳозирги ҳолат ташвиш уйғотмоқда, лекин уни 1986 йили Чернобил станциясида юз берган ҳалокатдан кейинги вазиятга қиёслаб бўлмайди

Айни пайтда Япониянинг зилзиладан шикастланган ҳудудларида қутқариш ишлари давом этаяпти.

Зилзила ва ундан кейин кўтарилган тўфондан нобуд бўлганлар сони расмий маълумотларга кўра, 3600 нафар. Бироқ расмийлар қурбонлар сони 10 минг кишига етиши мумкинлиги, айни пайтда минглаб одам бедарак йўқолганини айтмоқда.

Зилзила оқибатида ярим миллион одам ўз бошпаналаридан ажралди, мамлакатда ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаяпти.
XS
SM
MD
LG